Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Касбидаги қадимий намозгоҳ қачон қурилганини биласизми?
09:44 / 2024-08-21

Зиёрат манзиллари

Қашқадарё вилоятида жойлашган Касби қишлоғи улуғ авлиёларга макон бўлган. Тарихий манбаларнинг шоҳидлик беришича, Буюк ипак йўлининг бир тармоғи айнан Касби қишлоғидан ўтган ва шу боис қадимдан ушбу манзил шаҳарча мақомида ривожланган. Касби қўрғони ва унинг атрофида кўплаб карвонсаройлар, савдо дўконлари, масжид ва мадрасалар, ҳунармандчилик устахоналари барпо этилган. Айни кунларгача сақланиб қолган Султон Мир Ҳайдар ота мақбараси, унинг ёнидаги кўҳна сардобалар ва Касби қўрғони харобалари бунга яққол далил. 

Булар ҳақида олдинги мақолаларимизда ҳам тўхталиб ўтганмиз. Бу гал ушбу ҳудудга ёндош манзилда шу кунга қадар сақланиб қолган яна бир тарихий обида– қадимий намозгоҳ ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.  

Тўғрироғи, бу намозгоҳ ҳақида асли касби ўқитувчи бўлган, аммо тарихий обидаларга жуда қизиқувчи ва улар ҳақида далиллар тўплаб юрувчи, самарқандлик дўстимиз Акмал Ҳамроевдан эшитиб қолдик.  

Қашқадарёлик бўлатуриб, у ҳақда шу кунга қадар эшитмаганимиздан бир оз истиҳола ҳам қилдик.  

[gallery-18807]

Айтилган манзилга етиб бордик. Атрофи фермер хўжаликлари ерлари сифатида фойдаланилаётган бу қадимий обида экин ерлари ўртасида қолиб кетган. На унга борадиган тузукроқ йўл қолган, на атрофи ўраб олинган. Қисқа қилиб айтганда, йиллар давомида қаровсиз қолдирилган. Шу кунга қадар бу каби тарихий обидаларни муҳофаза қилувчи масъул ташкилотларнинг эътиборсизлигидан ранжидик. Ҳартугул борганимизда бир гуруҳ ургутлик усталарнинг таъмирлаш ишларини бошлаб юборгани кўнглимизга бироз таскинлик берди.  

Усталардан бирини суҳбатга чорладик.  

– Бир неча йиллардан буён шу каби тарихий обидаларни таъмирлаш билан шуғулланамиз, – дейди уста Санжар Остонов. – Бундан олдин Бухорода шундай тарихий зиёратгоҳни таъмирладик. Бу иншоотда ишлатилган ғиштлар биз кўрганларимиздан бошқача ва жуда мустаҳкам. Ҳам шакли катта. Ўз даврининг мустаҳкам иншооти бўлган. Очиғи, биз таъмирлаш жараёнида бинонинг мустаҳкам сақланганини кўриб ҳайратландик. Мутахассислар 14-асрларга оид, деб баҳо беришди. Насиб этса, таъмирдан кейин кўркам манзилга айланади. Атрофи ўраб олинади. Остига ғишт терилади. Томлари ҳам мустакам қилинади. Умри янада узоқ бўлади.  

Шу ерлик аҳоли вакилларининг айтишича, собиқ тузум давридан бошлаб, намозгоҳда намоз ўқиш тўхтатилган. Унгача ҳар сайл байрамлари ва жума кунларида у ерда намоз ўқилган. Кейин қаровсиз қолган. Бир муддат минерал ўғитлар сақлайдиган омбор вазифасини ҳам ўтаган.  

– Бу объект қорахонийлар даврида қурилган, деган тахминлар бор, лекин бу ҳақда аниқ тарихий факт йўқ, – дейди шу ерлик фахрийлардан бири Фармон Арабов. – Ота-боболаримизнинг айтишича, бу жойлар сайлгоҳ бўлган қадимда. Амирлар сайл кунларида шу ерда намоз ўқиган. Атрофда катта бозор бўлган. Касби қишлоғи ҳудудига қарайди. Касби қўрғони билан боғлиқ бу объект. Қалъанинг атрофида, манбаларда айтилишича, 7 та сардоба бўлган. Ҳарбий истеҳком вазифасини бажарган. Унинг остида ер ости йўллари ҳам борлигини ўзимиз кўрганмиз. Ҳозирги кунда ер остида қолиб кетган сардобалардан иккитаси топилди.

Хўш, ушбу намозгоҳ қайси даврга тегишли? Бу бўйича аниқроқ факт ва далилларни излаб кўрдик.  

Маданий мерос агентлигининг расмий сайтида қўйилган хабарга кўра, Қашқадарё вилояти Касби тумани Муғлон қишлоғи ҳудудида жойлашган “Номозгоҳ” масжиди XIV аср ёдгорлиги ҳисобланади.

