Жиззах вилояти Мирзачўл агросаноат техникумида ташкил этилган “Касб ва ёшлар” фестивалида тумандаги умумтаълим мактабларининг битирувчи синф ўқувчилари иштирок этди.
Фестиваль доирасида ўтказилган “Очиқ эшиклар куни”да иштирокчилар техникумдаги таълим жараёни, мавжуд йўналишлар, яратилган шароит ва имкониятлар билан яқиндан танишишди, ўзларини қизиқтирган саволларга малакали мутахассислардан батафсил жавоблар олиш имконига эга бўлишди.
2025–2026 ўқув йилидан бошлаб техникумда 9-синф битирувчилари учун ахборот воситалари машиналари ва компьютер тармоқлари, рақамли ахборотларни қайта ишлаш устаси, агробизнес ва маркетинг агенти, енгил саноат технологик жараён назоратчиси йўналишлари бўйича кундузги ва дуал таълим шаклида ўқиш имкониятлари яратилди.
[gallery-23288]
11-синф битирувчилари эса компьютер инжиниринги, автомобиль транспортига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш каби йўналишларда кундузги таълимда ўқишлари , шунингдек, улар сиртқи таълим шаклида кутубхонашунослик, библиография ва мактабгача таълим услубчиси каби йўналишларда таҳсил олишлари мумкин. Бундан ташқари, дуал таълим асосида мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси, фермер хўжалигини бошқариш, енгил саноат буюмлари конструкцияси ва технологияси, мактабгача таълим ташкилоти услубчиси каби касбларни эгалласа бўлади.
– Техникумимиз 2020 йилда ўз фаолиятини бошлаган эди, – дейди ушбу таълим муассасаси директорининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Муроджон Хундибоев. – Шу вақтгача 600 дан зиёд битирувчининг 400 нафардан ортиғи суҳбат асосида олий таълим муассасаларига қабул қилинганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Бу йил Президентимизнинг ташаббуслари билан илк бор 9-синф битирувчиларини ҳам танлов асосида қабул қилишни бошлаймиз. Техникумимизда замонавий таълим олиш учун барча шароит яратилган. Қўшни туманлардан келиб ўқиш истагида бўлганлар учун 60 ўринли, таъмирдан чиқарилган, барча қулайликларга эга замонавий ётоқхонамиз бор.
Фестиваль якунида ёшлар техникумда яратилган шароит ва имкониятлар билан ҳар томонлама танишди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари