Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган мурожаатномасини диққат-эътибор ва катта ҳаяжон билан тинглар эканман, мамлакатимиздаги ислоҳотларда “инсон омили” энг муҳим мезонлардан бири эканлигига яна бир бор амин бўлдим.
Президентимизнинг “Биз Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуришни мақсад қилаяпмиз. Буни Конституцияда мустаҳкамлашимиз керак. Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир”, – дея таъкидлаган фикрлари диққат марказимизда бўлди. Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида имконияти чекланган аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш, касб-таълимни ўргатиш бўйича ижтимоий ёндашувга катта эътибор берилмоқда. “Ишга марҳамат” мономарказида ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзив таълимни ривожлантириш, касб-ҳунар ўрганишлари учун барча шароитларни яратиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, хорижий тил, комьпютер саводхонлиги ва комьпютерда дастурлаш асослари бўйича ўқув курслари ташкил қилинди. Жумладан, ҳозирги кунгача гулчилик селекцияси, тикувчилик қандолотчилик, ёш болалар учун энага, тарбиячиси ёрдамчиси, ошпазлик, пайвандловчи, электрик, аёллар сартароши ва уқаловчи йўналишларида жами 41 нафар ўқувчи битирган, ҳозирги кунда 60 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Шунингдек уларга мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда субсидия ажратиш орқали тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни тизимли равишда амалга оширмоқдамиз.
Мономарказда “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни ҳам кўпроқ жалб этган ҳолда уларга касб-ҳунар ўргатилиб, шу орқали бандлиги таъминланмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз ва банд бўлмаган фуқаролар учун қулайликлар ва имконият яратиш мақсадида олис туманларда қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилган. Ушбу туман филиалларида жами 1316 нафар фуқаролар касб-ҳунар сирларини ўргандилар.
Мурожаатномадан келиб чиққан ҳолда 2023 йилда Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида тингловчилар сонини кўпайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда юқори кўрсатгичларга эришишни мақсад қилдик. Қолаверса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз ва банд бўлмаган фуқаролар, имконияти чекланган фуқароларни касб-ҳунарга ўқитишни янада кучайтирилиши уларни бандлигини таъминлаш орқали оиласига қўшимча даромад келишига шароит яратилади.
Шунингдек, касб-ҳунарнинг аҳамиятини, сир-асрорларини ёшларга ҳам етказиш муҳим ҳисобланади. Мурожаатномада таъкидланганидек, “болаларимиз мактабдан она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқиши зарур. Фарзандларимизни касб-ҳунарларга, санъат ва маданиятга қизиқтиришимиз лозим.” Бундан келиб чиққан ҳолда 2023 йилда мактаб ўқувчиларида касб-ҳунарга оид билим ва кўникмаларни шакллантириш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришни, мономарказ бўйлаб саёҳат уюштиришни, ўқувчиларни касб-ҳунарга қизиқтиришга доир семинар ва давра суҳбатлари ташкил қилишни режалаштирганмиз.
Алихан Умаров
Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат”
мономаркази директори