Орамиздаги замондошларимиз
Ижтимоий тармоқларда Навоий вилояти Хатирчи туманида жойлашган тоғли Лангар қўрғони ҳудудида кучли қор ёққани, шундай оғир об-ҳаво шароитига қарамасдан ўқитувчининг дарс ўтиш учун қор оралаб мактаб сари йўл олгани акс этган видео тарқалди.
Бу видео минглаб инсонларни бефарқ қолдирмади. Қалин қорни кечиб, тоғли ҳудуддаги қишлоқ йўлидан мактаб сари шошаётган ўқитувчи аёлнинг ҳар бир қадами оддий ҳаракат эмас, балки касбига бўлган садоқат, ўз бурчи ва виждонига содиқлик ифодаси эди.
Қор қалин, йўл оғир. Аммо шу шароитда ҳам у мактабга қараб интиляпти. Чунки уни у ерда кутган ўқувчилар бор. Бу ўқитувчи – Лангар маҳалласида жойлашган 58-умумтаълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси Муяссар Мамадалиева.

Муяссар опа 33 йилдан буён шу таълим даргоҳида тарих фанидан сабоқ бериб келмоқда. У олий тоифали ўқитувчи, тарих фанидан миллий сертификат соҳиби. Аммо унинг энг катта ютуғи унвон ёки гувоҳнома эмас, ўнлаб йиллар давомида қалбларга билим уруғини сепиб келаётган садоқатидир.
У 1975 йил 19 январь куни Хатирчи туманининг Лангар қўрғонида туғилган. Оддий меҳнаткаш оилада ўсган: отаси фабрикада ишчи, онаси эса тиббиёт муассасасида кичик тиббиёт ходими бўлган. Ана шу соф ва ҳалол муҳит уни илмга, таълимга етаклади. Мактабни тугатгач, Муяссар Мамадалиева Тошкент давлат университетининг тарих факультетига ўқишга кирди. Сиртдан таҳсил олган бўлса-да, у ўз мактабида дарс беришни ҳаётининг мазмунига айлантирди.
– Ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам ўқувчиларга таълим-тарбия бериш биз ўқитувчиларнинг вазифаси, – дейди у. – Қорли кун ҳам дарсим бор эди. Қор қалин бўлса-да, мендан олдин кетган одамлар изидан мактабга йўл олдим. Видео олинганини кейин билдим.
Бу гапларда ортиқча даъво йўқ. Оддийлик бор. Аммо айнан шу оддийлик ортида улкан маънавий куч, касбга бўлган юксак ҳурмат мужассам.
Муяссар опа турмуш ўртоғи Музаффар Икромов билан бир мактабда фаолият юритади. У физика ва информатика фанларидан дарс беради. Улар тўрт нафар фарзандни вояга етказмоқда: бир ўғил, уч қиз. Фарзандларининг 3 нафари олий маълумотли, турли соҳаларда фаолият олиб бормоқда. Кичик қизи эса ҳозир 8-синф ўқувчиси.
Қор оралаб мактабга кетган ўша қадамлар – бу фақат бир ўқитувчининг йўли эмас. Бу таълимга ишонч, келажакка садоқат йўли. Бундай устозлар бор экан, ҳар қандай совуқни, ҳар қандай қийинчиликни илмнинг иссиқ нури енгади.
Албатта, ўқитувчилик касби ҳам машаққатли, ҳам шарафли касблардан биридир. Уни севган, қадрлаган ўқитувчи борки, ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам ўқувчиларга сабоқ беришга шошади. Унга йўлнинг машаққати қизиқ эмас.
Муяссар Мамадалиева каби ўқитувчилар эса жамиятимизнинг чин қаҳрамонларидир. Улар камера учун эмас, виждони учун яшайди ва меҳнат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири