Касбга йўналтирилган адабиётлар – давр талаби
Ҳозирги глобаллашув шароитида олий маълумотли кадрларни тайёрлашда ўқув адабиётларининг сифатига эътибор қаратиш ўта муҳим масалалардан бири ҳисобланади.
Қарор ва ижро
Ҳозирги глобаллашув шароитида олий маълумотли кадрларни тайёрлашда ўқув адабиётларининг сифатига эътибор қаратиш ўта муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, битирувчиларнинг мутахассислик бўйича замонавий билим ва кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилади. Нисбатан қисқа муддатда талабаларни фанлар юзасидан таянч билимлар билан таъминлаш, уларнинг турли фанлардан пухта билим олишлари учун шарт-шароит яратиш бугунги куннинг зарурий талабидир.
Сир эмаски, талаба асосан ўзи танлаган йўналишнинг мутахассислик фанларига кўпроқ қизиқади, уларни чуқурроқ ўзлаштиришга интилади. Аммо, таълимдан пировард натижа фақатгина тор йўналиш мутахассислари эмас, балки жамиятга кўп томонлама фойдаси тегадиган зиёли инсон, етук кадрлар етказиб бериш эканлиги ҳисобга олинса, уларга ўз касбига қўшимча зарур фанларни ҳам чуқур ўргатиш, талабаларда ижодий, мустақил ва таҳлилий-танқидий фикрлаш қобилиятини, олган билимларини ўз соҳасида қўллай олиш кўникмаларини шакллантириш муҳимлиги англашилади.
Маълумки, моҳир педагоглар маъруза ёки амалий машғулотлар чоғида талабаларнинг қизиқишларини инобатга олиб, масалага ижодий ёндашувни шакллантириш баробарида, ўзлаштирган билим ва кўникмаларини амалиётда қўллай олиш малакасини сингдиришга ҳаракат қиладилар. Муайян таълим йўналиши бўйича билим олаётган талабага мутахассисликдан ташқари фанларни ўқитишда бу фанларнинг ўзаро муносабатига, ўқитилаётган фаннинг ўша касб йўналган соҳага нечоғлик татбиқ этилишига жиддий эътибор берилмаётганлигини кўришимиз мумкин. Бакалавриат таълим йўналишларида ўқитилаётган умумий фанларнинг бир хилда ўқитилиши мазкур фаннинг бўлажак кадр касбий фаолиятида қай даражада керак бўлишини прогноз қилиш имконини бермайди. Шунинг сабабли фанни талабалар чуқурроқ ўзлаштиришлари учун уни касбга йўналтирган ҳолда ўқитиш мақсадга мувофиқдир.
Асосий масала ўқув машғулотлари чоғида нафақат оддий ахборот бериш, балки профессор-ўқитувчилар томонидан касбий компетенцияларни эгаллашга кўмаклашадиган билимлар беришга эътибор қаратилиши зарур. Шунингдек, муҳокама қилинаётган масала, муаммо, ўрганилаётган мавзу талабалар танлаган касбга мос бўлиши, уларнинг мустақил фикр билдиришларига имкон бериши, талабаларни ўйлашга, фикрлашга ундаши, касбга йўналтирилган дарс муҳим белгиларидан саналади.
Мисол учун, математикани бошқа йўналишларга ўқитиш бўйича икки хил қараш мавжуд. Бир томондан, математикага алоҳида мустақил фан сифатида қаралса, иккинчи томондан математика – бу бошқа фанларни ўрганишда восита эканлиги, уни ўрганиш зарурлиги таъкидланмоқда. Албатта, математика алоҳида дунёқараш талаб этадиган фан, лекин иқтисодчи мутахассислар учун математикани ўрганиш бу – ускуна, таҳлиллар, бошқаришни режалаштириш ва ташкиллаштириш воситаларини билишдан иборат. Олий математикадан жуда кўп дарсликлар, масалалар тўпламлари мавжуд бўлгани ҳолда, махсус йўналишлар, хусусан, иқтисод йўналиши бўйича таълим олаётган талабалар учун олий математика масалаларини иқтисодга қаратиб ечишга ўргатадиган, шундай кўникма ҳосил қиладиган ўзбек тилидаги китобларнинг камлиги сезилиб туради.
Нафсиламрини айтганда, ўтилаётган дарс касбга йўналтирилган бўлиб, шунга мос ўқув адабиёти ҳам яратилган бўлса, математика ёрдамида иқтисоддаги масалаларини ечишга, иқтисодий масалаларнинг математик моделини ясашга, иқтисодни оптимал бошқарув масалаларини, истеъмолчиларнинг эҳтиёжлари назариясини ва бошқа масалаларни талабага етказиш мумкин. Иқтисодчи бўладиган талаба бундай дарсга қизиқиши аниқ, у бу дарс математика фани эмас, иқтисод фанларидан бири эканлигига тўла қўшилади. Натижада талабаларни математика фанини ўрганишга қизиқишини кенгайтириш, мустақил равишда масалалар ечишдаги фаоллигини ошириш, олий математика уларнинг келгуси касбий фаолиятининг ҳар қадамида керак эканлигини тушунтириш имкони яратилади.
Шу тариқа маълум фаолият, жараён ёки муносабатлар мазмунини ёритиш, уларни тўғри ечиш, самарали ва оқилона иш юритишга доир кўникма, малака ҳамда сифатларни ўзлаштириш мақсадида ташкил этиладиган касбга йўналтирилган дарслар талабанинг танланган фанни чуқур ўрганишига асос бўлади. Демак, математика фанини барча йўналишларда муайян фаолият йўналишида малакани шакллантириш ва ривожлантириш воситаси сифатида ўқитиш талабаларнинг келгуси касбий фаолиятида катта аҳамият касб этади.
Самарқанд давлат университетида 2017 йилдан бошлаб барча таълим йўналишларида деярли бир хил дастур билан ўқитилиб келинаётган математика, информатика, физика, экология ва бошқа шу каби фанлар учун ҳар бир таълим йўналиши мутахассислигидан келиб чиққан ҳолда, шу таълим йўналишида касбга йўналтириш кўникмаларини берадиган юқоридаги фанлардан дастурлар ишлаб чиқиш ва шу дастурлар асосида касбга йўналтирилган ўқув қўлланмалари ва дарсликлар яратиш вазифаси қўйилган эди. Ана шу вазифани амалга ошириш мақсадида 2017-2018 йилларда Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари томонидан 23 номдаги касбга йўналтирилган ўқув қўлланмалари яратилди. Ўқув қўлланмаларига мамлакатимиз етакчи олимларининг экспертиза хулосалари асосида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан нашр рухсатномалари тақдим этилди ва адабиётлар чоп этилди.
Хусусан, математика факультети олимлари томонидан нашр этилган олий математика (иқтисодчилар учун амалий машғулотлар), математика (биологлар учун амалий машғулотлар), математика (тарих таълим йўналишлари учун амалий машғулотлар), аналитик геометрия (физиклар учун амалий машғулотлар), ҳисоблаш усуллари (механика йўналиши учун), дифференциал тенгламалар (физика йўналиши учун), математика (гуманитар йўналишлар учун) каби касбга йўналтирилган ўқув қўлланмалари талабаларга мазкур фанларни чуқур ўзлаштиришда, ўқитувчиларга эса машғулотларни самарали ташкил этишда ниҳоятда қўл келмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 7 майдаги «Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда шу қарорга 1-илова «Ўзбекистон Республикасида математика фанлари бўйича таълим сифатини яхшилаш, илмий тадқиқотларнинг натижадорлиги ва амалий аҳамиятини оширишнинг мақсадли дастури»да 2023 йилгача бўлган даврда математика фани ва унинг таълимини ривожлантиришининг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Ушбу дастурнинг 14-бандида математик таълимда фанлараро интеграцияни таъминлаш мақсадида бакалавриат таълим йўналишлари битирувчиларининг муайян аниқ соҳаларда амалий масалаларни ечиш кўникмаларини ривожлантириш учун таълим дастурларини фанлар (йўналишлар)аро интегратив принцип асосида ихтисослаштирилган тартибда ишлаб чиқиш ва жорий этиш вазифаси қўйилган. Шунингдек, дастурнинг 19-бандида математика фани бўйича ўқув адабиётлари (дарсликлар)ни турли дастурлар ва умумий методологик асосда ҳамда замонавий ахборот технологиялари воситалари ёрдамида тушунтирувчи реал мисоллар, график материаллар асосида тайёрлаш вазифалари белгилаб берилган.
Самарқанд давлат университетида касбга йўналтирилган 23 номдаги ўқув қўлланмаларининг нашр қилинганлиги, аввало, дастурда келтирилган вазифалар биринчи босқичи бажарилганлигининг амалий ифодаси бўлса, иккинчи томондан, дастурни тўлиқ амалга ошириш учун барча умумий фанлардан, ҳар бир таълим йўналишига мос фан дастурларини ишлаб чиқиш, шу асосда ҳар бир таълим йўналишининг ўқув адабиётларига бўлган эҳтиёжини тўла қоплайдиган дарсликлар яратиш мажбуриятини қўяди.
Аҳмаджон Солеев,
Самарқанд Давлат университети
ўқув ишлари бўйича проректори