Навоий вилояти Кармана туман ҳокимлигида «Ёшлар ойлиги» муносабати билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов иштирокида туман ёшлари билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Учрашувда дастлаб вазир Р. Маматов ёшларнинг бўш вақтларини қандай ўтказаётгани билан қизиқиб, улар учун юртимизда барча имконият ва шароитлар яратилаётгани ва бу имкониятлардан ёшлар унумли ва тўлақонли фойдаланиши лозимлиги тўғрисида тўхталиб, ўз маслаҳатларини берди.

Очиқ мулоқотда ёшларнинг муаммо ва таклифлари тингланди. Ёшлар асосан, иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун имтиёзли банк кредит маблағлари ажратиш, яшаш манзилида доимий рўйхатга олиш, уй-жойга муҳтожлик ва бошқа шу каби ўз ечимини кутаётган муаммолар тўғрисидаги саволлари билан мурожаат қилди.
Ёшлар томонидан кўтарилган масалаларнинг аксарияти жойида ҳал этилиб, ўрганиш учун вақт ва маблағ талаб қиладиган мурожаатлар юзасидан тегишли соҳа мутасаддиларига масалалар ечими бўйича топшириқлар берилди ва мурожаатчининг яшаш ҳудудидан келиб чиққан ҳолда, муаммолар ечимининг назорати тегишли сектор раҳбарлари зиммасига юклатилди.

Тадбир сўнгида Раҳмат Маматов бошчилигида ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан субсидия асосида «Ёшлар дафтари»га киритилган 30 нафар ёшга 231 миллион сўмлик моддий техник воситалар, жумладан, ёшларнинг 10 нафарига компьютер жамланмаси, 10 нафарига тикув машинаси ва 10 нафар ёшга мотокультиватор топширилди.
Абдували Бўриев, ЎзА