Президент ташаббуслари – амалда
Ота-она учун фарзандининг соғлом улғаяётганини кўриш энг муҳим жараён саналади. Аммо ҳаётда шундай синовлар борки, бола туғилган кунданоқ қандайдир дори-дармонга, махсус парҳезга, тиббий жиҳозларга муҳтож бўлиб қолади.
Орфан касалликлари шундай синовлардан биридир. Улар жуда кам учрайди, лекин ҳар бир ҳолат ортида бир бола, бир оила, бир тақдир туради. Шу боис Президент ташаббуси билан Ўзбекистонда бундай болаларга ғамхўрлик давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Энди уларни нафақат даволаш, балки ҳаётини енгиллаштириш, келажакка ишончини оширишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни орфан касалликларига чалинган болаларга тиббий ёрдамни яхшилаш, фармацевтика соҳасидаги ислоҳотларнинг ижроси ҳамда янги лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишган эди.
Мамлакатимизда ирсий ва туғма касалликлар билан туғилишнинг олдини олиш, кам учрайдиган (орфан) касалликларга чалинган болаларга ўз вақтида ташхис қўйиш ва даволашга қаратилган тиббий ҳамда ижтимоий ёрдам тизими йўлга қўйилган. Бугунги кунда 5 турдаги орфан ва ирсий-генетик касалликларга чалинган жами 2174 нафар бола давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул диагностика, дори воситалари ва махсус шифобахш озиқ-овқат билан таъминланмоқда.
Шу билан бирга, диагностика сифатининг яхшиланиши натижасида орфан касалликларнинг янги турлари аниқланмоқда ва даволанишга муҳтож болалар сони ортиб бормоқда. Тақдимотда орфан ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган 2026–2030 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури тўғрисида ахборот берилди.
– Дунё тажрибасида орфан касалликларини давлат ҳисобидан даволаш ёки дори билан таъминлаш камдан-кам ҳолларда учрайди, – деди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова. – Аммо Ўзбекистон 2019 йилда бу мажбуриятни ўз елкасига олиб, дунё мамлакатлари ичида 50 таликка кирди. Кам учрайдиган касалликларни даволаш, диагностика ва реабилитация бўйича Ўзбекистон кейинги саккиз йил ичида жуда муҳим қадамлар қўйди. Кейинги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизими кенг кўламли ва чуқур ислоҳотлар жараёнини кечирмоқда. Бу ўзгаришларнинг асосий мақсади тиббий хизматлар сифатини ошириш ва инсон соғлиғини давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши сифатида белгилашдир. Ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири дори воситалари ва тиббий жиҳозлар айланишини самарали тартибга солишдир. Чунки ушбу тизимнинг шаффофлиги ишонч, бемор хавфсизлиги ва даволаш самарадорлигига бевосита таъсир кўрсатади.
Шу боис аҳолини зарур дори воситалари билан таъминлаш жараёнида ҳар бир препаратнинг сертификатдан ўтгани, халқаро стандартларга мослиги ва дорихоналар тармоғига қонуний йўл билан келгани кафолатланмоқда. Давлат, шунингдек, тиббий ускуналар импорти ва айланмаси устида назоратни кучайтирмоқда.
Мутахассислар фикрича, мамлакатимизда ирсий касалликлар олдини олиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Дунё миқёсида бундай хасталиклар кўпайиб бораётган бир шароитда Ўзбекистон илк ташхис ва генетик скрининг стратегиясини ишлаб чиққани ҳам муҳим аҳамият касб этади. Мақсад орфан касалликларнинг олдини олиш, аҳолини хабардор этиш ва лаборатория тизимини мустаҳкамлашдир.
Давлат раҳбарининг ташаббуси билан диагностика имкониятлари кенгайиб, фан ривожланмоқда. Энг замонавий лабораториялар ташкил этилмоқда. Халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда ва орфан касалликлари диагностикаси янги босқичга кўтарилмоқда.
– Тақдимотда касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича ишлаб чиқилган 2026–2030 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури тўғрисида ахборот берилди, – дедди Элмира Боситхонова. – Эндиликда давлат ҳисобидан даволанадиган касалликлар сони 5 тадан 10 тагача кенгайтирилади. Ёш чегараси эса 18 ёшдан 21 ёшга узайтирилади. Бу дастур орқали болаларни нафақат диагностика қилиш, балки қимматбаҳо дори воситалари билан таъминлаш, ҳаёт сифатини яхшилаш ва реабилитация хизматлари қамровини кенгайтиришга ҳам эришамиз.
Тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналишидир. Шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари катта юклама билан ишлаётган бу шароитда уларнинг меҳнат шароитини яхшилаш, маошини ошириш, касбий ўсишини рағбатлантириш бўйича қатор чоралар кўрилмоқда. Чунки ҳар бир статистика, ҳар бир лойиҳа ва ислоҳот ортида фидокорона меҳнат қилаётган шифокор, фельдшер ва ҳамширалар бор. Шу боис ҳам тақдимотда соҳа вакиллари салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Технологиялар жадал ривожланмоқда. Президентимиз топшириғига кўра, скрининг хизматларини ривожлантириш ва илғор технологиялардан фойдаланиш бўйича ишлар изчил давом этмоқда.
Болалар миллий тиббиёт маркази бўлим бошлиғи Фирдавс Иномов таъкидлашича, тақдимотда кўриб чиқилган энг муҳим масалалардан бири орфан ва бошқа ирсий касалликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлардир. Улар қаторига бугунги кунда кўп учраётган ва глобал муаммога айланган ўткир ости склерозланувчи панэнцефалит касаллигининг ҳам киритилиши ота-оналар учун муҳим янгилик бўлди.
– Ушбу касалликни чет эллик мутахассислар жиддий ўрганишмоқда, – деди Фирдавс Иномов. – Даволаш усуллари ва янги алгоритмлар сони кўпайгани сабабли у орфан касалликлари рўйхатига киритилди. Ҳозирги кунда беморларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ва реабилитация марказлари фаолиятини такомиллаштириш соҳа ривожига катта ҳисса қўшмоқда.
Хулоса шуки, аниқ стратегияси ва пухта дастурларга эга мамлакатгина бундай касалликлар билан самарали кураша олади. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш ва унинг мақсадли кўрсаткичларига эришишда соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларга алоҳида урғу берилгани аҳамиятли.
Ўзбекистон юқори технологияли ускуналарни жорий этмоқда, дори воситалари импортига алоҳида эътибор бермоқда. Зеро, ҳар бир бола жамият, халқ ва мамлакатнинг эртаси.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА