Меҳнаткашлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ишчи-ходимлар ҳамда раҳбарият ўртасидаги ҳамжиҳатликни таъминлаш — касаба уюшмалари фаолиятининг асосий мазмун-моҳиятидир.
Шу маънода бу ташкилот фақатгина ҳуқуқий эмас, балки меҳнат жамоаларини бирлаштирувчи, уларда масъулият ва ҳамкорлик руҳини мустаҳкамловчи муҳим ижтимоий институт сифатида ҳам аҳамиятга эга.

Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб “Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги” ҳамда 11 ноябрь — “Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” муносабати билан турли тадбирлар ўтказилмоқда. Улар орасида Сирдарё иссиқлик электр станциясида ўтган байрам тадбири алоҳида руҳда кечди.
“Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” шиори остида ўтган ушбу тантанада корхона раҳбарияти, касаба уюшмаси фаоллари, цех ва бўлим ходимлари ҳамда ёш мутахассислар иштирок этишди. Байрам саҳнасида меҳнат фидойиларининг номлари эътироф этилди, иш фаолиятида юксак натижаларга эришганлар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Тадбир доирасида спорт мусобақалари ҳам ўтказилиб, Сирдарё ИЭС жамоаси ўз салоҳиятини намоён этди. Шахмат бўйича аёллар баҳсида ИАЎС ходимаси Маржона Мустафоқулова, шашка бўйича эркаклар ўртасида ЭС ишчиси Сойибжон Иргашев, стол тенниси бўйича аёллар баҳсида ЭБ ходимаси Камола Сувонқуловалар 1-ўринни қўлга киритишди.

Байрам шодиёналари “Қувноқлар ва зукколар” беллашувига уланиб кетди. Унда иссиқлик электр станциялари ва марказларидан жам бўлган саккиз жамоа беллашди.

Якуний натижаларга кўра, Тошкент ИЭСнинг “Кичкинтойлар” жамоаси 1-ўринни эгаллаб, “ҚВЗ” касаба уюшмалари кубоги соҳиби ҳамда 2025 йил чемпиони бўлди. Тахиатош ИЭСнинг “Техас” жамоаси 2-ўринни, Сирдарё ИЭСнинг “Энерго+” жамоаси эса 3-ўринни қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорлар “Иссиқлик электр станциялари” АЖ Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғулом Примов, ЎзА