French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Карьера куни”да 218 нафар битирувчи ишга жойлашиш учун йўлланма олди
21:30 / 2024-05-15

Андижон давлат педагогика институтида “Карьера куни” тадбири бўлиб ўтди.

Институтнинг битирувчи талабалари, профессор-ўқитувчилари, Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари, бошқарма тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим ҳамда ихтисослаштирилган мактаблар раҳбарлари, иш таклиф этаётган корхона ва ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган “Карьера куни” доирасида қатор тадбирлар ўтказилди.

“Карьера куни” битирувчи талабаларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган “Меҳнат ярмаркаси” тадбири билан бошланди.  

Дастлаб иш берувчи ташкилотлар вакиллари институтда байрамона тарзда кутиб олинди. Улар институтда ўқитувчи ва талабалар учун яратилган шарт-шароитлар, дарс жараёнлари, илмий ва ўқув лабораториялар, инновацион-тадқиқот марказлари фаолияти билан таништирилди.

Шундан сўнг, иш берувчиларнинг битирувчи талабалар билан учрашуви, ўзаро мулоқоти бўлиб ўтди. Мулоқотда Андижон давлат педагогика институти ректори, профессор Бахтиёржон Расулов, Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Расулжон Каримов битирувчи талабаларни муборакбод этиб, келгуси ишларида омадлар тилади, шарфли касбда самарали фаолият юритишларига ишонч билдирди.  

– Жорий йилда институтнинг бакалавриат таълим йўналишларини 654 нафар талаба, магистратура йўналишини 11 нафар магистр тамомлайди, –- дейди Андижон давлат педагогика институти ректори Б. Расулов. – Уларнинг бандлигини таъминлаш энг муҳим вазифалардан бири. Бугунги тадбирда уларнинг маълум қисми ўз иш жойларига эга бўлади. Шу ўринда ишонч билан айта оламанки, битирувчиларимиз ёш, малакали мутахассис сифатида жамиятда, албатта, ўз ўринларини топа олади.  

Тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, мамлакат келажаги, турли соҳалар ривожи, жамиятимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси, лойиҳалар муваффақияти бевосита билимли, замонавий фикрлайдиган, юксак интеллектуал салоҳиятга эга, ўз соҳасининг усталари бўлган кадрларга боғлиқ эканлиги алоҳида таъкидланди.  

Андижон вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Расулжон Каримов, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул ходими Элдор Исаев вилоятнинг туман ва шаҳарларидаги вакант иш ўринлари ҳақида маълумотлар берди, битирувчиларни ишга таклиф этди.  

“Меҳнат ярмаркаси”, ахборот-таништирув тадбирида иш берувчи ташкилотлар томонидан 500 га яқин бўш иш ўрни таклиф этилди. Ўз навбатида иш берувчи муассаса ва ташкилотларга институтнинг битирувчи талабалари тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.  

[gallery-17425]

Тадбир давомида иш берувчилар ва талабалар ўртасида ўтказилган суҳбатлар асосида битирувчи талабаларнинг 218 нафарига ишга жойлашиш бўйича йўлланмалар берилди.  

– Иш берувчи ташкилот раҳбари билан узоқ суҳбат бўлди, – дейди Андижон давлат педагогика институти бошланғич таълим йўналиши битирувчиси Бегойим Муродова. – Суҳбатда мутахассис сифатида ўзимни намоён этишга ҳаракат қилдим. Якунда мен Андижон шаҳридаги 43- сонли мактабгача таълим ташкилотида ишлаш таклифини олдим, менга ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. Биз битирувчиларга мана шундай имконият яратиб берганлиги учун институтимиз раҳбариятидан миннатдормиз.  

“Карьера куни” доирасида “Таълим кўргазмаси” ташкил этилди. Факультетлар томонидан ташкил этилган кўргазмаларда профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшларнинг эришган ютуқлари, илмий тадқиқотлар натижалари, институт ўқитувчи ва талабаларининг ўқув қўлланмалари намойиш этилди. Шунингдек, тажрибали ўқитувчилар томонидан маҳорат дарслари ўтказилди.

Шундан сўнг олий таълим соҳасидаги қатор масалаларга бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Унда олий ўқув юрти ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инновацион ҳамкорлик доирасида муаммоли масалалар бўйича тадқиқотлар олиб бориш, ўқув режаларига амалиётчи мутахассислар таклифларини эътиборга олган ҳолда ўзгартиришлар киритиш, талабаларнинг малакавий амалиёти ва тажриба оширишини тизимли ташкил этиш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди. 

Жумладан, амалиётчи мутахассисларни дарс машғулотларига жалб қилиш, битирув-малакавий ишлари ва магистрлик диссертацияларини корхона ҳамда ташкилотлар таклифини ҳисобга олган ҳолда тайёрлаш жараёнлари муҳокама қилинди. 

Иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. 

Тадбир якунида институт мусиқа таълими йўналиши битирувчиларининг концерт дастури намойиш этилди. Ижро этилган мумтоз, замонавий куй, қўшиқ ва рақслар иштирокчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди. 

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари