Ўзбекистонда касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилоят Кенгаши ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳудудий бўлими ҳамкорлигида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасида “Касаба уюшмалари – ишончли ҳимоячи” танлови эълон қилинди.
Танлов давомида журналист ва ижодкорлар касаба уюшмалари фаолияти, уларнинг аҳоли билан ҳамкорлиги ва ҳимоячи сифатидаги роли мавзусида энг мақбул ва мазмунли материаллар тақдим этдилар.

Танлов якунланди ва ғолиблар аниқланди. Янгиерлик ижодкор Нодира Дўсматова биринчи ўринни қулга киритди. Иккинчи ўрин Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими ходими Дилором Исмадиёровага, учинчи ўрин эса “Гулистон ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Баҳринисо Норжигитовага насиб этди. Ғолиблар касаба уюшмаси кенгашининг дипломи, ташаккурнома ва қимматли совғалари билан тақдирланишди. Шунингдек, танловда фаол иштирок этган ижодкорлар — Дилором Эсонова ва Алишер Нур — рағбатлантирувчи мукофот ва эсдалик совғаларига сазовор бўлишди.

Тантанали маросимда мукофотларни таниқли ёзувчи Нурали Қобул ва касаба уюшмалари вилоят кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов тақдим этишди. Маросим иштирокчилари ғолибларнинг ижодий маҳорати ва касаба уюшмалари ҳаётидаги фаол иштироки юқори баҳоланганини алоҳида таъкидладилар.

Танлов нафақат журналист ва ижодкорларни рағбатлантириш, балки касаба уюшмалари фаолиятини кенг тарғиб қилиш, уларнинг аҳамиятини жамоатчиликка етарли даражада намоён қилишга хизмат қилди. Ижодкорлар ўз ишларида халқнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда касаба уюшмалари қанчалик ишончли ҳамкор эканини намоён этдилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири