Бугунги кунда дунёдаги ҳар бир ислоҳот ортда қолмасликни, янги билим ва кўникмалар билан қадам ташлашни талаб қилмоқда. Таълим соҳасида эса бу жараён янада масъулиятли. Чунки бугунги ўқувчи эртанги мутахассисдир. Шу боис, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мувофиқлаштириш, касбий таълимни илғор тажрибалар асосида ривожлантириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида ўтказилган “Donor coordination” йиғилишида ҳам айнан шу масалалар юзасидан атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

“Donor coordination” (донорлар фаолиятини мувофиқлаштириш) — бу халқаро ташкилотлар, элчихоналар ва донор институтларининг биргаликдаги фаолиятини мувофиқлаштириш, яъни такрорланишнинг олдини олиш, самарали ресурс тақсимотини таъминлаш ҳамда умумий мақсадларга эришиш учун ҳамкорликни кучайтириш жараёнидир.
Бошқача айтганда, “donor coordination” таълим ёки бошқа соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларда барча ҳамкорларнинг ҳаракатини бир йўналишда уйғунлаштириш вазифасини бажаради.

Тадбирда олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов, Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори Бахтиёр Йўлдошев, ЮНEСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади, хорижий элчихоналар ҳамда халқаро донор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда касбий таълим тизимидаги сўнгги ўзгаришлар, 2025 йил бошидан ҳозирги кунгача амалга оширилган ишлар, таълим сифатини таъминлаш, дуал таълимни ривожлантириш ва ўқитувчилар малакасини ошириш масалалари юзасидан ЮНEСКО, GIZ, Helvetas ва бошқа халқаро ҳамкорларнинг тақдимотлари тингланди.
Муҳокамалар якунида касбий таълим тизимини ривожлантириш, илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш, мунтазам ахборот алмашинуви ва ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА