French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Касб-ҳунар таълимидаги ҳамкорлик
16:26 / 2022-09-23

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Швейцариянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Константин Оболенский ҳамда Ўзбекистонда профессионал таълим ва тайёрлов соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватловчи “Support to VET Reforms Project” лойиҳаси вакилларини қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистонда профессионал таълим ва тайёрлов соҳасидаги ишларни янги босқичга кўтариш асосида ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот аввалида вазир А.Тошқулов элчини Швейцария миллий куни байрами билан самимий табриклади. Томонлар ўтган давр мобайнида қилинган амалий ишларга тўхталиб, икки давлат ўртасидаги яқин ҳамкорлик натижалари бир қанча лойиҳалар доирасидаги платформаларда акс этаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, кўпқиррали алоқаларни профессионал таълим соҳасида ҳам мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз борди.

Бугунги кунда юртимиздаги профессионал таълим муассасаларида иқтисодиётнинг турли тармоқлари бўйича ўрта бўғин мутахассислар тайёрлаб келинмоқда. Хусусан, туризм йўналиши бўйича жами 1,5 минг нафардан ортиқ ўқувчи таълим олмоқда.

2022 йилда ушбу йўналишларда жами 989 нафар ўқувчи ўқишни битирди. Амалга оширилган лойиҳалар доирасида танлаб олинган Зомин туризм ва сервис коллежи, Бўстонлиқ туризм ва сервис коллежи ҳамда «Ипак йўли» халқаро туризм университети ҳузуридаги Бухоро туризм ва маданий мерос техникумида туризм йўналиши бўйича 463 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.

– Маълумки, касб-ҳунар таълими Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг ҳозирги босқичида энг муҳим омиллардан биридир, – деди олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов. – Ўзбекистон – демографик жиҳатдан анчайин ёш мамлакат. Шундай экан, ёшларни айнан меҳнат бозорига муносиб тайёрлаш, келгусида лозим бўладиган кўникмаларни бериш ва шу орқали уларнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлаш биз учун катта аҳамиятга эга. Биз Швейцариянинг бу борада кўрсатаётган амалий кўмагини юқори баҳолаймиз.

Ўз навбатида, элчи самимий қабул ва илиқ фикрлар учун миннатдорлик билдириб, йўлга қўйилиши кўзда тутилаётган лойиҳа профессионал таълим соҳасидаги алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишини билдирди ҳамда Ўзбекистон ҳукуматининг бу борадаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётганини эътироф этди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон – Швейцария олий таълим йўналишидаги тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқалари ҳақида ҳам сўз юритилди. Томонлар ҳамкорликдаги натижалар ўтган давр мобайнида кўламли ишлар қилинганидан далолат эканини тасдиқладилар.

Мамлакатлар ҳукуматлари номидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги ўртасида «Ўзбекистонда профессионал таълим ва тайёрлов соҳасидаги ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш лойиҳаси 1-босқич» тўғрисидаги меморандум имзоланди.

К.Оболенский Швейцариянинг дуал таълим тизими билан яқиндан танишиш ва тажриба ошириш имкони борлиги, бу борада ҳам келишувлар олиб боришга тайёр эканини айтди. Бунда ҳамкорликдаги манфаатлар уйғунлиги муҳим аҳамият касб этиши билдирилди.

ЎзА