Касаба уюшмалари кунига бағишланди
Нукусда 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни олдидан мини футбол бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг кўчма кубоги мусобақаси ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг бошланғич касаба уюшмаси томонидан ташкил этилган мусобақада туман бўлимларидан жами 17 та жамоа иштирок этди. Ходимлар нафақат фавқулодда вазиятларда, балки спортда ҳам ўз маҳоратларини намойиш этишди.

Мусобақа якунида яхши натижаларни кўрсатган Мўйнақ, Кегейли ҳамда Чимбой туманлари Фавқулодда вазиятлар бўлимларининг 13-, 7- ҳамда 21-сонли Касблаштирилган ёнғиндан қутқарув қисмлари 1-, 2- ва 3- ўринларни эгаллашди.
Мусобақа ғолибларига ташкилотчилар томонидан кубок ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири