Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Касаба уюшмалари ташкилотларининг фаолияти тартибга солинади
08:51 / 2025-03-17

Мамлакатимизда касаба уюшмалари ташкилотлари ишининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, касаба уюшмалари ташкилотларининг фаолиятини тартибга солиш мақсадида 2025 йил 10 февралда Вазирлар Маҳкамасининг “Юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмаларининг бўлинмаларини ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларини ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Навоий вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д.Хусанов мухбиримизга мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:

– Мазкур қарор билан юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмаларининг бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларини ҳисобга қўйишда инсон омилини чеклаш, ҳисобга қўйилганлиги ҳақида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган гувоҳнома бериш амалиётини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг реестрини жорий этиш ва юритиш мақсадида Низом тасдиқланди.

Низомга кўра, юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмаларининг бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ўз ихтиёрига кўра адлия органларида ҳисобга қўйилади.

Бўлинма ва бошланғич ташкилотни ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари, Нодавлат нотижорат ташкилотларининг электрон платформаси ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали кўрсатилади.

Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда, Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, Платформа ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилган тақдирда эса, мустақил равишда ушбу Низомга мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон шаклда тўлдиради.

Сўровномага бўлинмани ҳисобга қўйиш учун бўлинмани тузиш, ташкил этиш, фаолиятини тугатиш тартиби, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари назарда тутилган тегишли касаба уюшмаси уставининг нусхаси ёки тегишли касаба уюшмаси уставига мувофиқ ишлаб чиқилган давлат тилидаги бўлинма тўғрисидаги низом, тегишли касаба уюшмаси уставида белгиланган ваколатли раҳбар органнинг бўлинмани ташкил этиш тўғрисидаги баённомаси ёхуд қарори (бунда бўлинманинг раҳбар органлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам кўрсатилади), тегишли касаба уюшмасининг марказий раҳбар органи томонидан бўлинма раҳбарига берилган ишончноманинг нусхаси илова қилинади.

Бошланғич ташкилотни ҳисобга қўйиш учун эса тегишли касаба уюшмаси уставига мувофиқ ишлаб чиқилиб, тасдиқланган давлат тилидаги бошланғич ташкилот тўғрисидаги низом, тегишли касаба уюшмаси аъзоларининг бошланғич ташкилотни ташкил этиш тўғрисидаги баённомаси ёхуд қарори (бунда бошланғич ташкилотнинг раҳбар органлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам кўрсатилади).

Бўлинмани ва бошланғич ташкилотни ҳисобга қўйиш учун йиғим ундирилмайди.

Ариза берувчи Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этганда, унинг сўровномаси марказ ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг, платформа ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса, сўровнома автоматик тарзда рўйхатдан ўтказувчи органга юборилади.

Бўлинма ёки бошланғич ташкилотни ҳисобга қўйиш тўғрисидаги сўровнома рўйхатдан ўтказувчи органга келиб тушган кундан бошлаб 10 иш кунида кўриб чиқилади.

Сўровномани кўриб чиқиш натижалари бўйича рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан бўлинмани ёхуд бошланғич ташкилотни ҳисобга қўйиш ёки ҳисобга қўйишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан бўлинмани ёки бошланғич ташкилотни ҳисобга қўйишни рад этиш тўғрисидаги қарор ёки бўлинма ёхуд бошланғич ташкилотнинг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида мазкур Низомда белгиланган шаклда QR-код (матрик штрихли код) қўйилган гувоҳнома Давлат хизматлари марказига, Платформа ёки ЯИДХП орқали мурожаат этилганда ариза берувчига юборилади.

Рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан ҳисобга қўйилган бўлинмалар ва бошланғич ташкилотлар реестри юритилади.

Энг муҳими, мазкур Низом билан амалиётда юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмаларининг бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан банк ҳисобварақларини очиш билан боғлиқ мавжуд муаммолар ҳал этиладиган бўлди.

Суҳбатни ЎзА мухбири А.Бўриев ёзиб олди.