Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кармен Арнау Муро: “Саҳродаги гўзал ҳаёт оғушига ғарқ бўлдим”
19:00 / 2023-09-29

Кармен Арнау Муро Испаниянинг Толедо шаҳрида туғилган антрополог, этнограф ва географ олима аёл. Унинг этнографик жамғармаси ва 4 гектар майдонни эгаллаган йирик музейи бор.

Кармен хоним энг совуқ ўлка – Сибирнинг кўплаб қишлоқларида жами 22 та экспедицияда иштирок этган. Шунинг учун  Испанияда 74 ёшли олимани “Аёл Дон Кихот”, деб аташади. 

Арнау Муро хоним Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА учун махсус интервью берди. 

– Арнау хоним фаолиятингиз ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз? Нима учун айнан антропология ва географияни танладингиз?

– Аввалига санъат йўналишида ўқидим, кейинчалик турмушга чиқдим ва ўқишларим қолиб кетди. Фарзандларимни улғайтириб яна ўқишга қайтганимда география ва тарих йўналишида таҳсил олдим. Шунда соҳага доир илмий тадқиқот олиб боришга ҳавас уйғонди. Докторлик диссертациямни антропология йўналишида бошладим. Тадқиқот олиб борар эканман мени Эстепадаги каби Тундрада яшовчи кўчманчи қабилаларнинг ҳаёти қизиқтириб қолди. Шунинг учун ҳам докторлик диссертациямни Сибирь ҳақида ёзишга қарор қилдим. Аммо, Испанияда Сибирь ва унинг халқларини ўрганишга оид ҳеч қандай ҳужжат ва хариталар йўқ эди. Шунинг учун 1994 йилда материал тўплаш мақсадида Сибирга йўл олдим. Тадқиқотчи эканимни, кўчманчи қабилаларга доир тадқиқот олиб боришимни айтганимда ёлғиз келганимни кўриб ҳамма ҳайрон бўларди. Аммо мен доимо ёлғиз юрардим. Ўша йили Антропология ва этнография институтидан керакли маълумотларни олиб кетиб, тайёргарликни бошладим. 1997 йилда илк экспедициямни амалга оширдим, манзилим эса Тайга эди. Тайгада шорц қабиласи билан олти ҳафта бирга яшадим. Мазкур қабиланинг келиб чиқиши туркий-мўғулларга тегишли бўлиб, Сибирнинг жанубидан макон қилган.

Биласизми, Тайгада йўл деган нарсанинг ўзи йўқ, у ергача ёки вертолётда, ёки дарёдан қайиқда етиб бориш мумкин. Аммо, бундай қийинчиликлар бардошимни синдира олмади. Дунёда шундай ўзига хос бўлган халқнинг борлиги мени таажжубга солиши билан бирга маҳлиё қилиб қўйган эди. Кейинчалик олтой, хакас, бурят, эвенк, долган, ёқут каби қабилаларнинг манзилига жами 22 марта экспедицияни ёлғиз ўзим амалга оширдим. Дунёда ҳали бирорта олим турфа маконларга бунча кўп экспедиция қилмаган. Дон Кихот ҳам Толедодан эди, балки шунинг учун ҳам имконсиз нарсаларни ҳам амалга ошириш қонимизда бордир...

“Эль паис”, “Эль мундо” каби етакчи испан нашрларида сизни “Аёл Дон Кихот” деб тасвирлашганини ўқиган эдим...

– Ҳа, агар инсонда кучли хоҳиш ва ирода бўлса, хаёлот ҳам реалликка айланади.

Сибирь ва Ўрта Осиё мамлакатларидан этнологик объектларни жамлаган экансиз. Айнан мана шу ҳудудларда яшовчи халқлар ҳаётига қизиқишингиз сабаби нимада?

– Мен ўз ишимни Сибирдан бошладим, аммо аста-секин пастроқ ҳудудларни ҳам тадқиқ этиб бордим. Асосий ўрганган халқларимнинг келиб чиқиши туркий-мўғул бўлиб, уларнинг тили туркий эди. Тилининг замири туркий бўлганлар фақатгина Сибирда эмаслиги, чегара ортидаги мамлакатларга ҳам эътибор қаратишим кераклигини кейинроқ англадим. Шунда ўзимга ўзим “Ўрта Осиё билан ишлаш керак”, деб таъкидладим ва ишни Қозоғистонни ўрганишдан бошладим. Қозоғистонга беш маротаба экспедиция қилдим, мени турли конгресслар, анжуманлар ва ҳамкорлик учрашувларига таклиф қилишди. Жамғармамиз билан ҳамкорликда Толедода Қозоғистон маданияти конгресини ҳам ташкиллаштирдик. Қозоғистон ҳукумати музейимиз учун махсус ўтов ҳам қуриб берди.

– Бир интервьюда “Ёввойи табиат дейиш нотўғри бўлади, яхшиси “табиий, тоза ва инсон қўли тегмаган” деган маъқул”, деб таъкидлагансиз. Фикрингизча, ер шари инсон қўли текканида ўзининг табиийлиги ва борлиғини йўқотадими?

– Бундай олиб қарасак, ҳар бир жамият ривожланишни истайди, шунинг учун ҳам дунё глобаллашиб бормоқда, ижтимоий тармоқлар ва интернетнинг турмушимизга кучли таъсирига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Буларнинг бари дунёмизни ўзгартириб юборди. Имкониятларимиз ўхшаш, турли маданият вакили бўлсак-да бир-биримизга ўхшаб қолганмиз, айниқса, шаҳарларда табиийлик йўқолиб бормоқда. 

Тўғри, ривожланиш учун шаҳар жуда керак, аммо мен, этнограф ва антрополог олима сифатида табиатнинг асраб қолинишини, шаҳарларда ҳам табиатнинг лоақал бир парчаси мавжуд бўлишини, маданий бойликлар, тиллар, инсонларнинг бир-биридан фарқланиб туришини, кимдир ўзига хос бўлгани учун унинг устидан кулмасликларини истаган бўлардим. Шундагина дунё янада гўзаллашар, одамлар табиат билан бир тану, бир жон бўлиб яшашар, уни асраган бўлишар эди. Оғир ҳаёт тарзини бошдан кечираётган, мураккаб шароитларда истиқомат қилаётган инсонларни, жумладан Тундрадаги деҳқонларни, умуман ёзни кўрмайдиган, ҳамиша теридан кийим-бош кийиб юрадиган Ямал яримороли аҳолисини жуда ҳурмат қиламан. Уларнинг турмуши оғир ва улар ҳақиқий қаҳрамонлардир.

Сиз ҳақингизда ёзилган мақолаларда 40-45 даража совуқ шароитларда яшаганингиз айтилган. Испаниялик, оғир иқлим шароитларини кўрмаган аёл учун қанчалик мураккаб кечган бу даврлар? Саломатлик, дегандай?

– Албатта, жуда қийин бўлган. Масалан, бир йили дарс бериш учун Якутскка бордим. Ишонасизми, бир ой мобайнида ҳаво минус қирқ беш даражадан кўтарилмади. Ана шу саёҳатимда пневмония билан касалланиб қолдим. Бироқ, совуқнинг ҳам ўзига яраша гўзаллиги бор, биз инсонлар қанчалик заиф эканимизни ҳис этишга мажбур қилади.

Ижтимоий тармоқлардаги блогингизда турли халқлар ўртасидаги ўхшашликларни ёзиб қолдиргансиз. Мана, ҳозир Ўзбекистондасиз. Ўзбек ва испан халқлари ўртасида ҳам ўхшашлик нуқталарини кўрдингизми?

– Мамлакатингизда бир ҳафта бўлдим, аммо турли экспедициялардан орттирган катта тажрибам бор, кўплаб халқларни кўрдим, шунинг учун ҳам инсонларни, жойларни ҳис этишни ўрганганман. Ҳар икки миллат орасида бир қатор ўхшашликлар бор: очиқлик, самимийлик, меҳр-оқибат, меҳмондўстлик, айниқса, қувноқлик, ўзбеклар ҳам, испанлар ҳам рақс ва мусиқа шайдоси ҳисобланади. Ўзимни ўз уйимда юргандек ҳис этяпман. Жами еттита тилни, жумладан, испан, француз, инглиз, немис, итальян, каталан ва рус тилларини биламан. Шундай экан, Ўзбекистонда мулоқотга киришиш қийинчилик туғдирмади.

– Бугунга қадар Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида бўлдингиз. Мазкур шаҳарларда этнография намуналарига гувоҳ бўлгандирсиз...

– Албатта, айниқса, Хивада. Жуда мафтункор, жозибадор ва ёрқин намуналар бор у ерда. Саҳродаги гўзал ҳаёт оғушига ғарқ бўлдим, десам муболаға бўлмайди.

– Хорижлик сайёҳлар Ўзбекистоннинг Самарқанди ҳамда Испаниянинг Гранадасини бир-бирига ўхшатишади. Олима сифатида сизнинг фикрингиз қандай? 

– Албатта, ўхшаш жиҳатлар бор, аммо бутунлай эмас. Испанияда қоришиқ маданият устунлик қилади. Табиийки, бу ҳолат урф-одатлар, анъаналар, архитектура, тилда акс этмай қолмайди. Ундан ташқари, Испания архитектурасида мозайкалар жуда кенг қўлланилган, бу санъат араблар, римликлардан ёдгорликдир. Мен Самарқанд ва Гранада меъморий ёдгорликлардаги мозайкаларда кўп ўхшашликни кўрдим.

– Ўзбекистон ва Испания ўртасида маданий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қандай режаларингиз бор?

– Тўғриси, ҳамкорликни тез орада йўлга қўйишимиз зарур. Чунки Толедо шаҳрида жойлашган этнографик музейимда Ўзбекистоннинг ўрни жуда муҳим. Ҳозирча Ўзбекистонда олган суратларим, брошюраларим бор аммо бу етарли эмас. Испаниялик сайёҳларни Ўзбекистонга кўпроқ жалб этишимиз керак. Ўзбекистоннинг испан сайёҳларига ёқишига аминман. Юртингизни Испанияда тарғиб қилишга тайёрман. Бу ерга келишимдан мақсад ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш, Толедода Ўзбекистонга бағишланган фестиваль ташкил этишдир. Фестиваль доирасида Ўзбекистоннинг фольклор санъати, ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиши, ўзбек миллий либослари дефилеси, этник расмлар кўргазмаларини ташкил этиш орзуим. Ундан ташқари, ўзбек минораларидан бирининг макети музейимизни безаса, айни муддао бўлар эди. Туризмни ривожлантиришда музейларнинг ўрни беқиёс. Музейга ташриф буюрган инсонларга Ўзбекистонни ўз кўзлари билан кўрган шахс сифатида сўзлаб бераман, албатта. Музейимиз шанба ва якшанба кунлари фаолият олиб боради ва кириш мутлақо бепул. Шу кунгача ташриф буюрувчиларга доим муҳаббат, қизиқиш ва меҳр билан мазкур давлатлар этнографияси ҳақида сўзлаб берганман. Масалан, Испанияда Сибирь ҳақида жуда кам билишарди, қорли ўлка деб, эътибор ҳам беришмасди. Музейга келганларидан сўнг кўп инсонлар “сибирлик” бўлиб қолишди. Кўплаб сайёҳлар Байкалга йўл олишди. Зеро, этнографик музейга ташриф буюрган ҳар қандай киши у ерда акс этган мамлакатларни ўзи учун кашф қилади.  

– Суҳбат учун ташаккур! Кармен Арнау Муро жамғармаси тез орада Ўзбекистон билан ҳамкорлик ўрнатишига ишонамиз! Яна бир бор Ўзбекистонга хуш келибсиз!

Маҳфуза Ортиқова суҳбатлашди