Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Картография қандай фан ва у қачон яратилган?
11:08 / 2022-07-08

Картография деганда кўпчиликда бу қандай фан, нималарни ўргатади деган савол туғилиши табиий.

Агар у фан сифатида шаклланган бўлса, унинг асосида қандай ғоялар мужассам? Шу каби саволларга ойдинлик киритиш мақсадида маълумотларга мурожаат қиламиз. 

Картография географик хариталар, хариталар тизими, атлас, глобус ва бошқаларни ўрганиш, яратиш ва улардан фойдаланиш билан шуғулланувчи фан ҳисобланади.  

Ўзбекистон ҳудуди акс эттирилган дастлабки харита ва атласлар IX-XI асрларда яшаб ижод қилган буюк аждодларимиз Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий, Абу Зайд Бахлий, Абу Райҳон Беруний, Ҳофизи Абру, Маҳмуд Қошғарий, Али Қушчи ва бошқа алломаларимиз томонидан яратилган. Ушбу олимлар томонидан қолдирилган билимлар, илмий, маданий мерос каби қадимий ва бойдир.  

Дунё илм-фани, хусусан астрономия, геодезия, география ва картография каби соҳа фанлари ривожида улар муҳим ўрин тутади. Афсуски, ер юзида содир бўлган турли табиий офатлар, урушлар ва бошқа фожиалар натижасида улар қолдирган мероснинг бир қисмигина бугунги кунга қадар сақланиб қолинган холос. 

Айтиш жоизки, XX асрга қадар республикамиз ҳудудини картографик жиҳатдан ўрганилганлик даражаси анча паст бўлган бўлиб, ушбу даврда республикамиз ҳудудида харита тузиш ишлари яхши ривожланмади, хариталар кам чоп этилди, уларнинг жиҳозланиши оддий эди. Хусусан, ҳудуднинг ички қисмлари ҳали яхши ўрганилмаган, манбалар етарли даражада тўлиқ ва аниқ бўлмаган, режа олиш асбоблари, картографик тасвирлаш усуллари ва харита ишлаш техникаси ривожланмаган эди.  

Ўзбекистоннинг дастлабки аниқ хариталарини яратиш 1867 йил таъсис этилган Туркистон ҳарбий топография бўлимининг қизғин фаолияти билан боғлиқдир. 

Туркистон ҳарбий топография бўлими фаолияти кўп жиҳатдан Чор ҳукуматининг бу ўлкадаги иқтисодий сиёсати билан, яъни бу ердаги ишлаб чиқариш кучларини ривожлантириш, табиат бойликларини ҳисобга олиш ҳамда улардан имкон борича тўла фойдаланиш билан боғлиқ эди. Шунинг учун ҳам биринчи навбатда иқтисодий жиҳатдан катта аҳамиятга молик ҳудудлар хариталари ишланди. Бу хариталар ўз даврининг илмий ҳамда амалий талаблари даражасида бўлиб, улар узоқ вақтгача Ўзбекистон ҳудудини ўз ичига олган анча мукаммал асосий картографик манбалар ҳисобланиб келди. 

Ўзбекистонда картография собиқ Иттифоқ даврида сезиларли ривожланди. 1934 йилда Ўрта Осиёда ягона бўлган Тошкент Картография фабрикаси (Ҳозирги «Картография» Давлат илмий ишлаб чиқариш корхонаси) ташкил этилди. Унга давлат муассасаларини ва жамоат ташкилотларини умумгеографик, мавзули, сиёсий-маъмурий ва маълумотнома хариталар билан, шунингдек, мактаб ўқувчиларини ўқув харита ва атласлар билан таъминлашдек юксак вазифа топширилди. Натижада кўп ўтмай суғориладиган ва суғоришга биринчи навбатда яроқли бўлган ерларнинг 1:10 000 масштабли қишлоқ хўжалиги хариталари, 1:500 000 масштабда умумгеографик ва сиёсий маъмурий хариталари, Ўрта Осиё халқларининг она тилларида ўқув хариталари тузилди ва чоп этилди.  

Урушдан кейинги йилларда картографларнинг асосий вазифаси қишлоқ хўжалиги, бошқарув ва режалаштириш органларини зарур картографик материаллар билан таъминлаш, илғор хўжаликлар ва илмий тадқиқот муассасаларининг ютуқларини тарғибот қилиш ҳамда амалиётга жорий этилишини тезлатиш эди. 

1963 йилда рус тилида республикамизнинг биринчи табиий-географик илмий маълумотнома атласи «Атлас Узбекской ССР»нинг чоп этилиши ўлкамиз географияси ва картографияси тараққиётида муҳим босқич бўлди. Атлас асосий хариталарининг масштаби 1:3 500 000 ва 1:5 000 000, иқлим хариталари 1:7 500 000 ва 1:10 000 00 масштабларда тузилган. Мазкур атлас мамлакатимиздан ташқари нуфузли хорижий мутахассисларнинг диққатини ўзига жалб этган бўлиб, Франция ва Италияда чоп этилган тақризларда ўзбек географларининг ушбу мисли кўрилмаган тадқиқотлари география фанига қўшилган муҳим ҳисса деб баҳоланган. 

1983 йилда республикамиз пойтахти – Тошкент шаҳрининг 2000 йиллик юбилейи муносабати билан 48 та харита ва схемаларни ўз ичига олган комплекс «Ташкент географический атлас» чоп этилди. 

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин, республикада картография соҳаси жадаллик билан ривожлана бошлади. 2021 йилда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 мартдаги «Ўзбекистон Миллий атласини яратиш тўғрисида»ги фармойишига мувофиқ давлат тилида Ўзбекистон тарихида илк бор Қомусий асар – «Ўзбекистон Миллий атласи» яратилди.  

Ўзбекистон Миллий атласи – муҳим умумдавлат аҳамиятига молик комплекс илмий-маълумотнома картографик асар бўлиб, унда янги Ўзбекистон, унинг барқарор ривожланиш суръатлари ва улкан имкониятлари ҳақидаги ҳаққоний илмий далил ва таҳлилларга асосланган муҳим маълумотлар берилган. Атлас шартли равишда икки қисмда (жилд) нашрга тайёрланди ва чоп этилди. Атласда 400дан ортиқ харита берилган.  

Юқорида амалга оширилган ишлар билан чекланиб қолмаган ҳолда бугунги кунда Кадастр агентлигининг буюртмасига асосан «Картография» давлат илмий-ишлаб чиқариш корхонаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг интерактив хариталари ишлаб чиқилмоқда. 

ЎзА