English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Касбидан бахт топаётган аёллар
10:52 / 2022-03-07

Аёл жамиятда фаол бўлиши, мамлакат тараққиётига ўз ҳиссасини қўша олиши бугунги кунда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Аёл оила, рўзғор ташвишларидан ортиб, ўз касбининг мутахассиси бўлса, касбини севса ва ўз соҳаси ортидан минглаб одамларнинг мушкулини осон қилса, аслида аёл учун ҳақиқий бахт мана шу.  

ЎзА мухбири жамиятда фаол, касбини ҳаётининг мазмуни деб биладиган турли соҳа вакилаларининг касб масъулияти ҳақидаги фикрларини ёзиб олди. 

Наргиза Раҳмонова (шифокор): 

– Кечагидек эсимда, ўшанда 13 ёшда эдим. Зомин туман Марказий касалхонаси уйимизга жуда яқин эди. Тез ёрдам машиналарининг овози эшитилиб турарди. Дадам Жиззах вилоят пахта тозалаш заводи директори бўлганлиги сабаб дам олиш кунлари Зоминга бизни кўргани келар эдилар. Июнь ойининг бирида дадам ҳафтанинг ўртасида келдилар. Иситмаси ҳечам тушмабди,  шунга даволанмоқчи бўлган. Иккаламиз касалхонага бордик. Мен учун дадам билан бирга юриш завқли ва фахр эди.  Буни дадам ҳам биларди шекилли ҳар доим ёнларида олиб юрарди. Шу куни уларни юқумли касалликлар бўлимига ётқизишди мен уйга ёлғиз қайтдим. Ўшанда бу дадам билан охирги кўришганим эканини билмаганман. 13 июнь тонгда ҳовлида дадамнинг соғликлари ёмонлиги ҳақида гап кетарди. Секин дарвозадан чиқиб, касалхона томонга югурдим. Касалхонага югурдим. Палатадан дадамни топа олмадим. Палатадаги бемор дадамни  жонлантириш бўлимига олиб ўтишганини айтди. Шунда ҳам нима бўлаётганини тушунмаганман, жонлантириш бўлими олдида қариндошларимиз кутиб турарди. Аввалига шифохона ходимлари мени ичкарига киргизишмади. Қизи эканлигимни билгандан сўнг киришимга аранг рухсат берди. Дадам ҳолсиз, бир аҳволда эди. Охирги гаплари укаларинга қарагин, деб чап юзимдан ўпдилар, ман қотиб қолдим. Шундай вақтда ҳам дадам фарзандларини ўйлаган. 

5 нафар фарзанд етим қолдик... У вақтларда одамлар ҳозиргидай бой, ўзига тўқ эмас эди. Маҳаллаларда хайриялар ёрдам пуллари берадиганлар йўқ эди. Отасини йўқотиш бир хонадонга қанчалар оғир кунлар келтиришини чуқур англаганман. Шунда катта бўлсам, албатта, шифокор бўламан, инсонларнинг ҳаётини асраб қоламан, дея ният қилганман. Мана йиллар ўтиб орзумга эришдим. Шифокорлик ҳаётимнинг бир бўлаги. Касбим билан фахрланаман. Соҳам ортидан келган мақтов ва “отангизга раҳмат” деган сўзлардан ич-ичимдан хурсанд бўламан. 

Дилшода Мустафоева (ўқитувчи): 
 

– Ўқитувчи – минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини жо этадиган, ўқувчиларга ҳаёт мактабини берадиган мўътабар инсон. Мен ҳам мана шундай эзгулик йўлидаги қалбидарё инсонлар қаторида онам раҳматли каби энг шарафли, энг машаққатли касб, яъни ўқитувчилик касбини танлаганман. Онажоним сабаб шу касбга меҳр қўйдим, ўқувчиларга ҳам уларнинг ўгитлари ила бугун таълим ва тарбия бериб келмоқдаман. Ушбу касбга қўйган меҳрим сабаб юксак билимли, замонавий, мустақил фикрлайдиган, интеллектуал етук ўқитувчи бўлиш йўлида изланиб, ҳаракат қилиб келмоқдаман.  

Ҳар бир инсон ҳаётда танлаган ўз касбига етарлича меҳр қўя олмас экан, у инсон касбига садоқат билан хизмат қила олмайди. Аксинча, касбига шунчаки юзаки қараб, куним ўтса бўлди қабилида ишлайверади. Мана шундай айрим касб эгалари қаторида бўлмаслик учун ўз касбимга бутун борлиғимни, меҳримни бахш этганман. Ўқувчиларим ютуқларидан севиниб янаям илҳомланиб, ўз устимда изланаман, уларни ҳам улкан мақсадлар сари ортимдан эргаштириб бораваераман. Ўқитувчи лидер бўла олмас экан, ҳеч қачон ўз ортидан ўқувчини эргаштира олмайди. 

Ўзи ёнадиган ўқитувчигина ҳам “ёнади” ҳам “ёндира” олади! Мен ҳар доим севимли масканим, таълим даргоҳим эшигидан кирар эканман онамнинг қуйидаги сўзларини ёдга оламан: “Қизим ўз касбингни сев, уни ардоқла, касбинг йўлида фидойи бўл, шундагина ўқувчилар меҳрини қозона оласан, шундагина улар сенинг дарсларингни ҳар куни интизор кутадилар”.  

Дарҳақиқат, ўқувчилар ҳар куни дарсингизни интизор кутиши бу ўқитувчининг энг катта ютуғидир, аслида. Зеро, устоз отадек улуғдир. Мана шундай улуғланган касб эгаси эканлигимдан ҳар доим ғурурланаман. 

 

Зироат Комилова (мактаб директори): 

– Шу вақтга қадар турли жойларда, турли лавозимларда ишладим. Бу қисқа тажрибамдан шуни англадимки, педагог ҳаёт мактабининг тўлиқ таҳсилини олиши учун энг яхши мактаб таълим муассасасида раҳбар бўлиб ишлаш экан. Тозалик, тартиб, таълим сифати билан бир қаторда устозлар, ота-оналар, болалар психологияси тўғрисида энг катта сабоқ олар экан инсон. 

Завқ бағишлайдиган жиҳати эса ўқувчиларнинг ижобий натижалари. Мактаб рейтингининг кўтарилиши, эътирофлар, ота-оналар мамнунияти... Буларнинг барчаси кишига ўзгача кайфият бахш этади. Кишини янада ўз устида ишлашга, янада фидойилик билан соҳага ёндашишга чорлайди. Жамиятнинг эртанги келажаклари, бўлажак устунлари мактабларда таҳсил олаяпти. Шунинг учун биз ҳеч қачон эътиборсиз бўлмаслигимиз зарур. Улар учун барча шарт-шароитларни яратиб қўйишимиз, салоҳиятли педагог-кадрлардан таҳсил олишларини таъминлашимиз керак. 

Ўқитувчилик оғир, масъулиятли ва сабр-тоқат талаб қиладиган касб. Ана шундай масъулиятли кадрларни бошқариш эса янада мураккаб. Менга доим зиддиятли, қийин вазифаларни бажариш ёққан. Ҳозирда ҳам бир аёл директор сифатида ўз олдимга қўйган вазифани уддалаб келаётганимдан фахрланаман. Касбимни севаман. 

Мухтасар Қодирова(журналист): 

– Болалигимдан журналистика касбига қизиқишим баланд. Бу соҳани жон-дилим билан яхши кўраман. Одам ўз кабини севса, бажараётган ишларини меҳр билан, қалбдан бажарса чарчоқ нималигини билмайди. Шунинг учун бўлса керак бирор бир мақола ёзиб, режадаги ишларимни бажарсам, чарчаганимни ҳис қилмайман, қайтага янада кучга тўлгандек бўлавераман. 

Бугун ҳаёт шиддат билан ўзгариб, ёшларнинг онги ва қалбини эгаллаш учун турли интилиш ва ҳаракатлар тобора кучайиб бормоқда. Ана шундай мураккаб бир вазиятда миллий ўзлигини, кимнинг, қандай буюк зотларнинг вориси эканини, Ватан туйғусини чуқур англайдиган, иродаси мустаҳкам, юксак маънавиятли ёш авлодгина бизга ёт ва бегона бўлган зарарли таъсир ва оқимларга қарши тура олади. 

Юртдошларимизни, айниқса ёшларни мард, жасур, ватанпарвар умуминсоний қадриятларга содиқ руҳда тарбиялашда ҳиссамни қўшсам дейман. Кўпроқ шу мавзуларни ёритаман. Ҳамма учун ўзининг касби қадрли, албатта. Мен ўз касбимни қадрлайман. Ҳамиша у билан фахрланаман. Касбим билан ифтихорга тўлиб яшайман. 

Бугун очиқлик ҳақида кўп гапирамиз. Лекин қайси тадбирга борсангиз қўлларида рўйхат билан кутиб олишлари мени ажаблантиради. Холислик бор жойда бу каби рўйхатлар керак эмас, деб ўйлайман. 

Фарзандларимда шу соҳага иқтидорни сезаман. Лекин бирортаси бу соҳани танламади. Журналистларга қийин, доим компьютер қаршисида нималарнидир ёзишдан ортмайсиз, мураккаб соҳа дейишади мактабга борадиган ўғилларим. Ҳолбуки мен уларга бу каби мураккабликлар ҳақида гапирмаганман. Мурғак қалби билан оқ қоғозга термулиб ўтирган вақтларимдаги кўнглимдан кечган ўйларни ҳис қилгандир.  

Нима бўлганда ҳам мен бу қийинчиликни умуман сезмайман. Қайтанга завқ оламан. Ўйлайманки, журналистнинг меҳнати ерда қолмайди, у ўз қалами билан кимнидир оғирини енгил қилиш, фидокор халқимиз меҳнатини элга танитиш, кўнгилларга малҳам бўлиш, ҳақиқат учун курашишдан чарчамайди. 


Дилобар Маматова,ЎзА