Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Карьера ва бизнес марафони”
21:12 / 2025-10-30

Талаба ва битирувчи ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни иш берувчилар билан бевосита учраштириш, касбий йўналишини аниқлаш ҳамда ўз бизнес ғояларини амалда татбиқ этиши учун шарт-шароит яратиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.

Фарғона давлат университетида ана шу мақсадга қаратилган “Карьера ва бизнес марафони” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Тадбирда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Фарғона вилояти бошқармаси, “Ўзмиллийбанк”нинг Фарғона вилоят бош бошқармаси, “Келажакка қадам” маркази ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Фарғона вилояти кенгаши вакиллари иштирок этди. Шунингдек, 82 нафар битирувчи талаба ярмарка иштирокчилари бўлди.

Меҳнат ярмаркасининг асосий мақсади битирувчиларга ўз мутахассислиги бўйича муносиб иш ўрни топишда кўмаклашиш, ёшларнинг меҳнат бозори ҳақидаги тасаввурини кенгайтириш ҳамда уларни иш берувчилар билан тўғридан-тўғри мулоқотга жалб этишдан иборатдир.

Тадбирда иштирок этган иш берувчи ташкилотлар ва молия муассасалари ёшларга мавжуд бўш иш ўринлари, амалиёт дастурлари ва стартап лойиҳалар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, “Келажакка қадам” маркази мутахассислари ёшларга карьерани режалаштириш, бизнес ғояларни ривожлантириш ва молиявий саводхонликни ошириш бўйича амалий тавсиялар берди.

Университет раҳбарияти ва Маркетинг ҳамда талабалар амалиёти бўлими мутасаддилари ёшлар учун бундай тадбирларнинг аҳамиятини таъкидлаб, уларни фаол бўлишга, касбий салоҳиятини оширишга чорлади.

Меҳнат ярмаркаси доирасида бир қатор битирувчи талабалар билан иш берувчи ташкилотлар ўртасида дастлабки келишувлар ҳам имзоланди.

Бу каби тадбирлар ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш ва замонавий касбларга йўналтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Нилуфар Бозорова, ЎзА