Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2026 йилда Навоий вилоятини барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2300 йиллик тарихга эга бўлган кўҳна Кармана шаҳри миллийлик билан уйғунлашган замонавий қиёфага келтирилади, аҳоли ва сайёҳлар учун қулай шарт-шароит ҳамда илғор архитектура ечимларига асосланган инфратузилма яратилади.
Кармана кўчасини реновация асосида миллий услубдаги маданий, туризм ва хизмат кўрсатиш марказига айлантириш мақсадида:
Қосим шайх хонақоҳи ва Мирсаид Баҳром тарихий зиёратгоҳлари реставрация қилиниб икки зиёратгоҳ ўзаро боғланади ҳамда "Янги авлод" истироҳат боғи ва "Кармана деҳқон бозори" билан уйғунлаштириб "Қадимий Кармана" туристик маркази ташкил қилинади;
кўчанинг 2,4 км қисмини пиёдалар ва сайёҳлар учун қулай ва хавфсиз бўлиши таъминлаган ҳолда реконструкция қилинади;
б) Кармана шаҳри бош режасига мувофиқ тирбандликларнинг олдини олиш ва сайёҳлар учун ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида:
"М-37" халқаро автомобиль йўлидан "Каловат" МФЙ орқали Янги Навоий шаҳарчасига олиб борувчи 1,5 км автомобиль йўли қурилади;
А.Навоий кўчасини "М-37" автомобиль йўли орқали "А-379" автомобиль йўли билан боғловчи 0,5 км автомобиль йўли қурилади;
в) мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун турар ва нотурар объектларни кўчириш мақсадида мулкдорларга ушбу қарорга мувофиқ компенсация тўловлари қоплаб берилади.
Туристик марказ "Business city" замонавий ишбилармонлик марказлари рўйхатига киритилади.
"Янги Навоий шаҳарчаси" ишбилармонлик маркази дирекцияси" давлат муассасаси туристик марказнинг дирекцияси вазифасини бажаради.
Дирекция туристик марказ ҳудудида қуриладиган бино ва иншоотларни лойиҳалаш, қуриш ва таъмирлаш бўйича буюртмачи ҳисобланади ҳамда туристик марказ объектларини қуришда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ "Янги Навоий шаҳарчаси" ишбилармонлик марказини барпо этиш ишлари доирасида берилган барча ҳуқуқ, ваколат ва имтиёзлардан фойдаланади.
Дирекцияга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
"Янги Ўзбекистон" боғи ва туристик марказ ҳудудида мазкур қарорга мувофиқ ажратиладиган маблағлар ҳисобидан савдо, туризм ва хизмат кўрсатиш объектларини қуриш, шунингдек, қуриладиган ва қуриб битказилган туризм ва хизмат кўрсатиш объектларини электрон онлайн аукцион савдолари орқали сотиш;
савдо, туризм ва хизмат кўрсатиш объектларини электрон онлайн аукцион савдолари орқали сотишдан тушган маблағларни (аукцион харажатларини чегириб қолган ҳолда) "Янги Ўзбекистон" боғи ва туристик марказни барпо этиш ва сақлаш харажатларига йўналтириш.
ЎзА