Касб танлашда адашманг!
Наманганда таълим ва мутахассислик халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.
Наманганда таълим ва мутахассислик халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Савдо-саноат палатаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва бошқа қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмага уюшмаган ёшлар, ўқувчи-талабалар, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари, ўқув муассасалари вакиллари жалб этилди.
Иштирокчиларга мамлакатимиз, шунингдек, АҚШ, Хитой, Германия, Латвия, Чехия, Англия, Малайзия, Венгрия, Канада, Сингапур, Жанубий Корея, Туркия каби давлатларнинг нуфузли олий ўқув юртлари ва уларнинг Ўзбекистондаги филиаллари, хорижда таълим олишга кўмаклашувчи ташкилотлар, нодавлат таълим муассасалари ҳамда ўқув курсларининг таълим ва бандлик йўналишидаги имкониятлари намойиш этилди.
– Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад ёшларни мамлакатимиз ҳамда дунёдаги етакчи олий таълим муассасаларида мавжуд касб ва мутахассислик йўналишлари билан таништириш, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси А.Мўминов. – Шунингдек, уларнинг касб танлашига кўмаклашиш, бўш иш ўринлари ҳақида маълумот бериш, таълим соҳасида ёшлар учун яратилаётган имкониятларни тарғиб қилишдан иборат. Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳам илм-маърифатга алоҳида урғу берилди ва шунга мувофиқ, ёшларга оид давлат сиёсати доирасидаги ишларимизда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш энг муҳим вазифамиз бўлиб қолади.
Тадбирда ёшларга республикамиз ва хорижий ўқув юртларида мавжуд мутахассисликлар бўйича таълим олиш имкониятлари, қўшимча ҳунар ўрганиш ёки малака ошириш истагида бўлган ёшларга мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган ўқув марказлари ҳамда улардаги мавжуд йўналишлар, шунингдек, мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумот берилди. Иштирокчилар ўқув юртлари учун ишлаб чиқарилган жиҳозлар, техник воситалар, ўқув-услубий адабиётлар, мебеллар ва компьютерлаштиришнинг энг сўнгги ютуқлари билан таништирилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги марказлар томонидан ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ахборот технологиялари соҳасидаги билимларини ошириш ва хорижий тилларни ўргатишга қаратилган бепул тўгарак ва ўқув курсларида таълим олиш тўғрисидаги тақдимотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.