English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Касбидан ҳаловат топган аёл
18:04 / 2025-12-23

Ҳамкасб ҳақида сўз

– Истаймизми, йўқми, касбимиз бизнинг ҳаётимиз. Масалан, матбуот – менинг ҳаётим. Аслида, мен филология йўналишида эдим. Аммо матбуот менинг ҳаётим мазмунига айланди, – дейди Гулчеҳра Умарова.  

Гулчеҳра опани 1987 йили “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига ишга келган кунимдан таниганман. У қатъиятли, ўз фикрини айта оладиган, чапани, “ушлаган ерини узиб оладиган” қиёфада  эди. Узоқ йиллик ҳамкорликдаги меҳнатимиз борасида амин бўлдимки, у бу ақидага содиқ қолди.  

Бу газета кўплаб зиёлилар ва забардаст қалам аҳлини тарбиялади, кашф этди. Шулардан бири  Гулчеҳра опадир. У томонидан ёзилган ҳар бир мақола, суҳбат, кичик ахборот ва хабарда сўзларни ўта масъулият билан қўллаганига гувоҳ бўласиз.  

Гулчеҳра Умарованинг бир-биридан қизиқ ва ўқишли публицистик ва бадиий материалларини кўп ўқиганмиз. Шу билан бирга дадил, ўктам фикр-мулоҳазалари, кино, театр, мусиқа санъати соҳасидаги муаммоларни ўрганиш асносидаги холис ва асосли журналистик кузатишлари телевидение ва радио эфирларини ҳам ҳаётга яқинлаштирди, айни шу соҳалар ривожига ҳисса қўшди, десак муболаға бўлмайди.

Қутлуғ етмиш ёш остонасида турган, ҳали ҳам меҳнат қилишдан завқ олаётган инсонга эътироф янада куч бериши, шубҳасиз. Мен ҳозир опа билан боғлиқ бир воқеани эслаб, сўз айтгим келди.

Газетада ишлаб юрган пайтлардан бирида Ўктам Мирзаёр, Гулчеҳра опа ва камина газета саҳифаларини санъат асари даражасидаги суратлари билан бойитган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Содиқжон Маҳкамов хонадонига у кишини йўқлаш мақсадида бордик. Камтаргина дастурхон атрофида Ўктам Мирзаёр Содиқ аканинг хотираларини тинглаш асносида бир таклифни айтди. Содиқ аканинг катта ижодий бисоти бор эди. Шу ҳақда китоб ёзиш таклифи илгари сурилди. Содиқ ака: “Мен ёзувчи бўлмасам, оддий сураткаш бўлсам, буни эплай олмайман” деди. Шунда Ўктам ака: “Сиз нимани эсласангиз, шуни қаламга олинг, бу ёғини Гулчеҳрага қўйинг” деб, ҳам топшириқ, ҳам илтимос тариқасида опага юзланди.

Шу сабаб бўлди-ку, Содиқ ака катта дафтарни қўлга олиб бор ўтмишини, хотираларини қаламга олди. Орадан анча вақт ўтди ва у киши дафтарни тўлдирганини ва уни опага етказишни сўради. Қўлёзмани қўлига олган Гулчеҳра опа аввалига бир оз эринчоқ, асабийроқ назар ташлади. Бунга асос ҳам бор эди. Чунки, қўлёзмани ўқиш бир томон бўлса, рус тилида ёзилган хотиралар ҳам талайгина эди. Уни ўқиш, бир йўла таржима қилиш йўлакай таҳрир қилиш ўта мушкул иш эди. Лекин Гулчеҳра опа бу ишни сабр билан, ҳеч кимга миннат қилмай, бир сўм қалам ҳақи олмай холислик билан бажарди. Бу опанинг яна бир ўрнак олса арзигулик фазилатидир.

Яна бир воқеани ёдга олсам. Опа мақола, суҳбат ёзишга узоқ тайёргарлик кўрарди. Ўзбекистон халқ рассоми Жавлон Умарбеков билан суҳбат тайёрлаш жараёни узоқ вақт давом этди. Таҳририятга Жавлон ака кўп қатнади. Асарларидан намуналар олиб келиб опа билан кун бўйи суҳбат қилишарди. Суҳбат якунланиб. бош муҳаррир қўлига етди. Бир куни бош муҳаррир Аҳмаджон Мелибоев опани қабулига чақирди ва суҳбат саҳифага қўйилишига ижозат олинди. Энг яхши материалларга бош муҳаррир учта қўшув белгисини қўярди. Суҳбатга қизил ранг билан шундай белги қўйилди. Гулчеҳра опа материални қўлига олиб. буни болаларча хурсандлик билан байрам қилдики, асти қўяверинг.  

Бу каби хотираларни кўплаб келтириш мумкин. Гулчеҳра опа чин маънода оилапарвар ҳамдир. Рустамжон исмли укаларининг (Оллоҳ раҳматига олсин) оиласига кўмак қўлларини чўзди, жиянларининг ҳаётда ўз ўринларини топиб кетишида тоғдек суянчиқ бўлди.  

Гулчеҳра опа кирган давра файзга тўлади. Бизнинг улар билан оилавий муносабатимиз ҳам бор. Мени ўз укаларидек кўрадилар. Оилавий тадбирларимиз доим ширин хотираларга бой бўлган. Шунчалик яқинлигимиздан синфдош дўстларим, жигарларим Гулчеҳра опанинг телевидениедаги чиқишларини кўриб, менга қўнғироқ қилиб туришади. Бир куни сиҳатгоҳда дам олаётган пайтим. Синфдош дўстим телефон қилди ва салом- аликни қисқа қилиб, тезда “Маънавия ва маърифат” каналига қара, опанг чиқиб зўр гапларни айтяпти, дейди.  

Икки йил аввал йиллар давомида кўплаб нашрларда чоп этилган мақола ва суҳбатлардан ташкил топган “Яхшидир аччиқ ҳақиқат” номли китоб нашр этиб ўқувчиларга тақдим этди. Бу китобга кирмаган бошқа ижод намуналарини жамласа яна бир китоб бўлиши ҳам бор гап. Ижодкордан фақат шундай китоблар қолади.

Гулчеҳра опа кузатувчан ва қизиққон феъл-атвори билан ҳаётдаги ҳар бир воқеа ва ҳодисаларга катта минбардан туриб ўз қарашларини дангал айта оладиган юраги катта, забардаст ижодкордир.  

Бугун муборак 70 ёшни қарши олаётган Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Гулчеҳра опага яхши тилакларимиз кўп. Исми жисмига монанд Гулчеҳра опа гулчеҳралар ичида энг гўзали, энг оқиласи ва энг муҳаббатлиси бўлиб юриш насиб этсин. Матбуотдаги қадамларингиз залворли ва самарали давом этаверсин.

Асрор Сулаймонов, ЎзА