Андижонда “Ватан меҳри юрагимда” шиори остида “Тўмарис издошлари” республика мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Кейинги йилларда Ички ишлар вазирлиги томонидан тизимда фаолият олиб бораётган хотин-қиз ходималарнинг касбий маҳоратини ошириш, хизмат бурчини, юрт тинчлиги, хавфсизлиги ва жамият барқарорлиги йўлидаги вазифаларни сидқидилдан адо этишларига кўмаклашиш, уларнинг қалбида фидойилик, ҳалоллик, Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, тизимда ўтказилаётган “Тўмарис издошлари” мусобақаси ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан биридир.
[gallery-24621]
Ички ишлар органларида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ва самарали ташкил этиш, жамиятда “Ҳимоячи аёл” образини яратиш мақсадида Андижон вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходималар ўртасида ўтказилган “Тўмарис издошлари” мусобақасининг вилоят босқичида тизим йўналишларида иш олиб бораётган хотин-қизлардан тузилган 5 та жамоа иштирок этди.
Иштирокчи жамоалар белгиланган бешта - “билимдонлик”, “ўқ отиш тайёргарлиги”, “ҳарбий тайёргарлик”, “жисмоний тайёргарлик” шартлари асосида ўзларининг касбий билим, маҳорат ва жисмоний имкониятларини синовдан ўтказди.
Қизиқарли баҳслар асосида ўтган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, “Тўмарис” жамоаси биринчи ўринга сазовор бўлиб, мусобақанинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқни қўлга киритди.
Мусобақада “Матонат” жамоасига иккинчи, “Адолат” жамоасига учинчи ўрин насиб этди.
Ф.Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари