Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Касаба уюшмалари фидойиларига эҳтиром кўрсатилди
17:42 / 2025-11-05

11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни

Термиз шаҳрида 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Соҳа фидойилари, нуронийлар, депутатлар, вилоят ташкилотлари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Ўзбекистон тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси Улуғбек Муҳамедов соҳа ходимлари ва меҳнат фахрийларини Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда байрам билан муборакбод этди. Кейинги йилларда касаба уюшмалари ҳаётида юз берган ўзгариш ва янгиланишлар хусусида сўз юритди.

Мамлакатимизда “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг янги қонуни қабул қилиниши ходимларнинг ижтимоий-меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби йўналишлардаги фаолиятини янада юқори босқичга олиб чиқиш учун катта имконият эшигини очди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, кафолатланган ижтимоий ҳимояни таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиб, корхона ва ташкилотларда меҳнатга оид ҳуқуқларни ҳимоя қилиш қонун билан мустаҳкамланди. 

Президентимиз жорий йил 17 октябрда мамлакат касаба уюшмалари Федерацияси фаоллари ва фахрийлари билан учрашувида Янги Ўзбекистон ривожига касаба уюшмалари халқчил, катта жамоа ташкилоти сифатида муносиб ҳисса қўшиб келаётганини алоҳида қайд этиб, қатор эзгу ташаббусларни илгари сурди.

Эндиликда бу тузилма хотин-қизларни фаол ижтимоий ҳимоя қилишда “Касаба уюшмалари – аёллар манфаати йўлида” деган янги тизим асосида маҳалла хотин-қизлар фаоли билан ҳамкорликда фаолият юритади. Маҳалла “еттилиги” билан биргаликда ишлайди. Маҳаллий ҳокимлар ҳар йили ўз ҳудудида замонавий лойиҳа асосида биттадан санаторий ва оромгоҳ барпо этади. Касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик юбилейи муносабати билан меҳнаткаш халқимизга чуқур ҳурмат ва эҳтиром ифодаси сифатида ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғи” яратилади. Корхона ва ташкилотлардаги касаба уюшмалари ҳам ишхонасида, ходимлари яшайдиган маҳаллаларда дарахт эктириб, яшил ҳудудларни кенгайтиради. Тозалик ва ободончилик ишларини ташкил этади. 

Айни пайтда тизимда “Кучли касаба уюшмалари – кучли жамият асоси” тамойили асосида йирик улуғвор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, сўнгги беш йилда вилоятда 20 га яқин фуқаронинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, уларга 172,3 миллион сўм ойлик иш ҳақи ундириб берилди. Ишчиларнинг муддати ўтган ойлик иш ҳақларини ундириб беришда ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг олдини олишда самарали ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, ўтган 8 йилда вилоятда барча замонавий шароитларга эга Сариосиё туманидаги “Сангардак” дам олиш маскани, “Сангардак”, Олтинсой туманидаги “Хўжаипок”, Термиз туманидаги “Термиз марвариди” санаторийлари, Термиз шаҳрида “Амударё” болалар оромгоҳи бунёд этилгани ҳам кейинги йилларда касаба уюшмаларининг эркин ва мустақил фаолият юритиши учун кўрсатилаётган чексиз эътиборнинг амалдаги самарасидир. 

[gallery-26095]

– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоятимизда амалга ошираётган бундай улкан бунёдкорлик ишлари ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, – деди вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов. – Бунинг учун миллиард-миллиард сўм маблағ сарфланмоқда. Айни пайтда ҳам бу ишлар давом эттирилиб, Бойсун туманидаги “Омонхона” санаторияси кенгайтирилмоқда. 200 ўринли ётоқхона, 300 ўринга мўлжалланган ошхона, сув иншоотлари ва бошқа объектлар қурилмоқда. Денов туманидаги “Чашма” болалар оромгоҳи янгидан барпо этилмоқда. 

Тантанали тадбирда бир гуруҳ фаоллар, нуронийлар ва уюшманинг илғор аъзоларига “Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги” эсдалик нишони, вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва совғалари топширилди. Таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар иштирокчиларнинг фахр-ифтихор ҳиссини юксалтириб, барчага байрамона кайфият улашди. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири