English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Касаба уюшмалари фаолиятига назар: Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари тўла таъминланяптими?
16:51 / 2022-11-10

11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “11 ноябрь –  Ўзбекистон касаба уюшмалари куни: Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари фаолиятига назар” мавзуида брифинг ўтказилди. Брифингда сўнгги 6 йил давомида Президентимиз томонидан барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида катта ўзгариш ва салмоқли натижаларга эришилгани алоҳида таъкидланди.   

Қайд этилганидек, халқни рози қилиш йўлидаги кенг кўламли ҳаракатлар ва ташаббуслар мамлакатимиз довруғини Янги Ўзбекистон номи билан бутун дунёга таратмоқда. Бундай ислоҳотларда мамлакатимиздаги энг йирик жамоат ташкилоти бўлган касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда.  

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2020 йилда бўлиб ўтган 8-Қурултойи иштирокчиларига йўллаган табригида мустақил давлатимиз тарихида илк бора 11 ноябрни “Касаба уюшмалари куни” этиб белгилаш таклифини билдиргач, “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Бу эса 5,5 миллиондан ортиқ аъзога эга бўлган касаба уюшмалари ҳаётида унутилмас воқеа бўлди.  

Мамлакатимизда касаба уюшмалари эркин ва кенг кўламли фаолият юритиши учун барча зарур шароитлар яратилган. Хусусан, охирги йилларда касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик янги босқичга кўтарилди. Касаба уюшмаларининг ижтимоий шерикликни ривожлантириш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш ва ХМТ конвенцияларини ратификация қилишда ҳамкорлик йўналишларидаги фаолияти сезиларли даражада ошди.  

Ижтимоий-меҳнат муносабатларига оид қабул қилинган қонунларнинг аксариятида, давлат органлари томонидан Федерацияга келишиш учун тақдим этилган 1000 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда, шу жумладан янги Меҳнат кодексида касаба уюшмалари таклифларининг аксарияти ўз аксини топди.  

2022 йилнинг ўн ойи давомида касаба уюшма ташкилотлари томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг 4,5 мингга яқин мурожаати кўриб чиқилди. Ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашни сўраб иш берувчиларга киритилган 121 та тақдимноманинг 73 таси қаноатлантирилиб, қонун бузилиши ҳолатлари бартараф этилди. Барча мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, 15 минг 918 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига 10 миллиард 179 миллион сўмдан ортиқ зарар тўловлари ундириб берилди. Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш мақсадида 857 та корхона ва ташкилот фаолияти жамоатчилик назорати тартибида ўрганилиб, аниқланган 2 минг 281 та камчилик бартараф этилиши таъминланди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича имзоланган Бош келишув амал қилмоқда. Ўтган даврда касаба уюшмалари иштирокида тузилган тармоқ келишувлари сони 110 тадан 117 тага ортди. Бугунги кунда бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда 111 минг 789 та Жамоа шартномаси амал қилмоқда.  

Жамоа келишувлари ва жамоа шартномалари орқали муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат муҳофазаси ва гигиенаси, бандликни таъминлаш, меҳнатга ҳақ тўлаш, хусусан, тенг аҳамиятли меҳнат учун эркаклар ва аёлларга тенг ҳақ тўлаш, ижтимоий имтиёз ва кафолатлар белгилаш, айниқса, ёшлар, аёллар, кексалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш, дам олиш ва соғломлаштириш ишлари йўлга қўйилган. Жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун республика бўйича ўрта ҳисобда 1 нафар ходимга йил давомида сарфланган маблағ миқдори 6 миллион 410 минг сўмни ташкил этди ва бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 26,6 фоизга ошди.  

[gallery-9505]

Қатор тармоқ ва ҳудудларда жамоа шартномаси иш ҳақи миқдорини оширишнинг самарали воситасига айланмоқда. Чунончи, республика бўйича 18 минг 811 та корхона ва ташкилотларда жамоа шартномалари асосида ягона тариф сеткасида белгиланган разрядлар коэффициенти кўтарилган бўлиб, бу орқали 915 минг  840 нафар ходимнинг иш ҳақлари оширилишига эришилган.  

Бу эса жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олинган жами ходимларнинг 20 фоизини ташкил этади. Тузилган жамоа шартномаларининг 105  минг 777 тасида, яъни 94,6 фоизида ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилишдан олдин касаба уюшма қўмитасининг розилигини албатта олиш талаби киритилган.

Жамоа шартномаларига киритиш орқали иш вақти ва дам олиш вақтини тартибга солиш борасида аксарият корхона ва ташкилотларда асосий узайтирилган ва қўшимча таътиллар ўрнатилган. Натижада 2 миллион 929 минг нафардан зиёд ходим асосий узайтирилган, 2 миллион 900 минг нафарга яқин ходим эса йиллик қўшимча таътиллардан фойдаланмоқда.

Касаба уюшмалари томонидан турли соҳа ходимлари ва аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Кам таъминланган оилалар, пенсия ёшидаги ходимлар, ногиронлиги бор шахслар, ишловчи аёллар ва ёшларга жамоа шартномалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ишлари янги босқичга кўтарилди. Биргина 2022 йилнинг 9 ойи давомида жамоа шартномалари орқали 156 мингдан ортиқ фуқарога ва 55 мингдан ортиқ оилага 136 миллиард 132 миллион сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди.

Меҳнат муҳофазаси йўналишида 2022 йилнинг ўтган даврида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ходимлари томонидан 800 га яқин корхона, ташкилот фаолияти ўрганилиб, аниқланган камчиликларни батараф этиш мақсадида иш берувчиларга 500 дан ортиқ тақдимномалар киритилди. Касаба уюшмаларининг аралашуви билан 63 фоиз тақдимномаларда кўрсатилган камчиликлар бартараф этилди. Касаба уюшма мутахассислари ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни текшириш комиссиялари, касб касалликларини текшириш ишларида, тиббий-меҳнат эксперт комиссияси мажлисларида иштирок этмоқда.

“Аёллар дафтари” тизими орқали жорий йилнинг май-октябрь ойлари давомида ушбу дафтарга киритилган 626 минг 910 нафар (97,2 фоиз) хотин-қизларга амалий ёрдам берилди.

Бундан ташқари, юқоридагиларга қўшимча равишда боқувчисини йўқотган 3 минг 973 нафар ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, тезкор тиббий муолажага муҳтож 2 минг 459 нафар хотин-қизларнинг уй-жойлари таъмирланди. Қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд 3 минг 952 нафар хотин-қизга томорқасидан самарали фойдаланишига кўмаклашилди.

203 минг 548 нафар хотин-қиз ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари тиббий кўрикдан ўтказилди, 238 минг 573 нафарига ҳуқуқий, 206 минг 446 нафарига психологик ёрдам кўрсатилди. 23 минг 702 нафарига деҳқончилик фаолияти билан шуғулланиш учун жами 5 минг 115 гектар ер майдони ажратилишига кўмаклашилди. 7 минг 732 нафарига ер майдонларини суғориш, иссиқхоналар қуриш, асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш ҳамда бошқа йўналишларда субсидиялар берилди. Олий ўқув юртида таҳсил олаётган 73 нафар хотин-қизлар ва “Аёллар дафтари”даги хотин-қизларнинг 15 нафар фарзандларига контракт тўловининг бир қисми тўлаб берилди.  

Брифингда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Касаба уюшмаларининг халқаро соҳадаги фаолиятига ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди. 

Н.Усмонова, ЎзА мухбири