Ушбу иншоот Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сон қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига архитектура ёдгорлиги сифатида киритилган бўлиб, давлат муҳофазасига олинган.  

Дўстимиз Акмал Ҳамроев ёрдамида қўлга киритган фактларга кўра, ушбу намозгоҳ шайбоний ҳукмдорлардан ҳисобланган Абдуллахон II даврида барпо этилган, яъни 16-асрда.

Таниқли археологлар Маньковская ва Кочневнинг асарларида шундай дейилади: “Касби гавжум аҳоли масканларидан бири сифатида фаолият юритганлигини XVI асрнинг сўнгги чорагида Абдуллахон II ҳукмронлиги даврида Касби шаҳристонидан 1 км  ғарбда маҳобатли намозгоҳ бунёд этилганлиги ҳам кўрсатади  (Маньковская, 1969, с.31-32; Кочнев, 1976, с.53-53)  (.....расм).  

Намозгоҳ масжиди узун тўртбурчакли қилиб қурилган бўлиб, унинг ҳажми 32,4х10 м, бир ўқда анфилада кўринишида жойлашган 5 та гумбазли уч томони очиқ айвон – галереялардан ташкил топган. Меҳроб айвони ўртада жойлашган бўлиб, у бошқа гумбазли айвонлардан   каттароқ қилиб бунёд этилган. Унинг ичида минбар ва бинонинг орқа томонига туртиб чиққан  мураккаб қобирғали меҳроб токчаси мавжуд. Ғарбий деворда ёруғлик тушиши учун туйнуклар қилинган. Шаҳардан намозгоҳ масжидига йўл борган. Бинонинг шарқ томонида томонлари тахминан 130х120 м бўлган, пахса девор билан ўралган каттакон ҳовли, унда иккита ҳовуз ҳам бўлган.  

Ушбу намозгоҳ масжиди нафақат Касби шаҳри ёки атрофдаги қишлоқлар аҳолиси учун, балки бу ерда кейинги асрларгача актив фаолият кўрсатган гавжум савдо йўли устида қурилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Қолаверса, бу карвон йўлининг устида, Касби аркидан 150 м масофада шимоли-шарқда қад ростлаб турган Абдуллахон даврида бунёд этилган улкан сардоба ҳам фикримизни қувватлайди. Маҳаллий кишиларнинг шоҳидлик беришларича, Бухородан келиб бир томони Қаршига, бир томони Амударё бўйидаги Келиф томонга кетган карвон йўллари ХХ асрнинг 50 йилларида ҳам фаолият кўрсатган ва 1960 йиллардан бошлаб турли каналларнинг қазилиши натижасида  амалиётдан чиққан.

Шаҳар Насаф воҳасининг йирик илмий ва маданий марказларидан бири сифатида ҳам шуҳрат қозонган. Тарихда  диний ва дунёвий фанларда Касбавий тахаллуси билан ном қозонган қатор алломалар ва уламолар номлари  маълум...”  

Маълумотлардан кўринадики, ушбу намозгоҳ ўз даврининг муҳташам объекти ҳисобланган. Унда амирлар, хонлар сайил кунларида намоз ўқишган. Ҳофиз Таниш ал-Бухорийнинг “Абдулланома” асарида ҳам Абдуллахон II нинг Касби қўрғонида бироз муддат яшагани, шу ердан туриб душман билан курашиш режаларини тузгани, овларга чиққани ҳақидаги маълумотлар бор.  

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки,  Маньковская ва Кочнев келтирган фактлар ҳақиқатга яқин келади.  

Шундан сўнг Касби қўрғони ёнидан, ер остидан топилган сув сақловчи иншоотни бориб кўрдик. Унинг тарихи қўрғоннинг қурилиши билан боғлиқ. Шу ерлик аҳоли вакилларининг айтишича, қўрғон атрофида бу каби 7 та сув сақлаш иншооти бўлган ва улар ер остидан бир-бири билан қувурлар орқали боғланган. Ҳар бир ҳовузга сувлар оқиб ўтганда тиниган ва тоза ичимлик сувига айланган.  

Хуллас, қадимий Касби қўрғони ва унинг атрофида мангуликка дахлдор бўлган кўплаб сир-синоатга бой тарих кўмилган ётибди. Афсуски ,уларни ўрганиш, тадқиқ қилиш, қазиш ишларини олиб бориш бўйича ҳали бери бирор кўзга кўринадиган иш қилинмаган. Улар ўрганишга муҳтож.  

Ўйлаймизки, келгусида ушбу тарихий объектларда ҳам археологик изланишлар олиб борилади ва яширин тарих ойдинлашади. Натижада қадимда шаҳристон мақомини олган Касби қўрғони қайта ўзлигини намоён қилиб, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни ўз бағрига чорлайди.  

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),  

ЎзА мухбирлари