– Ўзим ишлаётган Андижон шаҳридаги 28- умумтаълим мактаби маъмурияти томонидан меҳнат шартномам бекор қилиниб, ишдан бўшатилган эдим, – дейди мазкур мактабда амалиётчи-психолог вазифасида ишлаб келган фуқаро Гўзалой Аҳмедова. – Ана шу иш юзасидан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Андижон вилоят Кенгаши ҳуқуқшуносига мурожаат қилдим. Аризам ўрганиб чиқилиб, шартнома ноқонуний бекор қилинган, деб топилди. Мен ўз ишимга тикландим ва мажбурий прогул кунлари учун менга белгиланган миқдордаги иш ҳақлари ундириб берилди.
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси 73-моддасида “Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар” деб белгилаб қўйилган. Ана шу ҳужжатга кўра, юртимизда касаба уюшмалари томонидан фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Андижон вилоят Кенгаши томонидан мазкур йўналишда эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
–- Айни кунда бирлашма тизимидаги 2 минг 600 дан зиёд бошланғич ташкилотга 383 мингдан зиёд касаба уюшма аъзоси бирлашган, – дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Андижон вилоят Кенгаши раиси Қодиржон Парпиев. – Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва интеллектуал манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий шерикликни ривожлантириш, аҳолининг бандлигини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, фуқаролар маънавиятини юксалтириш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш борасида муайян ишлар олиб борилди.
Вилоятдаги меҳнат жамоалари билан ҳамкорликда ана шу мақсадларга йўналтирилган қатор қўшма қарор ва тадбирлар имзоланиб, уларда белгиланган вазифаларнинг бажарилишига эришилди.
Дарҳақиқат, бирлашма бўлимлари, туман ва шаҳар тузилмалари томонидан жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида фуқаролардан тушган меҳнат қонунчилиги, ҳуқуқ ва манфаатларининг бузилишига оид ёзма, оғзаки, электрон ва ишонч телефонлари орқали тушган 116 та мурожаат қонунларда белгиланган тартиб ва муддатларда ўрганиб чиқилди. Хусусан, 72 нафар фуқаро меҳнат шартномасининг бекор қилиниши юзасидан ёзган аризалари амалдаги тартиблар доирасида ўрганиб чиқилди. Фуқароларнинг бузилган меҳнатга оид ҳуқуқлари тикланиб, уларга 60 миллион 756 минг сўм миқдоридаги ҳақлари ундириб берилди.
Вилоят ҳудудий кенгаши ҳамда тармоқ касаба уюшмалари вилоят, туман, шаҳар касаба уюшмалари кенгашлари томонидан маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида, таълим муассасаларида Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижросини таъминлаш, Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Бош қомусининг мазмун-моҳияти, меҳнаткашлар учун қулай иш шароитларини яратиш, ишлаб чиқаришда жароҳат ва касб касалликларининг олдини олиш, ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини юксалтириш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси мавзуларида қатор суҳбат, учрашув ва семинарлар ўтказилганлиги мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этди.
Вилоят ҳудудий Кенгаши долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни муҳокама этиш, ижтимоий шерикчиликни ривожлантириш юзасидан вилоят ҳокимлиги, унинг бўлим ва бошқармалари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, банк-молия муассасалари, жамоат ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб борган ишлар ҳам самарали бўлди. Ҳамкорликда ўтказилган йиғилишларда қабул қилинган қарорлар, тавсиялар ижроси тўла таъминланганлиги эътиборга моликдир.
[gallery-14963]
Жорий йилнинг ўн бир ойида вилоят ҳудудий кенгаши томонидан жамоа шартномаларини тузиш, уларнинг ижросини таъминлаш, корхоналарда “устоз-шогирд” тизимини ривожлантириш, иш ҳақи ва бошқа ижтимоий тўловларни ўз вақтида тўлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, умуман, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини янада кучайтириш борасидаги ишлар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга қаратилган кўплаб тадбир ва семинарлар ўтказилди, жойларга чиқиб, бошланғич касаба уюшма ташкилотларига амалий ва услубий кўмак кўрсатилди.
Айниқса, кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Вилоят ҳудудий Кенгашида тадбиркорлар борасида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилган “Ишонч телефони” орқали мурожаат қилган 25 нафар фуқарога зарур ёрдамлар берилди. Бундан ташқари, вилоят ҳудудий Кенгашида ташкил этилган “Юридик клиника” орқали 80 нафар жисмоний ва 40 нафар юридик шахсга тушунтиришлар берилди.
Корхона ва ташкилотларда имзоланган жамоа шартномалари ва жамоа келишувлари орқали “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вилоятдаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 70 та ёш оилага турли жиҳозлар харид қилиш ва уй-жой қуриш учун 358 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредитлар ажратилди, шунингдек, 2 минг 323 нафар ёш оила вакилларига моддий ёрдам кўрсатилди. Ана шу мақсадлар учун касаба уюшмалари ва иш берувчилар ҳисобидан 951 миллион 148 минг сўм маблағ йўналтирилди. Бундан ташқари, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилаларнинг 2 минг 644 нафар фарзандига турли ўқув қуроллари, адабиётлар харид қилиш харажатларини қисман қоплаш учун 276 миллион 885 минг сўм, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 80 нафар талабага контракт тўловининг бир қисмини тўлаш учун 484 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилди.
Нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 310 нафар болали аёлга ойлик маоши сақланган ҳолда иш ҳафтаси бир соатга қисқартирилиши ҳисобига уларга иш берувчилар томонидан 20 миллион 150 минг сўм маблағ ажратилди.
Касаба уюшмалари фаолиятини яхшилаш, фуқаролар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида вилоятдаги 2 мингга яқин корхона ва ташкилотдаги “Маънавият ва маърифат” хоналарида “Касаба уюшма бурчаги” ташкил этилган. Уларга касаба уюшма фаолиятига оид зарур кўргазмали воситалар, муҳим ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қўйилган. Бундан ташқари, соҳа ишини янада ривожлантириш мақсадида турли кўрик-танловлар, фестиваллар, спорт мусобақаларининг ўтказилаётганлиги ҳам самарали натижалар бермоқда.
Мухтасар айтганда, Кенгаш томонидан бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш учун ҳамкор ташкилотлар, умуман, кенг жамоатчилик билан ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Асосий мақсад Бош қомусимизда белгиланганидек, меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқаролар турмуш фаровонлигини янада юксалтиришдир.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов, ЎзА мухбирлари