Президент Шавкат Мирзиёев касаба уюшмалари вакиллари билан учрашув ўтказмоқда.
Касаба уюшмалари ўтган даврда хотин-қизлар меҳнатини муҳофаза қилиш бўйича катта тажриба тўплади. Хусусан, улар “Аёллар дафтари” орқали 4,5 миллион эҳтиёжманд, кам таъминланган хотин-қизларга ёрдам кўрсатишда бош-қош бўлди.
Хотин-қизларнинг фаол ижтимоий қатлам бўлиб шаклланишида касаба уюшмаларини етакчи кучга айлантириш учун бугун барча имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди. Бу борада “Касаба уюшмалари – аёллар манфаати йўлида” деган шиор асосида янги тизимни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Президентимиз ушбу тизим доирасида Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссия ва Федерацияни меҳнат бозорида хотин-қизлар учун тенг имкониятлар яратиш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига ва ижтимоий фаоллигини оширишга кўмаклашиш бўйича янги ёндашувларни жорий этишга чақирди.
Уй-жой ва яшаш шароитини яхшилашга, тиббий, психологик, ҳуқуқий ёрдамга муҳтож, тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларни ҳам “Аёллар дафтари” орқали қўллаб-қувватлаш, қишлоқ жойларида аёллар бандлиги ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастурларини янада кенгайтириш таклиф қилинди.
Ҳар йили меҳнат жамоаларидаги гендер аудит натижаларини муҳокама қилиб, иш берувчилар билан биргаликда хотин-қизларга янада қулай меҳнат шароитларини яратиш, 14 та тармоқ касаба уюшмалари бўйича гендер тенгликни таъминлаш учун манзилли стратегиялар ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.
ЎзА