Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Касаначилар учун 300 миллион сўмгача имтиёзли давр билан кредит ажратилади
15:28 / 2023-02-24

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23 февралдаги «Касаначиликни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, иш берувчиларга ўзини ўзи банд қилган шахсларни касаначи сифатида жалб қилишга рухсат берилди.

Шунга кўра, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари (19 та) рўйхати тўлдирилди.  

2023 йил 1 мартдан 2026 йил 1 январгача 3 ойдан кўп вақт мобайнида 30 дан ортиқ касаначини жалб қилган ва ишлаб чиқарган маҳсулотлардан олган жами даромаднинг 60 фоизидан кўпни ташкил этган тадбиркорлар учун фойда ва айланмадан олинадиган солиқ 50 фоизга камайтириб ҳисобланади. Ҳамда айрим давлат мулкларидан фойдаланганлик учун ижара тўлови 50 фоиз миқдорда белгиланади.  

Давлат харидлари доирасида тузиладиган шартномаларда буюртмачилар томонидан 50 фоиз олдиндан тўлов амалга оширилади. «Уста-шогирд» мактаблари ўқувчилари ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган тартибда тўлайди.  

Кам таъминланган оилаларга болалар пули ва моддий ёрдам беришда уларнинг касаначилик ёки қишлоқ хўжалигига мавсумий жалб қилинган 6 ойгача бўлган даврда олган даромадлари инобатга олинмайди.  

Қарорга кўра, Касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади. 2023 йил 1 мартдан жамғарма ҳисобидан тадбиркорларга ҳар бир касаначининг дастлабки 3 ой давомидаги фаолияти учун 1 ойлик даромади миқдорида бир марталик субсидия ажратилади.  

Тадбиркорларга 2025 йил 1 январгача касаначилик билан шуғулланаётган ишсиз ва иш қидираётган, ижтимоий дафтарларга киритилган фуқароларга асбоб-ускуналар ва хомашё харид қилиш учун БҲМнинг 30 бараваригача, касаначилик асосида уйда ишлаётган ногиронларнинг иш жойини мослаштириш учун БҲМнинг 40 бараваригача ва касаначиларни касб-ҳунарга ўқитиш учун БҲМнинг 2 бараваригача субсидиялар ажратилади.  

Ҳоким ёрдамчилари тавсияси асосида тадбиркорларга айланма маблағларини тўлдириш учун ҳар бир касаначи учун 2 миллион сўмгача, жами 300 миллион сўмгача йиллик 14 фоиз, 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилгача кредит ажратилади. Жамғарма ҳисобидан ҳар бир касаначи учун 1 миллион сўмгача, жами 150 миллион сўмгача икки йилгача муддатга фоизсиз ссуда ажратилади.  

2023 йил 1 июнгача давлат улуши мавжуд савдо мажмуалари ва деҳқон бозорларида ҳунармандчилик ва касаначилик расталари ташкил этилади.  

ЎзА