Сурхондарё вилоятида 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни байрамини кенг нишонлаш юзасидан тегишли режалар белгилаб олинди. Унга мувофиқ жойларда маънавий-маърифий, саховат тадбирлари ўтказилади.
Термиз шаҳридаги “Афруз” тантаналар саройида “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик” шиори остида ташкил этилган тадбир ҳам ана шу санага бағишланди. Унда вилоят ҳокими Т. Боболов, Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси раиси ўринбосари Т. Бозоров, вилоят секторлари ва бошқарма, муассасалар раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар, уюшма ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда вилояти ҳокими Т.Боболов, Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси раиси ўринбосари Т. Бозоров ва бошқалар барчани байрам билан табриклаб, бугун касаба уюшмалари бундан беш йил олдинги меҳнаткашлар ташкилотидан умумхалқ ташкилотига айланиб бораётгани ҳақида атрофлича сўз юритди. Янги Ўзбекистонни барпо этишда ташаббускорлик намуналарини кўрсатаётгани қайд этилди.
Айни пайтда вилоят касаба уюшмалари ўз сафида 340 мингдан зиёд аъзони бирлаштириб, уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга яқиндан кўмаклашмоқда. Чунки, кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар касаба уюшмаларини аҳолининг ижтимоий ҳимоясига қаратилган ўз мақсади, йўналиши, янгича ёндашув асосида ишлаётган кучли бошқарув тизимига эга ташкилотга айлантирди.
Касаба уюшмаларининг мамлакатимизда “Эл азиз, инсон азиз” шиори асосида меҳнатсевар, заҳматкаш халқимизни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг муносиб меҳнат қилиб, дам олиши, тўкин яшашига алоҳида эътибор қаратаётгани яққол далилдир. Масалан, биргина Сурхондарё вилоятида сўнгги йилларда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш учун “Амударё” соғломлаштириш маркази, “Термиз марвариди”, “Хўжаипок” ҳамда “Сангардак” санаторийлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Сўлим ва замонавий бу масканларда бир йилда ўртача 15 мингга яқин юртдошимиз ҳамда хорижлик меҳмонлар дам олиб, соломатлигини мустаҳкамламоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида касаба уюшмалари кўмаги билан икки мингга яқин ишчи-ходим мамлакатимизнинг машҳур тарихий шаҳарларига саёҳатда бўлиб қайтди. “Аёллар дафтари” тизими орқали 100 мингдан ортиқ хотин-қизнинг турмуш шароитини яхшилаш ва муаммоларини ҳал этишга яқиндан ёрдам берилди.
Воҳада ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш, уларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш, кооперация усулида ҳунармандликни ривожлантириш, келажагимиз эгаларини ёзги оромгоҳларда соғломлаштириш каби йўналишларда ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Соҳа фидойилари шарафланган байрам тадбирида Касаба уюшмалари Федерацияси эълон қилган “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг яхши маҳалла фуқаролар йиғини раиси”, “Энг яхши аёл иш берувчи”, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси”, “Энг яхши ёшлар етакчиси”, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” сингари танловлар ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Бир гуруҳ соҳа ходимлари ва фаол ишчи-хизматчилар вилоят ҳокимининг совғалари билан тақдирланди.
Санъат усталарининг қизиқарли байрам дастури барчага бир олам қувонч бағишлади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА