French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Касбилик деҳқон иссиқхонада банан етиштирмоқда
20:18 / 2026-01-08

Банан ўсимлиги фақатгина экватор атрофидаги иссиқ ва нам иқлимли тропик минтақаларда етиштирилади деб ўйласангиз адашасиз, кейинги йилларда ўзбекистонлик тажрибали деҳқонлар ҳам ушбу цитрус мевани етиштиришнинг ҳадисини ола бошлади. Масалан, Қашқадарё вилояти Касби тумани Жизза қишлоғилик 73 ёшли Тўра бобо Дониёров 10 сотихлик иссиқхонада мана икки йилдирки, банан етиштириб эл дастурхонига етказиб бермоқда.

Ушбу хабар ижтимоий тармоқларда тарқаларкан, қизиқишимиз ортди ва ўша манзил томон шошилдик. 

Юзидан нур ёғилиб турган, Тўра бобо Дониёров бизни қарши олди ва иссиқхонасига чорлади. 

Баландлиги 3,5-4 метр келадиган бананзорни айланар эканмиз бир лаҳза ўзимизни тропик мамлакатларга тушиб қолгандек ҳис қилдик. 

– Ўзим қишлоқ хўжалик соҳасида узоқ йиллар фаолият юритдим, – дейди Тўра бобо. – Пенсияга чиққач, бўш вақтим кўп бўлди. Ўйлаб-ўйлаб 10 сотих жойни қаздириб, ҳовуз қилдирдим ва балиқ етиштиришни йўлга қўйдим. Кўнгилдагидек бўлмади. Кутилган натижани ололмадик. Кейин ҳовузни қуритиб, иссиқхона қурдик ва лимон экдик. Парваришидан адашдик шекилли у ҳам ижобий натижа бермади. Сўнг интернетдан банан етиштириш ҳақидаги роликни кўриб қолдим. Водийлик банан етиштирувчи уста боғбонлар билан боғландим ва икки йил аввал Андижон вилоятининг Булоқбоши туманидан 250 туп банан кўчатини олиб келиб экдим. Натижаси яхши бўлди. 

Уста деҳқоннинг таъкидлашича, иссиқхонада оилавий меҳнат қилинади. Ўтган йили бананлар ҳосилга кириб, кўчатлар орасига экилган бодринг билан биргаликда яхши даромад келтирди. Ҳозирда иссиқхонада 800 тупга яқин банан кўчати баравж ривожланмоқда.

[gallery-27030]

– Банан етиштиришнинг ҳам ўзига яраша меҳнати бор. Мутахассисларнинг тавсияси асосида иш ташкил этилса, кўзланган натижага эришилади, – дейди деҳқон. – Бизнинг шароитимизда ҳар бир туп ниҳол 20-30 килограммгача ҳосил беради. Серқуёш заминимизда етиштирилган банан сифати четдан келтирилганидан устун туради. Шу боис харидори кўп. Ҳосили йиғиштириб олингач, тагидан кесиб ташланади. Ўрнидан икки учта бўлиб кўкариб чиқади ва тез фурсатда баҳайбат бўлиб, ўсиб кетади яъни ниҳоллари тез кўпаяди.

Баланд бўйли ям-яшил бананзор, айниқса, атроф қуп-қуруқ ва совуқ бўлган қиш пайтларида кишига ўзгача баҳорий кайфият улашади, баҳри дилинг очилади.  

“Ҳар куни эрта тонг иссиқхонани бир айланиб чиқсам кун давомида ўзимни енгил ҳис қиламан, кайфиятим кўтарилади”, дея таъкидлайди Тўра бобо.

Дарҳақиқат, у раҳбарлик қилаётган “Тўра Асл Асали” сабзавотчилик фермер хўжалигида турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. Келгусида хўжалик аъзолари бананзорни яна 15 сотихга кенгайтиришни мақсад қилган. Шунингдек, фермер хўжалиги ҳудудида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ҳам экилиб, парваришланмоқда.

Хўжаликда паррандачилик ҳам йўлга қўйилган. Яқинда 5 тоннадaн ортиқ товуқ гўшти маҳаллий бозорларга етказиб берилди. Ҳозирда 6 минг дона бройлер жўжалар парваришланмоқда. Уларнинг белгиланган вазнга етиши учун зарур шароитлар яратилган.

Хуллас оилавий қилинган меҳнат, ўз мевасини бермоқда. Олинган даромад орзу ҳаваслар ижобатига хизмат қилмоқда. 

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари