Зиёрат туризми
Қашқадарё воҳаси азиз авлиёлар макон қилган манзилларга бой. Бу гал вилоятнинг Китоб тумани Ҳазрати Башир қишлоғида жойлашган ота ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.
Ҳам зиёрат, ҳам саёҳат деганларидик, фотомухбир билан тонг қоронғусида йўлга отландик. Зиёратгоҳга етиб борганимизда қуёш тоғлар ортидан энди кўтарила бошлаганди. Атрофда дарё сувининг шовуллашидан бошқа овоз эшитилмайди. Улуғ манзилларга борганда ҳис қилганим ажиб сукунат бу ерда ҳам ҳукмрон. Мавжланиб оқаётган бу дарё Қашқадарё дарёсининг бошланиш нуқталаридан бири. Айтишларича, дарёнинг шу қисмига келганда унга Қашқа нисбати берилиб, Қашқадарё номи ҳосил бўлган экан. Албатта, бунинг сабаби бор. Зиёратгоҳ олдидаги азим чинорлар остидан чиқаётган Қорабулоқ суви дарёга қўшиларкан, сокин сувлар юзасидаги оқ мавжлар гўёки дарёнинг қашқасини эслатгандек тасаввур қолдиради кишида.
Энди Ҳазрати Бешир ота шахсиятига тўхталсак. Бу улуғ зот XIV–XV асрларда яшаган улуғ валий, каромат соҳиб зотлардан биридир.
[gallery-21954]
Унинг асл исми Султон Саид Аҳмад, куняси – шайх Бузруквор Ҳазрат Беширдир. Бу улуғ зотнинг ҳаёти, фаолияти ҳақида “Мир ҳақиқат” номли қўлёзма топилиб, у араб ёзуви, форс тилида ёзилган. Уни тарихчи олим Аҳмад Чориев нашрга тайёрлаган.
Қўлёзмада айтилишича, Ҳазрат Бешир ота 1368 йили таваллуд топган. Бу пайтда отаси Шайх Ҳасан тўқсон ёшда, онаси Биби Малоҳат саксон ёшда бўлган. Кексалик туфайли бўлса керак, волидаларига сут келмайди, гўдак сутсиз вояга етади, шу сабабли “бешир”, яъни “сутсиз” деган ном олади. Маълумотлар кўрсатадики, буюк авлиё Амир Темур салтанати даврида камолга етган. У тариқатда Аҳмад Яссавийга туважжуҳ этган. Аммо асосий шиори “Дил ба ёру даст ба кор” бўлган. Минглаб муридлари бўлган, ҳалол меҳнат эвазига яшашни ҳаёт қонунига айлантирган. Қўлёзмада шундай лавҳалар бор: “Нақлдурким, ҳазрат шайх Бузруквор неча йиллар Башир қишлоғида турдилар. Одамлар Шайхи Бузрукворни ниҳоятда ҳурмат қилар эдилар… олти мингга яқин муриди хос бўлдилар. Ўзбеклар, тожиклар, қозоқлар, туркманлар, хитойлар бор эди. Бориш-келиш ниҳоятда яхшиланди…”
Ҳазрати Бешир отанинг дунёга келиши билан боғлиқ турли хил ривоятлар юради. Буни зиёратгоҳ раҳбари Азамат Ҳайитов қуйидагича ҳикоя қилади.
– Амир Темурнинг пири Саид Бараканинг укаси Саид Неъматуллоҳнинг дуолари билан ҳазрати бузрук дунёга келган, – дейди “Ҳазрати Башир ота” зиёратгоҳи раҳбари А.Ҳайитов. – Бир куни Ҳазрати Беширнинг отаси Шайх Ҳасан, ўша пайтда 90 ёшни қоралаб қолган, томорқасида экилган пиёзни ўтоқ қилиб ўтирган пайтида Саид Неъматуллоҳ келиб қолади. Қараса кекса киши қийналиб меҳнат қиляпти. Каромат кўрсатиб: “Эй бегона ўтлар пайкалдан чиқинг” деганларида бегона ўтлар супирилиб чиқиб кетади. Буни кўрган Шайх Ҳасан: “Эй тақсир нотўғри қилдингизда, меҳнат қилган яхшироқ эди”, деб Саид Неъматуллоҳ билан ҳамсуҳбат бўлади, яқиндан танишиб, узоқ йиллик армони, яъни фарзандсизлигини айтади. Шунда Саид Неъматуллоҳ унга фарзанд тилаб дуо қилади ва фурсат етиб улар ўғил фарзанд кўришади. Аслида Шайх Ҳасан ҳам бу ерлик эмас. У кишининг оталари, насаби жиҳатдан Ҳазрат Алига бориб тақалган, ҳаж сафарига кетаётиб шу ерга келганда нимадир сабаб узоқ муддат қолиб кетган ва шу ерда вафот этган. Шу-шу авлодлари ҳам бу манзилни макон тутган.
Ҳазрати Бешир Ҳазрати Муҳаммад Саллоллоҳу алайҳу васалламнинг ҳижратларидан кейин 768 йилдан сўнг оламдан ўтади ва Башир қишлоғидаги Ниёзтепада дафн этилади. У кишининг қолдирган мерослари ва тариқатлари ислом оламида катта қимматга ҳамда ўз ўрнига эга бўлиб қолди. Ушбу зиёратгоҳ мустақилликдан кейин қурилишлар қилиниб, обод масканга айлантирилди. Бу ерга ҳар йили минглаб кишилар келиб, Ҳазрати Беширнинг Ниёзтепадаги қабрларини зиёрат қилади.
Ривоятларга кўра, Ҳазрати Бешир ота-онасидан эрта ажралиб қолади. Шундан кейин қишлоқ атрофидаги ғорларда яшаб, фаолиятини давом эттиради. Ҳозир ҳам ушбу ғорлар мавжуд ва уларни туризм маршрутига киритиш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Ҳазрати Бешир ота юксак каромат соҳиби эканлиги айтилади. Бу ҳақда зиёратгоҳ илмий ходими Ойбек Ражабов қуйидагиларни ҳикоя қилиб берди.
– Ҳазрати Бузруквор атрофдаги тоғлар бағрида жойлашган “Ғори ҳаким”, “Қизилқоя”, “Сандиқтош” деб номланувчи ғорларда яшаган, – дейди О.Ражабов. – Кароматгўй бўлади. Зиёратгоҳнинг олдидаги арча 90 ёшгача суяниб юрган ҳассалари дейилади. Ҳазрати Бузруквор 90 ёшга етганларида “Сандиқтош” деган ғорда яшаб турган пайтларида бир куни муридларига, шу ердан ҳассамни отаман ва у бориб тушган жой охирги манзил- маконим бўлсин, мени ўша ерга дафн қилинглар, дея васият қилади ва ҳассасини улоқтиради. Ҳасса ҳозирги мақбара қурилган жойга келиб тескари қадалади ва кейин арча бўлиб ўсади. Ўша 6,5 асрлик арча ҳозир ҳам бор ва тескари ўсган.
Зиёратгоҳдаги яна бир манзил бу мақбара қурилган тепалик остидаги чиллахона. XV асрнинг йигирманчи йилларида бунёд этилган бу чиллахона яшаш учун қулай ва мустаҳкам қилиб ер бағридан ковланган. Чиллахона ўртасида тупроқдан устун қолдирилган. Маълумотларга кўра, бу чиллахонани Бешир отага замондош Абу Бакр Китобий Ҳазрат Охунд ковлаган.
Ҳазрати Бешир юксак салоҳият эгаси бўлиб етишгач, у кишининг таърифларини эшитиб, бир томони Миср, бир томони Мўғулистонгача бўлган мусулмон оламининг турли бурчакларидан одамлар келиб, унга шогирд тушади. Ҳатто Мирзо Улуғбек вафотидан сўнг унинг яқин шогирди Али Қушчи Самарқанддаги машҳур кутубхона хавф остида қолганида ундаги китобларни Ҳазрат Башир қишлоғига кўчирганлиги тўғрисида ҳам ривоятлар бор.
Ойбек Ражабовнинг ҳикоя қилишича, Ҳазрати Бешир отанинг 14 нафар фарзанди бўлган. Улар ҳам забардаст, билимли кишилар бўлиб етишган. Илм излаб турли давлатларга кетган ва ўша ерларда яшаб қолган. Фақатгина икки нафар ўғли ўзи билан бирга қолган ва унинг ишларини давом эттирган. Шу ерда вафот қилиб, Бузрукворнинг ёнига дафн қилинган.
Мақбара орқасидаги пистазорни ҳам Ҳазрати Бешир ота ўз қўллари билан ташкил қилган. У ерда 100 тупга яқин писта дарахти бор ва уларнинг ёши ҳам 6,5 асрлик. Буни қарангки, писта дарахтлари ҳозир ҳам ҳосил бериб турибди. Баъзилари танасининг қалинлиги 3 метр келади.
Айтиш мумкинки, ҳудудда зиёрат туризми ривожланган бўлиб, сайёҳлар келадиган асосий манзил бу Ҳазрати Султон Саид Аҳмад Бешир ҳонақоси.
– Бу ерда туризмни ривожлантириш учун кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, – дейди Азамат Ҳайитов. – Чиллахона, Ҳазрати Бузрукнинг каромати билан пайдо бўлган булоқ бор. Бунга ҳам салкам 7 аср бўлган. Сайёҳлар масаласига келсак, йўллар очилиб туризмга имкон яратилгандан кейин баҳор ва ёз ойларида кунига 10 минглаб одамлар келади. Тарихий объектлар кўп. Тарихий ғорлар мавжуд. Ўша жойга ҳам йўл очмоқчимиз. Ҳазрати Бузрукнинг ўзлари яшаган ғор ҳам бор. Унинг ҳам йўлларини яхшилаш мақсад қилинган. Мавсумда бир ойда 100 минг нафардан зиёд зиёратчи келиб- кетади. Келадиган сайёҳларга сервис хизматини яхшилаш мақсадида қишлоқдаги мавжуд 1,5 минг хўжаликнинг мингтасида сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун тайёргарлик кўрилмоқда. Ҳозир қишлоқда 20 га яқин меҳмон уй ташкил этилиб, жорий йилда уларнинг сонини янада оширишга ҳаракатлар бошланган.
Албатта, зиёрат туризмини ривожлантириш орқали сайёҳларда қишлоқ турмуш тарзи билан яқиндан танишиш имкони яратилади. Ва бу борада айни дамда муҳим чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, сайёҳларнинг йилнинг исталган вақтида саёҳатга келишлари учун шароитлар яратилишига хизмат қилмоқда.
Ривоятларга кўра, Ҳазрати Бешир туғилиб, ислом оламида танилгунга қадар ушбу қишлоқнинг номи Косатарош деб номланган. Бундай дейилишига сабаб бу ҳудудда яшовчи одамлар ёғочга ишлов бериш билан шуғулланган. Ундан кейин эса азиз авлиё номи билан Ҳазрати Башир дея номланган.
Меҳмонлигимизни билиб, ёнимизга келган Парвозхон Ибрагимов қишлоқ тарихи ҳақида шунга ўхшаш бошқа бир қизиқ маълумотларни бериб ўтди. Айнан Варганза анорининг келиб чиқиш тарихи ҳам Ҳазрат Бешир отага бориб тақалар экан.
– Варганза анори тарихий воқеа, – дейди зиёратгоҳ ходими Парвозхон Ибрагимов. – Бешир ота Қизилқоя ғорида яшаб турган пайтларида бир куни худонинг қудрати билан бир туп анор кўкариб чиқади. У киши анорнинг навдаларидан олиб юрт кезади. Қаерга экмасин анор кўкармайди, ривожланмайди. Кунларнинг бирида бугунги Варганза қишлоғи жойлашган ерга олиб келиб экса, бирданига вояга етиб ҳосилга киради. Бухоро вилоятида Вардонги қишлоғи бор. Бир куни айнан шу қишлоқдан 7 ака-ука бу кишининг авлиёлигидан хабар топади ва учрашишга ошиқади. Етти ака-ука Ҳазрат билан кўришгандан кейин авлиёлик даражасини кўзи билан кўрган заҳоти шу ерда яшаб қолишни мақсад қилиб, Бешир отадан паноҳ сўрайди. Бешир ота етти оғайнини орқаларидан эргаштириб, ҳассасини ерга судраб бораверади. Орқасидан изи қолаверади. Ҳозирги Варганза қишлоғи жойлашган жойга етгандан кейин ҳассани ердан кўтаради. Тупроқда изи қолган жойдан сув эргашиб бораверади. Ҳасса ердан кўтарилиши билан сув ҳам шу ерда тўхтаб қолади. Шу ерда атрофга тўпланган пири муршидларга васият қиладиларки, “Эй биродарлар, бу анор дарахти. Бунга зўр қаранг. Сизни бой қилади ва барча элга танитади”, деб хатми Қуръон ўқиб дуо қилади. Шундан ўша ака-укалар яшаб қолган жой Варганза қишлоғи ва у ерда экилган анорлар дунёга машҳур бўлиб кетган. Чунки унга ҳазратнинг дуолари кетган.
Албатта, юз марта эшитгандан бир марта кўрган афзал. Кўнгил хотиржамлик ва осудаликни истаркан, Ҳазрати Башир қишлоғи яхши танлов бўла олади. Ҳар бир қадами сирли тарихга эга ушбу қадимий қишлоқ маънавий оламингизни ҳам гўзаллаштирмасдан қолмайди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари