Фарғона вилоятида аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўргатишга муҳим эътибор қаратилмоқда. Вилоятни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш мақсадида жорий йилда 328,5 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Албатта, бунда меҳнат мигрантлари билан ишлаш доимий эътиборда.
– Фарғона шаҳридаги мономарказда хорижда ишлаш мақсадида бўлган 5 минг 485 нафар меҳнат мигрантлари касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш учун жалб қилинган, – дейди Ташқи меҳнат миграцияси Фарғона филиали бош мутахассиси Баҳромжон Ҳайдаров. – Ўтган йили 4 минг нафарга яқин фуқаролар манзилли ва ташкиллаштирилган тартибда хорижий давлатларга ишга юборилди. 15 минг 417 нафар фуқароларга “Ҳаёт ва соғлиқ” суғурта полислари бепул расмийлаштирилди.
Президентимизнинг 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Меҳнат бозорининг самарали механизмларини жорий қилиш, аҳолининг ишчанлик фаоллигини ошириш, камбағал, ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, даромад келтирадиган фаолиятларга жалб этиш орқали бандлигини таъминлашга эътибор қаратиляпти. Шу кунга қадар яшаш манзилларига қайтиб келган 115 минг нафардан ортиқ меҳнат мигрантларининг 100 минг нафарининг бандлиги таъминланди.

Таҳлилларга кўра, жорий йил якунига қадар яна 60 минг нафар хорижда юрган ишсиз фуқаролар яқинлари олдига қайтиши кутилмоқда. Уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича истиқболли чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, тадбиркорликка жалб қилиш, ижарага ер майдони бериш, доимий иш ўринларига жойлаштириш, ўзини ўзи банд қилиш ва касб-ҳунарга ўқитиш, имтиёзли субсидиялар ажратиш билан боғлиқ йўл хариталари ишлаб чиқилди. Бунда, ер олиб, деҳқончилик билан шуғулланиш истагида бўлган, миграциядан қайтиб келадиган 4 минг 628 нафар ёшларга аукцион савдолари орқали ер майдонлари ажратиш орқали даромадини ошириш режалаштирилган.
– Ўттиз ёшга кирдим, – дейди Фарғона тумани Аввал қишлоғидан келган Усмонжон Маҳмудалиев. –Россияга ишга борсам, қўлимда ҳунарим йўқлиги, рус тилида сўзлаша олмаслигим сабабли иш топишда қийинчиликларга дуч келдим. Топиш-тутиш, ётиб –туришда ҳаловат йўқ. Мукаммал ҳунар эгаси бўлмай туриб ўзга юртларда ишлаш қанчалик оғир эканлигини ўз ҳаётимда кўриб, ҳис қилдим. Айни кунда Фарғона шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида рус тилини ўрганиш, сантехника ва пайвандлаш йўналишларида касб-ҳунар эгаси бўлиш учун ўқув-машғулотларга қатнашиб, назарий билимларимни амалиёт билан мустаҳкамлаб келяпман. Энди қаерга бориб ишласам ҳам ўз касбим бўйича қулай шароитларда меҳнат қиламан.
Бу бежиз эмас. Аввало тил ва касб-ҳунар эгаси бўлган ёшлар нафақат Россия, балки, меҳнат шароити, иш ҳақи юқори бўлган ривожланган Европа, Осиё ва Араб давлатларига шартнома асосида ишга жалб этилмоқда. Жорий йилнинг якунига қадар 13 минг нафардан ортиқ фарғоналиклар Жанубий Корея, Германия, Япония, Буюк Британия, Туркия, Канада, Финляндия, Саудия Арабистони каби давлатларга тил билган, малакали касб эгаси сифатида марказлаштирилган тарзда меҳнат миграциясига жўнатилади.

Бу йўналишда малакали мутахассислар тайёрлаш ишларини янада яхшилаш мақсадида Фарғона вилояти ҳокими ташаббуси билан барча туман ва шаҳарларда “Wegweiser” немис тили ва грамматикаси ўргатишга ихтисослашган хусусий ўқув маркази филиаллари учун жой ажратилди. Айни кунда бу ўқув марказлари 60 дан 480 нафаргача бўлган ёшлар қамраб олинган. Жорий йилнинг 3 чорагида уларнинг 200 нафарини Германияга ишлаш учун юбориш кўзда тутиляпти.
Ёшларга тил ва ҳунар ўргатиш, назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш борасидаги иш кўламлари кундан кунга ривожланиб бормоқда. Муҳими, ёшларнинг бу соҳаларда билим олишга бўлган иштиёқи юқори.
– Айни кунда вилоятдаги 33 та ишлаб чиқариш йўналишидаги маҳаллий ва қўшма корхоналар билан касб-ҳунар курсларида ўқиган фуқаролар бандлигини таъминлаш, қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилди, – дейди Фарғона шаҳар “Ишга марҳамат” мономаркази директори Беҳзод Мамажонов. – Асосий мақсадимиз камбағал ва ишсиз аҳолини доимий даромад манбаига эга қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун имкониятлар яратиб бериш. Бунда муайян касб-ҳунар ўрганиш ва малакага эга бўлиш талаб этилади. Шу мақсадда аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари йўлланмаси билан келганлар, “Темир дафтар” “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилганларни касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлиги таъминланяпти. Шу кунларда 1080 нафардан ортиқ фуқаролар касб-ҳунар ва тадбиркорлик курсларига қамраб олинган. Уларнинг 11 нафарини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этади.
Мономарказда фаолият олиб бораётган муҳандис-усталар ҳамда тингловчиларга замонавий билим ва касбий маҳорат сирларини ўргатиш мақсадида Туркиядан келган бир қатор касб усталари томонидан малака ошириш курслари, семинарлар ташкил этилди ва бу жараён давом этмоқда. Мономарказ фуқароларга хорижда малакали меҳнат мигранти сифатида фаолият олиб боришлари учун Ташқи меҳнат миграция агентлиги Фарғона филиали, Россия Федерацияси, Япония, Германия, Корея давлатларига қишлоқ хўжалиги, меҳмонхона хизматчиси ва IT соҳалари учун мутахассислар тайёрлаш бўйича немис, рус, япон, корейс тили ўқитилиб келинмоқда. Ҳозирги кунга қадар, бу йўналишдаги касб-ҳунарларга эга бўлган 347 нафар фуқаролар хорижий давлатларда иш бошлади.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири