Фарғона вилоятининг Шоҳимардон қишлоғи қишин-ёзин сайёҳлар билан гавжум. Чунки унинг арчазорларга бурканган ўрмонли тоғлари, азалий музликдан оқиб тушаётган ирмоқ ва дарёлари, нафас йўлларини даволовчи мойли моддага тўйинган соф ҳавоси бор.
Аммо Фарғонанинг Каркидон сув омбори атрофида катта ҳажмли қурилиш ишлари олиб борилаётгани, бу ерда ҳам одамлар Шоҳимардондаги каби дам олиши мумкинлигини биласизми? Қува тумани ҳудудидаги сув омборининг ҳар тарафида юздан зиёд турли хил хизмат кўрсатиш иншоотлари барпо этиляпти.

– Сув омбори атрофида 57 та замонавий уй-меҳмонхона қурилиши якунланди. Сув омбори атрофида иншоотлар учун ичимлик суви, сувоқова, электр таъминоти бўйича барча ишлар амалга оширилди, – дейди лойиҳа муҳандиси Асилбек Неъматов. – Хитойлик инвесторларимиз томонидан 5 юлдузли меҳмонхона ва ресторан қурилиши давом этяпти. Мажмуа бир йилда 45 минг хорижий ва 115 минг маҳаллий сайёҳга хизмат кўрсатиш қувватига эга.

Сув, арчазорлар, тоғ ҳавоси. Каркидонда ана шу уч нарса мужассам. Энди қўшимча инфратузилма яратиляпти. Сув омбори устидан ўтадиган 400 метрли осма йўлак, сайр қайиқлари, сув спорти бурчаклари бўлади. Уй- меҳмонхоналар эса энг қулай шароитга эга. Сув омбори атрофи қир-адирлардан иборат эди. Икки йилдан буён 200 гектарга арча ўрмонлари яратилмоқда. Бундан ташқари, турфа хил манзарали дарахтлар экиляпти. Сайёҳлар тоғ ҳавосидан нафас олиши учун бир неча километр узунликдаги яшил йўлаклар қуриляпти.

– 30 гектар майдонда агротуризм лойиҳасини амалга оширяпмиз. Бундан ташқари, лаванда боғи ташкил этилади. 48 гектар майдонда эса сокин ҳудуд лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишлари бошланди. Бу ҳудудда майдонлар томчилатиб ва ёмғирлатиб суғорилади. Уни ташкил этиш якунига етказилди. Биз Дубайга бориб гуллар боғи тажрибасини ўрганиб келдик ва 12 гектарда ана шундай боғни ташкил этяпмиз, – дейди Асилбек Неъматов.

Голф ўйини ҳам оммаллашса ажаб эмас. Сув омборига туташ кўм-кўк майдонда спортнинг шу тури ўйингоҳи бўлади. Атроф ҳудудларни эса квадроцикл – 4 ғилдиракли мотоциклларда сайр қилиш мумкин.

Хуллас, Фарғонанинг Каркидони келгусида водийнинг яна бир мукаммал ва севимли дам олиш мажмуаси бўлиб қолиши кутилмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/UB0qWWdB4Yc" title="Karkidonda dam oling" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат),
ЎзА