Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Карим Баҳриев ижодига оид янги китоблар тақдимоти
18:40 / 2025-11-21

Ёзувчилар уюшмасида таниқли шоир ва таржимон, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, устоз журналист ва олим Карим Баҳриевнинг уч жилдлик “Дунё шеърияти” антологияси, “Сўз эркинлиги ҳақида сўз”, “Тоқат”, ”Бетоқат” китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот тадбирида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон  Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ва бошқалар Карим Баҳриевнинг серқирра ижоди ҳақида  батафсил сўз юритди.

Карим Баҳриевнинг ўттиз йил давомида таржима қилган, тўплаган ва тайёрлаган улкан асари уч жилдлик, бир ярим минг бетлик, дунёнинг беш қитъасидаги 144 мамлакат шеъриятидан 494 шоирнинг шеърларини жамлаган “Дунё шеърияти” антологияси нашри ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинди. Китобда жаҳон шеърияти билан бирга фольклор намуналари, халқ қўшиқлари, баётлари ва ўнлаб шоири номаълум шеърлар ҳам бор.

Устоз ижодкор, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровнинг фикрича, ушбу китобда беш қитъа, 144 мамлакатнинг ҳар биридан ҳеч бўлмаса бир шоирнинг бир гўзал асари бор. Биз билган туркий, форсий халқлар адабиёти билан  бирга  Осиё, Африка, Кўрфаз ва Ўрта Шарқ, Оврўпо, Шимолий ва Жанубий Америка, Океания давлатлари шеърияти ушбу антологияга жамланган.    

– Карим Баҳриев публицист, олим, ҳуқуқшунос, журналист бўлиши билан бирга катта шоирдир, – деди филология фанлари доктори, адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев. – Ижодкор бу дунёни шеърият кўзи билан кўради ва бу китобхонда ҳаяжон уйғотади. Унинг шеъриятида ёнишга арзийдиган, мангуликка қоладиган, яшашга қиймат бўладиган, миллат руҳиятини акс эттирадиган туйғулар мужассам.

Карим Баҳриевнинг “Сўз эркинлиги ҳақида сўз” китобида инсоннинг фикрлаш ва сўзлаш, мулоқот ва муҳокама қилиш эркинлигининг моҳияти, тақдири, аҳамияти ва истиқболидан сўз юритилади. Ҳақли таъкидлангани каби ҳокимиятнинг журналистларга ва оммавий ахборот воситаларига муносабати бу ҳокимиятнинг ўз фуқароларига муносабатини кўрсатади. Чунки, сўз эркинлиги ана шу фуқароларнинг эркинлигидир.    

Карим Баҳриевнинг “Тоқат” китобидан жой олган шеърларнинг аксариятида халқнинг ўртанган, ёнган, куйган, изтиробга тўла ҳайқириқ нидоси доим эшитилиб туради.

Шунингдек, муҳаббат, меҳр-оқибат мавзусидаги фалсафий шеърлари ўқувчига, албатта, манзур бўлиши шубҳасиз. “Бетоқат” китоби Карим Баҳриевнинг серғалва ҳаётдаги теран кузатувлари асосида битган мақолалари тўпламининг давомидир. Унда иқтисодиёт, адабиёт ва журналистика, жамият, маданият мавзуларида турфа мақолаларни ўқиш мумкин. Муаллиф миллий мафкура ва умуминсоний қадриятлар, рақамли иқтисодиёт, коррупция каби кўплаб мавзуларда бонг уради. Сўз эркинлиги, оммавий ахборот воситалари, тил сиёсати масалаларига ҳам тўхталиб ўтади.          

Анжуманда устоз ижодкор Карим Баҳриевнинг ижод йўли, янги китоблари ҳақида батафсил сўз юритилди.                                        

Н.Усмонова, ЎзА