Наманганда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгашининг IX-ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда ташкилотнинг ўтган беш йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинди. Тадбир аввалида, Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раисининг ўринбосари Анваржон Абдумуҳторов томонидан кейинги йилларда касаба уюшмаларининг жамиятдаги ўрни ва таъсири кучайгани, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ижросини амалга оширишда муносиб ҳисса қўшаётганлиги эътироф этилди.
Таъкидлаш лозим, 2025 йил касаба уюшмалари фаолиятида муҳим босқич бўлиб, бу йил кенгашнинг нафақат беш йиллик фаолияти сарҳисоби, балки, Ўзбекистон Касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳам кенг нишонланмоқда. Ҳисобот-сайлов йиғилишлари касаба уюшма ташкилоти фаолиятида муҳим воқелик бўлиб, ушбу жараёнда эришилган натижалар, фаолиятни ташкиллаштиришда мавжуд муаммолар ва йўл қўйилган камчиликлар чуқур таҳлил қилинади, келгусидаги фаолиятнинг устувор йўналишлари белгилаб олинади.

Бугунги кунда Наманган вилоятида 2 минг 365 та ташкилот касаба уюшмаларига аъзо бўлиб, улар орқали 487 мингдан ортиқ ишчи-ходимлар қамраб олинган. Авваллари касаба уюшмалари деганда, кўпчиликнинг кўз ўнгида ишчиларга тадбирларда совға тарқатадиган ёки сиҳатгоҳларга йўлланма берадиган ташкилот гавдаланган.
Охирги йилларда барча соҳаларга қаратилаётган давлат сиёсати даражасидаги эътибор ва ғамхўрлик самараси туфайли касаба уюшмалари ташкилоти фаолияти мутлақо ижобий томонга ўзгариб, жамиятда муҳим куч сифатида намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Наманган вилояти ташкилотлари томонидан аҳолини иш билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш юзасидан аниқ тадбирлар ишлаб чиқилиб, бу борада вилоят бандлик ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси ҳамкорликда 2024 йил якунига кўра, 241 марта бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкил этилди. Уларда 2 минг 100 га яқин корхона ва ташкилотлар 26 минг 330 та бўш иш ўрни билан қатнашиб, 25 мингдан ортиқ фуқаролар жалб этилди. Бунинг натижасида 10 минг 945 киши ишга жойлаштирилди.
Жойларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича ўтказилаётган изчил тадбирлар, хусусан, корхона, ташкилотлардаги ишчи-ходимларнинг театр, музей ва кўргазма заллари, концерт томошалари, кинотеатрларга жамоавий ташрифлари, “Мурувват” ва “Саховат” уйларида яшовчилар ҳолидан хабар олиш ишлари ҳам мунтазам уюштириб келинмоқда.

Корхона-ташкилотларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш доирасида ҳар йили ўтказиладиган спорт тадбирлари ва мусобақаларига ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари жалб этилиши кенгайиб бормоқда. Айниқса, туризмни ривожлантириш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини юртимизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатлари кўлами кенгаймоқда.
Президентимизнинг “Болаларнинг дам олиш тизимини ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида касаба уюшмалари томонидан бир қатор ижобий ишлар ҳам олиб борилмоқда. Ўтган йиллар давомида вилоятда фаолият юритиб келаётган оромгоҳларни таъмирлаш, қайта қуриш ишлари самарали давом этмоқда.

Наманган вилоятида касаба уюшмаларини тизимли ва сермаҳсул иштироки натижасида “Аёллар дафтари”нинг бешта босқичида жами 289 минг 500 дан зиёд хотин-қизларнинг муаммолари ҳал этилди. Бир сўз билан айтганда, тизимда олиб борилаётган ишлар натижаси ўзининг самарасини бермоқда.
Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича суд мажлисларида 395 нафар фуқаронинг манфаатлари ҳимоя қилинди ва 235 ходим ишга тиклаб, 1 миллиард 200 миллион сўм миқдордаги иш ҳақлари ундириб берилди. Қолаверса, тизимда янги ташкил этилган Меҳнат инспекцияси томонидан ўтган давр мобайнида 245 та ташкилотда ўтказилган жамоатчилик назорати жараёнларида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида, иш берувчиларга 1 минг 344 та банддан иборат 171 та бажарилиши шарт бўлган кўрсатмалар берилди. Натижада, ходимларнинг манфаати кўзланган ҳолда, 3 миллиард 900 миллион сўм иш ҳақлари ундиришга эришилди.
Анжуман ишида 125 нафар делегат томонидан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Наманган вилояти кенгаши раиси ва унинг ўринбосари муқобил тарзда яширин овоз бериш йўли билан сайланди. Конференциянинг сайлов натижаларига мувофиқ, Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши раислигига амалдаги раҳбар Ҳасанбой Хўжаев ҳамда кенгаш раисининг ўринбосарлигига Қосимжон Холбоев сайланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА