Қарши давлат университетига спорт фаолияти: футбол, волейбол, енгил атлетика, кураш, дзюдо, дизайн: либос ва газламалар, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, рангтасвир: дастгоҳли, мусиқа каби бакалавр таълим йўналишларига 1674 нафар абитуриентлар ҳужжат топширди.
Касбий (ижодий) имтиҳонлар Қарши давлат университетининг марказий стадиони, кураш спорт зали ва санъатшунослик факультети биносида бўлиб ўтди. Ҳар бир йўналиш бўйича абитуриентларнинг ўз салоҳиятини тўлақонли намоён этиши учун барча шароитлар ҳозирланди. Абитуриентларнинг ота-оналари учун салқин кутиш зали ташкил қилиниб, имтиҳон жараёнларини тўғридан-тўғри монитор орқали кузатиш имконияти яратилди.





Ижодий имтиҳонларни адолатли, шаффоф ўтказилишини назорат қилиш мақсадида вазирликнинг масъул вакиллари, университет Коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс – назорат” тизимини бошқариш бўлими томонидан жараёнлар бевосита кузатиб борилди. Синовлар ўтказилган ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш учун ИИБ ҳамда тиббиёт ходимлари жалб этилди. Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида жараёнлар университетнинг имтиҳонларни онлайн кузатиш платформаси орқали жонли эфирга узатилди. Касбий (ижодий) имтиҳонларнинг сўнги кунида спорт фаолияти: футбол таълим йўналиши бўйича 57 нафар абитуриентлар синовларда иштирок этди.
Ўлмас Баротов, ЎзА.