French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Карманада қарийб 1,2 триллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилган
20:37 / 2022-03-12

Ўзбекистон Журналистлари ижодий Уюшмаси Навоий вилояти бўлими ва Кармана тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ОАВ вакиллари ва блогерларни туманда амалга оширилаётган йирик иқтисодий лойиҳалар билан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.

Дастлаб иштирокчилар “Шаҳриёр агро экспорт” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. Аҳолини сифатли ва арзон гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган чорвачилик комплексида наслли қорамоллар парваришлаш йўлга қўйилган. 2021 йилда умумий қиймати 29 миллиард сўм, шундан 9 миллиард сўм маблағ лойиҳа ташаббускори ва 20 миллиард сўм тижорат банкининг хорижий кредит линияси маблағи сарфланиши ҳисобига барпо этилган замонавий наслчилик комплексида Украина ҳамда Қозоғистон давлатларидан 1200 бош наслли қорамол келтирилиб, парваришланди.

– Бугунги кунда комплексимизда 100 нафар ишчи бўлиб, уларнинг 60 нафарини мавсумий, 40 нафарини доимий ишчилар ташкил этади, – дейди МЧЖ директори Хусен Зарипов. – Ўтган йили 900 бош қорамол сўйилиб, гўшти маҳаллий бозорларда сотилди. Жорий йилда хориждан яна 1000 бош наслли қорамол олиб келишни режалаштирганмиз. Келгусида чорвачилик комплексимизни янада кенгайтириш, наслли чорва молларини ўзимизда етиштириш, сут ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирганмиз. Айни пайтда чорвачилик комплексида 300 бош наслли қорамол боқилмоқда.

Туманда ишсиз хотин-қизларнинг доимий бандлигини таъминлаш мақсадида текстиль саноати тобора ривожланиб бормоқда. Ўтган 2021 йилнинг ўзида мазкур соҳада “Жалойир текстил”, “Дўрман текстил”, “Бахт текстил” каби тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган замонавий корхоналар ўз фаолиятини бошлаган эди. Натижада 1500 нафар ишсиз хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди.

Ана шундай истиқболли корхоналардан яна бири “Агро бахт” масъулияти чекланган жамияти ҳам яқинда иш бошлаган йирик субъектлардан бири саналади. Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари ва блогерлар мазкур корхона фаолияти билан танишди.

[gallery-6119]

2021 йилда барпо этилган корхонада тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, янги технологиялар олиб келиш учун жами 13,5 миллиард сўм, шундан 7,75 миллиард сўм лойиҳа ташаббускорининг ўз маблағлари ва 5,75 миллиард сўм тижорат банки кредити маблағи сарфланган. Айни пайтда бу ерда Ҳазора ҳудудидаги 5 та маҳаллада истиқомат қилаётган 150 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган.

– Жорий йилда янги технологиялар келтирилиши билан яна 450 та янги иш ўрни яратилиб, умумий иш ўрнимиз 600 тага етказилади, – дейди корхона иш юритувчиси Муҳайё Абдукаримова. – Келгусида янги иш ўринлари яратилиши эвазига иш икки навбатда ташкил этилиб, ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш режалаштирилган. Ҳозирда корхонада ишлаб чиқарилаётган бежирим, сифатли тайёр кийим-кечаклар Россия, Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилинмоқда. Корхонамизда ишчиларнинг самарали ишлаши, овқатланиш, ҳордиқ чиқариши учун барча шароитлар яратилган.

– Шу ҳудуддаги “Деҳгарон” маҳалласида яшайман, – дейди тикувчилардан бири Гавҳар Ибрагимова. – Маҳалламиздаги “Аёллар дафтари”га ишсиз аёл сифатида рўйхатга олинган эдим. Ўтган йили ушбу корхона иш бошлагач, мен ҳам ишга жойлашдим. Дастлаб тикувчилик курсида икки ой бепул таҳсил олдим. Ҳозирда мустақил равишда ўзим турли фасондаги трикотаж маҳсулотларини тикаяпман.

Иштирокчилар “Ғани бобо боғи” масъулияти чекланган жамиятига қарашли замонавий иссиқхона фаолияти билан ҳам танишди.

МЧЖ таъсисчиси Шоҳруҳ Ғаниевнинг айтишича, 6 гектар майдонда ташкил этилган ушбу иссиқхона умумий қиймати 31 миллиард 625 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилган. Туркия технологияси асосида жиҳозланган мазкур замонавий иссиқхонада 50 га яқин иш ўрни яратилган. Маҳаллий тадбиркор ва туркиялик ҳамкорлар билан биргаликда барпо этилган иссиқхонада етиштирилаётган маҳсулотлар сифати Европа талабларига тўлиқ жавоб беради.

– 18 йиллик иш тажрибасига эгаман, – дейди туркиялик агроном Вулкан Айдин. – 3 йилдан буён Ўзбекистонда фаолият олиб бормоқдаман. Бу юртнинг суви ва қуёши ҳар қандай маҳсулотга маъзали таъм беради. Шунинг учун барча мевалари ширин. Иссиқхонамизда гидропоника усулида етиштирилаётган помидорларнинг 90 фоизи Россия давлатига экспорт қилинаяпти.

Пресс-тур якунида туман ҳокими Фахриддин Умаров иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Таъкидланганидек, Кармана тумани географик жиҳатдан қулай ҳудудда жойлашган. Туман ҳудудидан халқаро автомагистрал ва темир йўл ўтганлиги, ҳудудда “Навоий” халқаро аэропорти жойлашганлиги туманнинг иқтисодий, хусусан, экспорт салоҳияти юқорилигидан дарак беради. Айниқса, кейинги йилларда туман захирасидаги фойдаланмаётган ерларнинг тадбиркорларга берилиши натижасида ўнлаб гектар майдонлар ўзлаштирилиб, мева-сабзавот маҳсулотларини хорижга экспорт қилиш ҳажми бир неча баробар ошди.

2021 йилда 191 миллиард сўмлик 43 та хизмат кўрсатиш, 732 миллиард сўмлик 32 та саноат йўналишида ва 252 миллиард сўмлик 54 та қишлоқ хўжалиги йўналишида лойиҳалар амалга оширилиши натижасида қарийб 2000 та янги иш ўрни яратилди.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА