Геология фанлари университетида Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмасининг навбатдаги II қурултойи бўлиб ўтди.
Қурултойда тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобир Исломов, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳамда бир қатор вазирлик ва идоралар, касаба уюшмалари, жамоат ташкилотлари вакиллари, соҳада катта тажрибага эга мутахассислар, фаол ходимлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда сўзга чиққанлар томонидан касаба уюшмалари зиммасидаги масъулият, ишчи-хизматчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳадаги ўзгариш ва ислоҳотларнинг самарадорлиги хусусида атрофлича тўхталиб ўтилди. Хусусан, меҳнат шароитларини яхшилаш, ижтимоий кафолатларни кенгайтириш, иш берувчи ва ишчи ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди. Қайд этилганидек, мамлакатимизда ушбу тармоқларда фаолият юритаётган ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, касаба уюшма органларининг ҳисобот давридаги ишларини таҳлил қилиш ва келгуси истиқболли вазифаларни белгилаб олиш каби муҳим масалалар долзарб аҳамият касб этмоқда.
Қурултой доирасида Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг 5 йиллик фаолияти бўйича ҳисоботи тингланди. Қизғин муҳокамалар давомида делегатлар ҳисоботни бир овоздан “қониқарли” деб баҳолашди. Тафтиш комиссияси тайёрлаган ҳисобот ҳам маъқулланди.
Йиғилиш кун тартибига мувофиқ, 2026-2030 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар дастури ҳамда касаба уюшмасининг янги таҳрирдаги Устави тасдиқланди. Шунингдек, Республика кенгашининг янги раиси ва унинг ўринбосарлари, Кенгаш аъзолари, Тафтиш комиссиясининг раиси ва 5 нафар аъзодан иборат таркиби сайланди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қурултойида иштирок этиши учун делегатлар ҳамда Федерациянинг Бош кенгаши таркибига вакиллар аниқланди.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Азамат Акобировнинг таъкидлашича, қурултой шунчаки ҳисобот тадбири эмас, балки ишчи-ходимларнинг манфаатлари қай даражада ҳимоя қилинаётгани, уларнинг таклиф ва мулоҳазалари қанчалик инобатга олинаётганини кўрсатувчи муҳим платформадир.
–Қабул қилинган Ҳаракатлар дастури эса касаба уюшмаларининг соҳа ичидаги ролини янада кучайтиришга хизмат қилади. Айниқса, меҳнат муҳитини яхшилаш, хавфсизликни таъминлаш, инсон салоҳиятини ривожлантиришга доир йўналишлар эътибор марказида бўлди. Энг муҳими, қурултойда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар касаба уюшмаларининг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, соҳада фаолият юритаётган ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади, – деди А.Акобиров
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА