Нафс куйига учиб, шайтоннинг измига тушган кишини албатта, юзи шувут бўлади. Айниқса, хотин-қизлар ўртасида коррупция ҳолатларининг учраши ташвишланарлидир.
Фарғона вилояти Данғара туманидаги 2-сонли касб-ҳунар мактаби директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган Одина Ҳалимова шундай жирканч ишга қўл урди. У ўзига ишониб топширилган раҳбарлик лавозимини сидқидилдан бажариш, жамоанинг ишончини оқлаш ўрнига турли йўллар орқали даромад топишни ўйлади.
О.Ҳалимова 2017 йилдан Данғара туманидаги собиқ транспорт касб-ҳунар коллежининг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари вазифасида ишлаб келиб, коллежда ташкил этилган педагог ходимларга ўқув ва педагогик юкламаларни тақсимлаш бўйича тарификация комиссияси аъзоси бўлган.
Ўқитувчиларга дарс соатларини тақсимлаш вазифасини бажаргани ҳолда мазкур ваколатидан ўзининг шахсий манфаатлари учун фойдаланиб, коррупцион йўллар билан ноқонуний бойлик орттириб келган.
Директор ўринбосари собиқ коллеж ўқитувчиси С.Усмоновага 2018-2019 ўқув йилида 818 соат ўқув дарс соатларини тақсимлаб берганлик эвазига 2018 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида 400 минг сўм ва такроран 2019-2020 ўқув йилида унга 180 соат қўшимча ўқув дарс соатлари қўшиб бериш эвазига 2019 йилнинг ноябрь ойида 445 минг сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида олади.
Кейинги ўқув йилида эса унинг дарс соатлари камайиб кетган. Иккисини ўртасидаги келишмовчиликнинг охири вой бўлди. Пора сифатида олган пуллардан 500 минг сўмини Данғара туман 2-сон касб-ҳунар мактаби биноси яқинида С.Усмоновага қайтариб бераётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида жиноят устида қўлга тушган.
Жиноят ишлари бўйича Данғара туман суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, қилмишидан пушаймонлиги, уч нафар фарзанди борлиги, аёллиги каби ҳолатлар инобатга олинди. Одина Ҳалимовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “а” банди билан Жиноят кодексининг 45 моддасини қўллаб, 3 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, тўрт йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
М.Сулаймонов, ЎзА