Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Касб касаллиги тасдиқланган беморлар ҳар йили бепул даволаниш ҳуқуқига эга
11:14 / 2023-11-07

Касб касалликлари ёмон меҳнат шароитлари ва касбга алоқадор зарарларнинг организмга таъсири натижасида пайдо бўладиган касалликлар ҳисобланиб, бу каби касалликнинг кечиши унга сабаб бўлган зарарли омилларнинг ўзига хослиги, кучи, давомийлиги ва уларнинг биргаликдаги таъсирига боғлиқ.

Касб касалликлари клиникаси республикадаги ягона  ихтисослаштирилган клиника бўлиб, 100 ўринга мослашган. Унда ҳар йили республиканинг барча ҳудудларидан 3 минг нафардан ортиқ бемор даволаниш ва реабилитациядан, 33 минг нафардан ортиқ бемор эса амбулатор  шароитида  текширувдан  ўтказилади. Улар зарарли ва хавфли  омиллар таъсирида фаолият олиб борган 80 дан ортиқ асосий ишлаб  чиқариш  корхоналарининг  ишчиларидир.  

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати маълумотларига кўра, республикада касб касалликларининг олдини олиш меҳнат шароитларини муҳофаза қилиш ва яхшилаш ҳамда тиббий профилактик ёрдам кўрсатиш каби икки йўналишда  олиб  борилмоқда. 

2021-2023 йилларда республиканинг кўплаб ишлаб чиқариш ташкилотлари ишчилари профилактик тиббий кўрикдан ўтказилган. Сўнгги бир йилдаги ўтказилган тиббий кўрик хулосалари асосида 9 минг 800 нафар ишчи-ходимга ишга яроқлилик экспертиза хулосалари берилган. Аниқланган ташхисларга кўра, 42 фоиз текширилганларга зарур даволаш ва соғломлаштириш тадбирлари режалаштирилган. 2 фоиз стационар, 4 фоиз санаторий-курортларда даволаниш учун юбориш, 4 минг 116 нафар ишчига шифокор назоратида бўлиш, 290 нафар ишчига соғлиғи ҳолатига кўра, енгил ёки хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган бошқа ишга вақтинча ўтказиш  бўйича тавсиялар берилган.  

Касб касаллиги тасдиқланган беморлар санитария-гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот  институти клиникасида диспансер назоратида туради. Улар давлат томонидан ҳимояланган беморлар  гуруҳига  киради  ва  клиникада ҳар йили бепул даволаниш, текшириш ва реабилитациядан ўтиш ҳуқуқига  эга.  

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА