Сўнгги йилларда юртимизда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани инновацион ривожлантириш, илм-фан ва илмий фаолиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг натижадорлигини оширишга қаратилган аниқ мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳудудларни комплекс ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва инновацияларни кенг жорий этишга қаратилган ислоҳотлар Навоий вилояти Кармана туманида ҳам амалий натижа бермоқда. Бунда, албатта, Президентимизнинг 2021 йил 2 апрелдаги “Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони дастуриламал вазифасини бажармоқда.

Бугунги кунда туманда қурилиш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, саноат, тиббиёт, таълим, балиқчилик, паррандачилик, иссиқхона хўжаликлари ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларида инновацион ёндашувлар кенг жорий этилмоқда. 2021-2023 йиллар давомида умумий қиймати 19,2 миллиард сўмлик 12 та лойиҳа молиялаштирилди. Уларнинг 11 таси ишга туширилиб, 115 та янги иш ўрни яратилди. Яна бир лойиҳа яқин вақт ичида фойдаланишга топширилиши режалаштирилгани бу жараён изчил давом этаётганини кўрсатади.

– Лойиҳаларни жойига чиқиб ўрганиш, улар фаолиятини таҳлил қилиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда, – дейди Кармана тумани ҳокимининг инновацион ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари Ўткир Тиллаев. – Суст бораётган ташаббусларга тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилмоқда. Бундай тизимли мониторинг ислоҳотларнинг сифат ва самарадорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Сўнгги уч йил мобайнида тумандаги 11 та корхона томонидан 102,5 миллиард сўмдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди. 2025 йил якунига кўра, инновацион фаолият билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари сони 42 тага етди. Улар томонидан 310,3 миллиард сўмлик маҳсулот ва хизматлар яратилгани ҳудуд иқтисодиётида инновацияларнинг улуши ортиб бораётганини кўрсатади.

Халқаро ҳамкорлик доирасида ҳам салмоқли натижаларга эришилмоқда. Жаҳон банкининг MUNIS лойиҳаси доирасида 2024-2025 йилларда 5 та лойиҳага 695 минг АҚШ доллари миқдорида грант ажратилди. Ушбу лойиҳалар тўлиқ амалга оширилиб, 21 та янги иш ўрни яратилди. Бу каби халқаро молиявий кўмаклар ҳудудда инновацион муҳитни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

– Фарҳод маҳалласида “Қуёш энергияси орқали сувни молекуляр даражада тозалайдиган фильтрлар ишлаб чиқариш” лойиҳасини амалга оширмоқдамиз, – дейди “Innovation water filters” МЧЖ раҳбари Соҳиб Жумаев. – Асосий мақсадимиз тескари осмос технологияси асосида сув фильтрларини ишлаб чиқариш орқали аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш. Ҳозирда корхонада соатига 250 литрдан 100 минг литргача тоза сув ишлаб чиқариш қувватига эга фильтрлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Шунингдек, техник хизмат кўрсатиш ҳам ташкил этилган. Буюртмачи ташкилотлар ва иссиқхоналарга сув фильтрлари ўрнатиш билан бирга, уларга техник хизмат ҳам кўрсатилади. Келажакда республикамизнинг барча ҳудудларида сервис марказлари очиш, йирик ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ниятимиз бор.

Туманда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалардан яна бири Ўзбекистон маҳалласида йўлга қўйилган тиббиёт зулугини етиштириш ташаббусидир.

– Лойиҳанинг умумий қиймати 983,3 миллион сўмни ташкил этиб, шундан 899 миллион сўми грант маблағидир, – дейди “Мед экспресс Навои” МЧЖ раҳбари Д. Ҳамраева. – Лойиҳамиз 2023 йилда молиялаштирилиб, 2024 йил июль ойида ишга туширилди. Мазкур лойиҳа доирасида 13 та янги иш ўрни яратилди. 2024-2025 йиллар давомида 1,6 миллиард сўмлик маҳсулот сотилди.
Айни пайтда умумий қиймати 45,7 миллиард сўмлик 19 та истиқболли инновацион лойиҳа шакллантирилган бўлиб, уларни амалга ошириш бўйича босқичма-босқич ишлар олиб борилмоқда. Инновацион тадбиркорлик субъектлари сонининг мунтазам ошиб бораётгани ҳудудда яратилган қулай ишбилармонлик муҳитининг самарасидир.
А. Бўриев, ЎзА мухбири