Тошкент вилоятидаги айрим олийгоҳларнинг мавжуд бакалавриат таълим йўналишлари учун касбий (ижодий) имтиҳонлар бўлиб ўтмоқда. Хусусан бугундан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ҳам абитуриентлар мазкур жараёнларда қатнашмоқда.
Бу олий таълим муассасасида касбий (ижодий) имтиҳонлар белгиланган 51 та спорт туридан тасдиқланган аниқ мезонлар асосида қабул қилинади. Уларнинг адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида тегишли спорт федерациялари(ассоциациялари)дан 61 нафар тажрибали мутахассис ва мураббийлар, университетдан 82 нафар профессор-ўқитувчи ҳамда спорт таълим муассасаларидан 48 нафар тажрибали мураббийлар жалб этилган.

Муҳими, бу жараёнда ҳар бир абитуриентнинг иқтидори, жисмоний тайёргарлиги, техник ва тактик кўникмалари холис ва аниқ мезонлар асосида баҳоланиши қатъий назоратга олинган. Имтиҳон натижалари ягона махсус спорт платформаси орқали реал вақт режимида планшетлар ёрдамида киритилади. Ҳар бир абитуриентнинг шахсий натижаси автоматик равишда рўйхатдан ўтказилган мобиль телефон рақамига СМС кўринишида юборилади. Касбий (ижодий) имтиҳонлар 2025 йил 18 июль санасигача мазкур университет ҳамда Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Нукус шаҳридаги спорт иншоотларида ўтказилмоқда.

Шунингдек, Чирчиқ давлат педагогика университетида 2025/2026 ўқув йили учун алоҳида иқтидор талаб қилувчи таълим йўналишларига касбий (ижодий) имтиҳонлар бўлиб ўтмоқда.

Мазкур синовларнинг очиқ, шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида масъуллар томонидан доимий назорат олиб борилмоқда. Имтиҳон ўтказилаётган барча ҳудудлар тўлиқ видеокузатув остида бўлиб, жараённи реал вақт режимида cspu.uz сайти орқали кузатиш имконияти ҳам яратилган. Шунингдек, университет ҳудудида хавфсизликни таъминлаш мақсадида ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилган.
А.Мусаев,ЎзА.