Бугунги кунда касаба уюшмаларининг юридик шахс мақомисиз ташкил этилган бўлинмаларини солиқ органларида рўйхатга олиш тартибида уларга идентификация рақамини (СТИР) бериш амалиёти такомиллаштирилмагани кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бу эса ўз навбатида, уларнинг тўлақонли фаолият юритишига тўсиқ бўлмоқда.
Натижада бошланғич касаба уюшмалари ўз аъзоларининг манфаатларидан келиб чиқиб бошқа юридик шахслар билан товар моддий бойликлари ёки хизматларни харид қилиш, йўлланмалар, совғалар, тадбирлар ташкил этиш ва шу каби имкониятларни амалга оширишда қийинчиликларга дуч келмоқда.
Бу ҳақда парламент қуйи палатасининг мажлисида айтиб ўтилди. Унда “Юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмалари ташкилотларининг солиқ муносабатларида аниқ ҳуқуқий мақоми белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 127-моддасига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ташаббускорларнинг таъкидлашича, бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларига СТИР берилган тақдирда уларнинг мустақиллиги таъминланади, эркин ва тўлақонли фаолият юритиши орқали ишчи ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятлари янада кенгаяди.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан савол ва таклифлар берди. Савол-жавобларда қонун лойиҳаси ходимлар манфаатларига хизмат қилиши эътироф этилиб, биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА