Пойтахтимизда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “Касб-ҳунарга йўналтириш: барқарор тараққиётнинг ривожланиш калити” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. Онлайн ва офлайн шаклда ўтказилган тадбирда халқаро мутахассислар, жумладан, UNICEF халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Буюк Британия ва Канададан мутахассислар иштирок этди.
Конференциянинг асосий мақсади Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим мактабларида ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, замонавий меҳнат бозори талабларига мос равишда ёшларнинг касбий йўналишини аниқлаш ва ривожлантириш орқали барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётга ҳисса қўшиш ҳамда халқаро тажрибаларни татбиқ этиш ва мактаб психологларининг малакаларини оширишдан иборат.
[gallery-23831]
Мулоқот давомида барқарор тараққиёт мақсадлари доирасида касб-ҳунар таълимининг ўрнини белгилаш, касбий таълимда инновация ва рақамли технологияларни жорий этиш бўйича тажриба алмашиш, меҳнат бозори таҳлили ва прогнозлаш усуллари асосида кадрлар тайёрлаш тизимини шакллантириш ҳамда ёшларни касб танлашга йўналтиришда психологик, педагогик ва ижтимоий ёндашувлар каби масалалар муҳокама қилинди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугун замонавий меҳнат бозорида аграр сектори, ахборот технологиялари (IT) — дастурлаш, веб-дизайн, киберхавфсизлик, қурилиш ва архитектура, туризм ва хизмат кўрсатиш ҳамда энергетика каби йўналишларга талаб юқори. Касбий таълим ривожи эса мамлакатнинг иқтисодий ривожланишида жуда муҳим аҳамият касб этади, ишчи кучи сифатини оширади, ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга тайёрлашга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА