French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Картошкачилик: Ўзбекистонга олти минг тонна элита тоифадаги сертификатланган уруғ келтирилади
15:53 / 2025-10-24

Қарор ва ижро

Кейинги йилларда картошка етиштириш соҳасидаги асосий муаммолардан бири сифатли уруғ етишмаслиги бўлиб келаётган эди. Бу нафақат ҳосилдорликка, балки фермер ва деҳқонларнинг бу йўналишга бўлган қизиқишига ҳам салбий таъсир кўрсатди.

Президентнинг 2025 йил 8 сентябрдаги “Картошка етиштиришни кўпайтириш ва уруғчилигини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айнан шу соҳада янги босқични бошлаб берди. Энди уруғчилик жараёни илмий асосдан тортиб, сифатли уруғни тарқатишгача бўлган босқични рақамли назоратга олинади.  

Яъни ҳар бир уруғнинг “ҳужжати”и бўлади. Фермер қаердан, қайси авлод уруғини олаётганини аниқ билади. Бу тизим орқали сифатли уруғ етиштиришга, ҳосилни кафолатли оширишга замин яратилади.

Шу йўналишдаги дастлабки йирик ҳамкорликлардан бири сифатида “Bulungʻur – Agro Star” компанияси ва Нидерландиянинг “Agriko Co LTD” корпорацияси ўртасида шартнома имзоланди. Лойиҳа доирасида 6 минг тонна элита тоифадаги сертификатланган уруғлар Ўзбекистонга келтирилади. Улар аҳоли, фермер ва деҳқонларга устамасиз нархларда тақдим этилади.

– Уруғлар икки мавсумда етказилади, – дейди “Agriko Co LTD”нинг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича директори Феруза Татибаева. – Дастлаб 2 минг тоннаси баҳорги, 4 минг тоннаси эса иккинчи ҳосилга мўлжалланган.

Маълумот учун, 2024 йилнинг ўзида Ўзбекистонга 700 минг тонна картошка импорт қилинган. Янги тизим ва лойиҳалар туфайли бу рақамни босқичма-босқич қисқартириш, ички эҳтиёжни маҳаллий уруғлар ҳисобидан қоплаш режалаштирилган.

“Uzagrostar Holding” компанияси томонидан эса мамлакатда илғор уруғчилик тизимини йўлга қўйиш, ҳосилдор навларни оммалаштириш ва маҳаллий фермерлар манфаатини ҳимоя қилиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Бу нафақат иқтисодий, балки озиқ-овқат хавфсизлиги нуқтаи назаридан ҳам муҳим қадамдир. Сифатли уруғ бўлса, картошка нархи барқарор бўлади, импортга боғлиқлик қисқаради. Фермернинг меҳнати ҳаққоний баҳоланади.

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбири