Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Касбга меҳр уйғотиб
14:35 / 2024-05-08

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан ташкил этилган “Уч авлод учрашуви” тадбири эзгу мақсадлар учун хизмат қилса ажаб эмас. Тадбирга узоқ йиллар адлия тизимида фаолият юритган фахрий ҳуқуқшунослар таклиф этилди.

Шунингдек, учрашувда ҳозирги вақтда адлия органларида фаолият юритаётган ёш ходимлар, юридик техникум ўқувчилари, Гулистон шаҳар ва Мирзаобод туман адлия бўлимига бириктирилган ёшлар иштирок этди. Самимий руҳда ўтган тадбир давомида фахрий устозлар Шавкат Ниёзов, Дилбар Набиева ҳаётий тажрибалари, меҳнат фаолиятидаги қизиқарли воқеалар билан ўртоқлашди. Фахрийлар ёшларга алоҳида мурожаат қилиб, танлаган касбларининг жамият учун аҳамияти, бу касб билан фахрланиш, жамият олдидаги бурчларини шараф билан адо этиш нечоғли муҳим эканини айтиб ўтишди.  

– Мен ибратли ҳар бир инсонни ўзимга устоз деб биламан, – дейди юридик техникум ўқувчиси Фарангиз Саматова. – Бугунги фахрий ҳуқуқшунослар тимсолида ҳам меҳрибон ва тажрибали устозларни кўрдим, уларнинг босиб ўтган йўллари менда ҳавас уйғотди, ҳуқуқшунослик касбига бўлган меҳрим ортди.  

Дилга яқин суҳбатлар Гулистон ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқувчилари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар билан янада файзли бўлди. “Уч авлод учрашуви” ёшларни юрт тараққиётига дахлдорлик ҳисси билан яшаш, ҳуқуқшунослик касбига меҳр уйғотишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Энг муҳими, ёшлар ўзлари учун янги мақсад ва марраларни белгилаб олди. Тадбир сўнггида фахрийларга эҳтиром кўрсатилиб, совғалар улашилди.  

Ш.Суяров, ЎзА мухбири.