Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Карвон йўллари чорраҳасидаги қадимий маданият
19:47 / 2023-12-11

Самарқанддаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида “Ўзбекистон воҳа хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” номли кўргазма очилди.

Кўргазма 2022-2023 йилларда Франциянинг Лувр музейида намойиш қилинган Ўзбекистон тарихининг турли даврларига оид экспонатлар асосида ташкил қилинди. Луврда намойиш қилинган 169 дона экспонатнинг 133 таси Ўзбекистон музейлари ва илмий-тадқиқот институтлари фондларига тегишлидир. Аҳамиятлиси, бу экспонатларнинг 51 донаси Самарқанд музей фондларига тегишли бўлиб, уларнинг 48 таси кўргазмадан жой олган. Қолган уч дона экспонат, яъни “Саклар дубулғаси” ҳамда “Исириқдон” жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб Берлиндаги Жеймс Симон галереясида ва Янги музейда намойиш қилинмоқда. “Элчилар зали деворий сурати парчаси” эса Афросиёб музейига ўрнатилган.

Яна бир эътиборли жиҳати кўргазмада Самарқанддаги илк ўрта асрларга оид Кофирқалъа археологик объектидан топилган панно биринчи марта намойиш этилмоқда. Экспозиция эрамиздан олдинги I минг йиллик бошларидан Темурийлар давригача бўлган даврни қамраб олади. 

[gallery-15016] 

– Кўргазма уч бўлимдан иборат, – дейди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи Маҳмудхон Юнусов. – Биринчи бўлим Суғд маданияти, иккинчиси IX -XII асрлар даври маданияти ва санъати, учинчиси эса Темурийлар даври маданияти ва санъати деб номланди. Ўзбекистон Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашганлиги сабаб ҳудудда дунё халқлари томонидан маданий соҳада узоқ тарихий давр мобайнида яратилган энг сара ютуқларни ўзида жамлаган маданият шаклланди. Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи “маданият тарихи” профилига эга бўлганлигини ҳисобга олсак Буюк Ипак йўлида юзага келган ва бир нуқтада жамланган симбиоз маданиятнинг бизгача етиб келган энг нодир намуналарини бир жойга жамлаш ва намойиш этиш нақадар муҳимлиги ойдинлашади.  

Таъкидлаш жоизки, хорижий давлатларда ташкил этилган юртимиз тарихи ва маданиятига доир барча кўргазмаларга томошабинларнинг қизиқиши жуда юқори. Жумладан, Хитойда Осиё ўйинлари муносабати билан намойиш қилинган кўргазма ҳам таассуротларга бой бўлди. Фаолиятим давомида Ўрта Осиё тарихий маданиятининг “юраги” мамлакатимиз эканлигига кўп бор ишонч ҳосил қилдим. Сабаби энг сара намуналар айнан ушбу ҳудуддан топиб ўрганилган. Юртимиз маданияти тарихига оид ноёб экспонатлар жой олган мазкур кўргазма доимий фаолият юритади.

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/xXGB1UzFjMw" title="Karvon yoʻllari chorrahasidagi qadimiy madaniyat" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Ғ.ҲАСАНОВ,  

А.ИСРОИЛОВ (сурат, видео), ЎзА мухбирлари