Касбилик пахтакорлар Қашқадарёда биринчи
Қашқадарё вилоятининг Касби тумани пахтакорлари уюшқоқлик билан ҳаракат қилиб, вилоят бўйича биринчилар қаторида шартнома режасини ортиғи билан бажарди.
Қашқадарё вилоятининг Касби тумани пахтакорлари уюшқоқлик билан ҳаракат қилиб, вилоят бўйича биринчилар қаторида шартнома режасини ортиғи билан бажарди.
Жорий мавсумда туманда “Индорама Агро” МЧЖ хорижий корхонаси томонидан 8 минг гектар майдонда 28 минг тонна ва 432 та фермер хўжалигида 10 минг 350 гектар ерда 32 минг 720 тонна ёки туман бўйича жами 18 минг 350 гектар майдонда 60 минг 720 тонна пахта хом ашёси етиштириш кўзда тутилган эди.
Муҳтарам Юртбошимиз томонидан пахтачилик соҳасини ривожлантириш бўйича қабул қилинган фармон ва қарорлар, ҳукумат томонидан берилган имтиёзлар ҳамда пахтакор деҳқонларнинг тинимсиз меҳнатлари ўз самарасини берди. Умид ила ерга чигит қадаган деҳқону фермерлар бугун “оқ олтин”дан улкан хирмон яратиб, ёруғ юз ила, пахта топшириш йиллик режасини ортиғи билан бажарди. Яъни фермер хўжаликлари бугун 33 минг 445 тонналик пахта хирмонини яратиб, пахта топшириш йиллик шартномавий режасини вилоятда биринчилар қаторида бажарди.
Жорий йил қишлоқ хўжалиги учун анчайин машаққатли йил келган бўлса-да, касбилик заҳматкаш пахтакор деҳқонлар меҳнат қийинчиликларидан қўрқмасдан, об-ҳаво инжиқликларига қарамай, қаттиқ меҳнат қилиб, юқори натижаларни қўлга киритмоқда.
Улкан пахта хирмонини яратишда тумандаги “Гуллиев Самандар”, “Сайфулло бобо Рўзиев, “Рашид бобо Саломов”, “Абдуллаев Дилбек Абдуқаҳҳорович”, “Темир ота”, “Шоназар ота Авазмуродов” каби кўплаб илғор пахтакор фермерлар ҳар бир гектар ердан 40-45 центнердан пахта ҳосили олишга эришди.
Бундан ташқари жорий йил пахта ҳосилини нес-нобуд қилмай йиғиштириб олишда мавсумга тайёргарликдаги янгича ёндашулар асосида отрядлар шакллантирилиб, мажбурий меҳнат ва вояга етмаганлар иш кучидан фойдаланишнинг олдини олиш борасида ҳар бир теримчига алоҳида бейджиклар тақдириб, терим даласига киритилиши айни муддао бўлди. Бунинг ҳисобига отряд раҳбарлари томонидан теримчиларни бошқариш ва назорат қилиш осонлашди ва терим мавсуми давомида бу тизим ўзининг самарасини берди.
Туманда жами 361 та пахта терим отряди ташкил этилган бўлиб, 32 мингдан ошиқ маҳаллий теримчилар отрядларга бирикиб, пандемия даврида ўз даромадларига эга бўлиш мақсадида, рўзғорларини бутлаш ва оз муддат ишлаб, йиллик иш стажига эга бўлиш мақсадида пахта териш учун чиқдилар. Пахта йиғим-терими мавсумида юқори кўрсаткичларга эришган ва алоҳида ўрнак кўрсатганлар рағбатлантириб борилди.
Муҳими туманда терилган пахта хом ашёсини пахта қабул қилиш масканларига талафотсиз етказишда 263 та транспорт трактори ва 300 та тиркама техник кўрикдан ўтказилган ва мавсумга шай ҳолатда операторларга топширилган эди. Улар терилган пахтани пешма-пеш ташиб беришда ўзларининг жонбозлик кўрсатмоқда.
Ҳали далаларда пахта мўл. Туман пахтакорлари режани ортиғи билан бажарган бўлишига қарамай, қолган ҳосилни ҳам ёғингарчиликларга қолдирмасдан, нес-нобуд қилмай йиғиб олишга ҳаракат қилмоқда. Улар яна қўшимча 5 минг тонна пахта топшириб, жами пахта хирмонини 65 минг тоннага етказишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
