Ҳуқуқий муносабат
Касаначилик ҳунармандларнинг меҳнат шартномалари асосида ёлланиб, ўз уйида ёки яшаш жойида хизмат кўрсатишидир. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига касаначилик ҳам киритилган бўлиб, унинг фаолиятида айрим ўзгаришлар бўлди. Мазкур ўзгаришлар хусусида Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Муҳриддин Шамсиддинов қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Кодекснинг 443-моддасига кўра, касаначилик тузиладиган меҳнат шартномасига мувофиқ жисмоний шахс (касаначи) томонидан ўз яшаш жойи бўйича ёки касаначига ёхуд унинг оила аъзоларига тегишли бўлган ёки касаначи томонидан ижарага олинган бошқа хоналарда иш берувчининг буюртмалари бўйича товарлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш борасида амалга ошириладиган ишдир.
Меҳнат кодексининг 444-моддасида 16 ёшга тўлган жисмоний шахс касаначи бўлиши мумкинлиги белгиланган.
– Қандай ҳолатда касаначиликни қўллашга йўл қўйилади?
– Меҳнат кодексининг 445-моддасига биноан касаначиликни қўллашга, башарти агар касаначи меҳнат шартномасига мувофиқ касаначиликни бажариш учун зарур биноларга, шу жумладан турар жойларга, шунингдек, ишни бажариш учун амалий кўникмаларга эга бўлса ёхуд ишни бажаришга ўқитилган бўлса, йўл қўйилади.
Эътибор бериш керакки, касаначилик амалга ошириладиган турар жойларни яшаш учун мўлжалланмаган жойлар тоифасига ўтказиш талаб этилмайди.
Касаначилик технология жараёни ва бошқа шарт-шароитлар уй шароитларида бутловчи буюмларнинг, ярим тайёр маҳсулотларнинг, маҳсулотларнинг ҳамда ишларнинг айрим турларини ишлаб чиқариш имконини берадиган саноат тармоқларида ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ташкилотлар ҳамда уларнинг буюртмалари бўйича уйда товарлар ишлаб чиқараётган ёки хизмат кўрсатаётган ходимлар ўртасидаги кооперация асосида ташкил этилади.
– Касаначиликда қандай ишларни (хизматларни) бажаришига йўл қўйилмайди?
– Меҳнат кодексининг 445-моддасига биноан касаначининг қуйидагиларни талаб қиладиган ишларни (хизматларни) бажаришига йўл қўйилмайди. Жумладан, қонунчиликда белгиланган фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия (рухсатнома) олишни, уйда куч сарфлаб ишлатиладиган, кўп энергия сарфланадиган ва техник жиҳатдан мураккаб асбоб-ускуналардан, шунингдек, хавфли кимёвий компонентлардан фойдаланишни ҳамда уй шароитларида назорат қилиб бўлмайдиган махсус техника хавфсизлигига риоя этишни.
Яна бир муҳим жиҳати шундаки, касаначилар учун ишларнинг (хизматларнинг) муайян турлари уларнинг амалий кўникмалари ва соғлиғининг ҳолати ҳисобга олинган ҳолда иш берувчи томонидан белгиланади.
– Касаначи билан тузиладиган меҳнат шартномаси қандай шаклда бўлиши керак?
– Меҳнат кодексининг 446-моддасига биноан касаначиликни амалга ошириш учун қабул қилинадиган жисмоний шахс билан иш берувчи ўртасида ёзма шаклда меҳнат шартномаси тузилади.
Касаначига таътиллар бериш, уни ижтимоий суғурта қилиш, унинг пенсия таъминоти шартлари, иш берувчининг буюртмасини бажариш учун касаначи ўз ускунаси, асбоби ва жиҳозидан фойдаланган тақдирда унинг харажатлари ўрнини қоплаш тартиби ва шартлари, иш берувчининг буюртмасини бажариш муносабати билан касаначи фойдаланган энергия, сув, алоқа учун харажатларнинг ўрнини қоплаш (компенсация қилиш) тартиби, касаначи меҳнат шартномасида шартлашилган меҳнат вазифаларини амалга ошириши учун унга берилган ускуна, асбоб ва жиҳозни таъмирлаш юзасидан иш берувчининг мажбуриятлари мавжуд.
– Касаначи иш вақтини ўзи мустақил белгилай оладими?
–Албатта, касаначи ишлаб чиқариш топшириғи ҳажмидан ҳамда меҳнат шартномасида белгиланган бошқа шартлардан келиб чиққан ҳолда ўзи учун иш вақти давомийлигини, иш жадвалини ва тартибини мустақил равишда белгилайди.
Яна бир муҳим қоида шундаки, касаначи иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимлашини инобатга олиб, у бажарган барча иш учун бир ҳисса миқдорда ҳақ тўланади ва унга нисбатан иш вақтидан ташқари, дам олиш кунларида ва ишланмайдиган байрам кунларида, шунингдек тунги вақтда ишлаганлиги учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилмай ди.
– Касаначилик билан шуғулланувчиларга таътил бериладими?
– Ҳа, албатта. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 449-моддасига асосан касаначининг йиллик меҳнат таътили давомийлиги, агар касаначи қонунчиликка, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга ёки меҳнат шартномасига мувофиқ давомийлиги кўпроқ бўлган йиллик меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга бўлмаса, йигирма бир календарь кундан кам бўлиши мумкин эмас. Касаначиларга йиллик меҳнат таътилини бериш вақти ва навбати касаначи билан келишилган ҳолда иш берувчи томонидан тасдиқланган жадвалда белгиланади.
Меҳнат кодексининг 450 моддасига кўра касаначиларнинг ишига, қоида тариқасида, ишбай ҳақ тўланади. Ҳақ тўлаш амалда бажарилган ишлар (хизматлар) учун ёки сифати бўйича белгиланган талабларга жавоб берувчи ишлаб чиқарилган маҳсулот учун амалга оширилади.
Ишлаб чиқариш нормалари ва ишбай нархлар тарафларнинг келишувига кўра тегишли ишлар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ белгиланган нормал иш вақти ҳисобидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Ишбай ҳақ тўланадиган муайян иш учун касаначининг иш ҳақи миқдори иш берувчининг ўз ишлаб чиқаришида банд бўлган ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш шартларига таққосланадиган бўлиши керак.
–Касаначи билан қандай асосларга кўра меҳнат шартномаси бекор бўлиши мумкин?
–Меҳнат кодексининг 451-моддасида назарда тутилган ҳолатларда яъни касаначи билан тузилган меҳнат шартномаси ушбу кодексда назарда тутилган асосларда ва тартибда, шунингдек меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра бекор қилиниши мумкин.
Гулноза Бобоева, ЎзА