English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Картошкачилик тармоғини ривожлантиришга қаратилган лойиҳа натижаси сарҳисоб қилинди
15:53 / 2023-07-14

Тошкентда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО томонидан Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2021 йилдан 2023 йилга қадар амалга оширилган “COVID-19га жавобан картошкачилик секторини тиклаш ва ривожлантириш” лойиҳаси бўйича якуний семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда миллий ва халқаро экспертлар иштирок этиб, амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди ва эришилган натижалар хусусида сўз юритилди.

– Лойиҳа миллий ва халқаро экспертлар иштирокида амалга оширилди, – деди ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси мутахассиси Пётр Влодарчук. – Картошка навларини рўйхатга олиш, шунингдек, уруғлик картошка ишлаб чиқариш ва сертификатлаш бўйича Ўзбекистон миллий тизимлари таҳлил қилинди. Натижада мутахассислар ўз тавсияларини берди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, хусусий компаниялар ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар ҳамда картошкачилик соҳасидаги мутахассислар салоҳиятини ошириш имконини берувчи қатор тренинглар ўтказилган. Лойиҳа доирасида ўзбекистонлик картошка мутахассислари учун Туркияга ўқув сафари ҳам ташкил этилгани алоҳида қайд этилди.

Лойиҳа кўплаб мамлакатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам COVID-19 пандемияси оқибатлари картошка етиштиришга салбий таъсир кўрсатгани, товарлар ва одамлар ҳаракатида чекловлар туфайли озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид юзага келган. Шундай экан, лойиҳа юқори, барқарор ва сифатли ҳосил етиштириш орқали юртимизда картошка тармоғи ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишни асосий мақсади этиб белгилаган.

Миллиардлаб одамлар ўз кундалик рационини қимматбаҳо озиқ-овқат, озуқа ва техник экин бўлган картошкасиз тасаввур қила олмайди. Ушбу сабзавот соғлом углеводлар манбаи бўлиб, кам ёғли ва юқори толали таркибга эга, антиоксидантлар ва озуқа моддаларига бой, ишлаб чиқариш жараёнида бошқа озиқ-овқат экинларини етиштиришга қараганда камроқ иссиқхона газлари ҳосил бўлади.

Айни пайт, картошка нафақат одатий ва тўйимли маҳсулот, балки қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари, жумладан, кичик фермерлар учун даромад манбаи ҳисобланади. ФАО маълумотига кўра, бугунги кунда картошка 150 мамлакатда 20 миллион гектардан зиёд майдонда етиштирилади.

Хулоса шуки, “COVID-19га жавобан картошкачилик секторини тиклаш ва ривожлантириш” лойиҳасининг амалга оширилиши мамлакатимизда илғор хорижий тажрибага асосланган барқарор картошка ишлаб чиқариш тизимини ривожлантиришга катта ёрдам берди. Лойиҳа доирасида Ўзбекистонда озиқ-овқат ва уруғлик картошка ишлаб чиқариш, шунингдек, уруғлик картошкани сертификатлаш тизими бўйича SWOT таҳлили ҳам амалга оширилган.

Б.Худойбердиев, ЎзА