Яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида барча соҳа ва йўналишларда бир қатор устувор мақсад-вазифалар белгилаб берилган.
Хусусан, ёш тадқиқотчиларнинг улушини ошириш, уларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш, яъни 40 ёшгача бўлган тадқиқотчиларнинг улушини камида 60 фоизга етказиш, илмий ташкилот ходимларининг иш ҳақини ўртача 2 баробарга ошириш, стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура, докторантура ҳамда мақсадли докторантура квоталари сонини 5 минг 200 тага етказиш каби қатор вазифалар ўз аксини топган.
Бугун орамизда ўз соҳасида янгиликлар яратаётган, интеллекти баланд ёшлар талайгина. “Ёш олимлар” лойиҳаси орқали тадқиқотлар олиб бораётган ёшларнинг изланишлари билан қизиқдик.
Улардан бири Фанлар академиясининг Математика институти илмий котиби, физика-математика фанлари бўйича фалсафа доктори Собиржон Шойимардонов.
У ўтган йили “Эпидемиологик моделларнинг динамик системалари” мавзусида фалсафа фанлари доктори илмий ишини муваффақиятли ҳимоя қилди.
— Мен асосан бирор бир касалликни тарқалиш моделларини математик жиҳатдан таҳлил қилиш билан шуғулланаман, — дейди С.Шойимардонов. — Бу қандай амалга оширилади, деган савол туғилиши табиий, албатта. Касалликнинг ҳозирги ҳолатидан келажакда қандай ҳолат келиб чиқиши математик асослар билан ўрганилади. Бу параметрларни баҳолаш орқали амалга оширилади. Мисол учун, эпидемия маълум вақтдан кейин йўқолиб кетадими йўқми ёки пандемия эпидемияга айланиши мумкин бўлган ҳолатлар таҳлил қилинади.
Ҳозирги изланишларим, яъни докторлик ишим касалликлар келажагини башорат қилишни математик таҳлил қилишдан иборат.
—Касалликни қандай қилиб олдиндан башорат қилиш мумкин?
— Бунинг учун биологик ёки тиббиётчи олимлар тажрибалари ёрдамида олинган маълумотлар асосида биз модел тузамиз.
Мисол учун, бирон вируснинг инкубацион даври 2-14 кун. Инкубацион даври шу кунларда ўзгарадиган барча ҳолатлар учун аҳолининг касалликка чалиниш ҳолатини таҳлил қиламиз.
— Бу жараён қандай амалга оширилади?
— Коэффициентларга қараб. Агар улар маълум оралиқда ўзгарса, 6 ой ичида барча аҳоли касалликни бошидан кечиради ва уларда иммунитет пайдо бўлади ва биз касалликни енгиб ўтамиз. Мабодо иккинчи тўлқин бошланса, коэффициентлар мана бу оралиқда ўзгарганда кейинги йилнинг қайсидир ойида бизни иккинчи тўлқин кутмоқда, деган прогнозларни математик жиҳатдан таҳлил қилиб берамиз.
— Бу маълумотлар тахминий бўладими ёки асослими?
— Албатта, бу бир нечта параметрларга боғлиқ. Шу сабабли осон бўлмайди. Қанча кўп параметрларни ҳисобга олсак, шунча аниқроқ маълумот бера оламиз.
— Тадқиқотларингиз қаерларда қўлланилмоқда?
—Мисол учун, коронавирус пандемияси бошланган пайтда биз ҳафталик прогнозларни бериб бордик. Шунингдек, баъзи системалар динамикасини ўрганишда олган натижаларимиз ҳамда усулларимиз маҳаллий ва хорижий олимлар томонидан қўлланиб келинмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/5jNJpLIMshk" title="Касаллик тарқалишини қандай қилиб математик таҳлил қилиш мумкин?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Н.Раҳмонова, А.Аҳмедов (видео), ЎзА